Линклар

Қурғоқчилик даври таклифи: минг қўйимнинг ярми сизники....

  • Садриддин Ашур

Маҳаллий аҳолининг айтишича¸ бугун Қашқадарë ва Сурхондарë тоғ ва адирларида ҳам йилт этган яшилликни топиш амри-маҳол бўлиб қолган.

Маҳаллий аҳолининг айтишича¸ бугун Қашқадарë ва Сурхондарë тоғ ва адирларида ҳам йилт этган яшилликни топиш амри-маҳол бўлиб қолган.

Чорвадорларга кўра¸Ўзбекистон жанубий вилоятларида қурғоқчилик боис оч қолган қўйлар ошқозонига қум тиқилиб ўлмоқда.


Ўзбекистондаги қурғоқчилик жанубий вилоятлардаги чорвани оғир аҳволга солиб қўйди. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятининг мол бозорлари чорвага тўлиб кетди, сотувчи кўп, олувчи йўқ. Сабаб - чорвага ем-хашак топиш амри маҳол бўлиб қолган.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида истиқомат қилувчи 55 яшар чорвадор Эргаш Йўлдошев¸ ўз умри мобайнида бундай қурғоқчиликни кўрмаганини айтади:

- Сўраманг. Сиз сўраманг¸ мен айтмай. Қурғоқчиликдан дабдаласи чиқиб ëтибди ҳамма ëқнинг. Чорва роса қийналди. Менинг ҳам иккита сигирим бор эди. Қаерда боқишни ҳам билмайсан, ем-хашак Тошкентдан, водийдан келаяпти. Битта сомон пресс ҳозир 6500-7000га чиқиб кетди. Бир тележка буғдой сомон 370 минг. Ўтган бозор 280-300 минг эди. Ҳар чоршанба бозор бўлади-да. Ўша ердан кеча 370 мингдан иккита тележка олиб келишди. Йигитлар энди ҳаракат қилишаяпти Хоразмда арзон экан, Хоразмдан олиб келамиз деб, - дейди суҳбатдош.

"Аҳолининг тоғдаги яйловларга ҳайдаган чорваси ошқозонига қум тиқилиб ўла бошлади"¸ деб давом этади чироқчилик Эргаш Йўлдошев.

- Бизлар ҳам қўйларни тоққа бергандик. Чигиртка босиб кетиб, қўйлар касалланиб, ошқозони қумга тўлиб қолиб ўлиш бошланди. Чунки ем-хашак йўқлигидан қумни капалаб қўйиб молнинг ошқозони қумга тўлиб қолиб, ўшандан ўлиш бошланди.

Озодлик: Кўп бўлдими шунақа ҳолат?

- Ҳа, кўп бўлди. Жуда кўп. Мени ҳам бешта қўйим қум тиқилиб ўлди. Мол оч бўлгандан кейин тили билан паст ўтни чимдиб еяверганидан кейин қумни иложи йўқлигидан капалаб юборади-да. Ўшандан кейин қум тўлиб қолади-да. Қум оғирлик қилади-да, ошқозон таги қотгандан кейин ўлмай иложи йўқ. Уни ҳеч қандай қутқариб олишнинг иложи йўқ. Кўпчиликнинг моллари шунақа бўлиб ўлиб кетди бизда. Ҳамма молини тоғлардан қайтариб келишди. Минглаб чорва нобуд бўлди, - дейди Эргаш Йўлдошев.

Озодлик манбалари берган хабарга кўра, қўй-қўзилари кўп бўлган қашқадарёлик чорвадорлар Навоий, Жиззах ва Сурхондарё вилоятининг тоғли яйловларидаги чўпонларга яримга ярим шартнома асосида сурувларни топширмоқда. Бу хабарни Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида яшовчи Ўрол ака ҳам тасдиқлайди:

- Тўппа-тўғри. Бойсун томонда оғайнилар бор. Божалар яшайди. Бойсун томонларда 500-1000та қўйи борлари борда. Шуларга олиб бориб тенг шерикками, ярим шерикками бераяпти, боқиб берасан деб. Яримга яримда. Менинг бир қайним ҳам чўпон-да, шундай деди, - дейди Ўрол ака.

Сурхондарёлик пенсионер Ангор бобо ҳам бу йил чорва учун жуда оғир келганини айтар экан, Қашқадарёдан келтирилган моллар билан бозорлар тўлиб кетганини таъкидлайди:

- Ўзингизга маълум¸ мана Қашқадарëда ҳеч нарса йўқ. 280-350-380ларга оладиган қўйларни 160-180, нари борса 200 минг сўмдан олиб келиб ўзимизнинг бозорга олибсотар болалар сотаяпти. Қашқадарëда ўт йўқ. Бизда ҳам бир той сомон 6000га чиқиб кетди, - дейди Ангор бобо.

Бироқ бозорда мол кўп ва арзон бўлгани билан гўштнинг нархи тушгани йўқ, аксинча кўтарилиб бормоқда¸ дер экан Эргаш Йўлдошев бунинг сабабини бозорда сотилаётган аксарият қўй ва молларнинг гўштбоп эмаслиги билан изоҳлайди:

- Қўй гўшти 17 минг, мол гўшти 15 минг. Бозорга молларни олиб чиқиб сотаяптию, лекин сотган билан пулига жавоб бермайди, иложи йўқ-да. Ем-хашак бунақа қиммат бўлгандан кейин, ҳозир ëзда шунақа қийинчилик бўлса, қишда қанақа бўлади? Одамлар битта молининг пулига иккита молга яраша ем ололмагандан кейин иложи йўқ-да, - дейди Эргаш Йўлдошев.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги котибияти мудири Жуманазар Тангиров Озодлик билан суҳбатда қурғоқчилик вилоят чорвадорларини оғир аҳволга солиб қўйганини эътироф этади:

- Қурғоқчилик сезилаяпти-да. Мана қоракўл қўйларини тоққа чиқарганмиз. Жиззахларга, Бухороларга, Навоийга жўнатганмиз. Одамлар энди зиëдини сотаяпти, керагини олиб қолаяпти. Чунки бу йил хашак жуда қийин бўлаяпти-да.

Озодлик: Неча йилдан бери шунақа бўлаяпти?

- Шу йил шундай бўлди. Бу йил баҳорда ëмғир кам бўлдию. Қоракўл хўжаликларимиз бор-да 20-30-40 минггагача қўйлари бор. Улар Жиззах, Бухоро, Навоийга олиб кетган. Ўзимизда қолганини тоққа чиқариб кетган. Ғалла ўрилаяпти, жой бўшаяпти, ишқилиб имконият яратилаяпти-да.

Озодлик: Давлатникига энди ғамхўрлик қилаяпсизлар. Аҳолига ҳам бир ëрдам бўлаяптими?

- Одамларга... Қашқадарëда ер кўпку. Сувга экиб олаяпти. Ғалланинг сомонини олаяпти йиғиштириб,- деди Қашқадарё вилояти ҳокимлиги расмийси Жуманазар Тангиров.

Ҳозирча аҳолиси норасмий ҳисоб-китобга кўра¸ 7 миллионга яқинлашиб қолган Ўзбекистон пойтахтини гўшт билан таъминлаб келаëтган Сурхондарë ва Қашқадарëда чорвачиликнинг танг ҳолда қолгани ва чорва туëғининг кескин қисқариши яқин келажакда қандай оқибатларга олиб келиши устида ҳукуматнинг бош қотираëтгани ëхуд воҳа чорвачилигини қутқариб қолиш учун махсус дастур бор-йўқлиги номаълум.

Ҳозирча каттаю кичик чорвадор ўз туëғини ўзи билганича қутқариш¸ бошга тушган бу "кўргулик"ни таниш-билишларию¸ қариндош-уруғи ëрдамида ҳал қилиш билан овора.

Аммо чорвани жанубдан олиб кетиш жараëнининг яқин ойлар ичида Ўзбекистон¸ хусусан пойтахт бозорларига ўз таъсирини кўрсатиши ва жанубдан келаëтган нисбатан арзон гўшт оқими камайгач¸ Тошкентда килоси аллақачон 20 минг сўмдан ошган гўшт нархининг янада қимматлашини тахмин қилиш қийин эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG