Линклар

Ўшлик Ҳабибуллонинг оёғи операция қилинди


Kyrgyzsatan- Osh, Habibullo Nematov, photo by Gulasal Kamoliova, 07.09.2011

Kyrgyzsatan- Osh, Habibullo Nematov, photo by Gulasal Kamoliova, 07.09.2011

7 июл куни Ўш шаҳар касалхонасида Ўш қирғини пайтида 4-қаватдан улоқтирилган Ҳабибулло Неъматов операция қилинди.

Бир йилдан бери тўшакка михланиб қолган Ҳабибулло ўшликлар ёрдамида операцияга ётқизилди.

Ўш шаҳар касалхонаси шифокори Маҳмуд Ботировга кўра, унинг бемори Ҳабибулло операциядан яхши чиққан.

- Ҳабибуллони операция қилдик. Унинг йиринглаган оёғини ташқи фиксация қилдик. У яраланганидан кейин икки марта вилоят касалхонасида даволанган экан. Аммо фойда бермаган. Елизаров аппаратини ўрнатдик. Суяк мияси шамоллаган бўлган. Мана шу оғир кечган. Шу учун олдин ўрнатилган мосламани олиб ташладик. Хозирча таёққа таяниб юриб туради. Хозир аниқ бу аппаратда қанча юришини айтишим қийин. Умид қиламизки, ярим йилдан кейин бу аппарат ҳам олиб ташланиб, бемалол юра оладиган бўлади. Хозир аҳволи яхши. Кейинчалик иккинчи оёғини ҳам операция қилиб, ўрнатилган темирини олиб ташлаймиз, -деди Ўш шаҳар касалхонаси доктори Маҳмуд Ботиров.


Ҳабибулло бир йил олдин Ўш қирғини пайтида дўстининг уйида яшириниб ўтирган пайти, уйга бостириб кирган номаълум шахслар томонидан 4- қаватдан ташлаб юборилган эди.

- Саккиз- ўнтаси кириб тепкилашган, урган, кейин ирғитиб юборган. Оёғимга лом билан урган. Бош бармоғимдан ҳам йиринг чиқишни бошлади. Йиқилганимдан кейин қорнимга пичоқ тиқиб қўйган, - дея бир ой олдин Озодликка ўз дардини гапириб берган эди Ҳабибулло Неъматов.

Озодлик Ҳабибулло билан операциядан чиққанидан сўнг суҳбат қилди:

- Оллоҳга шукур, опа, раҳмат. Юргизишаяпти. “Оёғингни босиб, нагрузка бериб юр” деяпти дўхтир. Оллоҳга шукур, юрибман опа. "Икки оёғингни ҳам темирини олса, кейин юришинг қийин бўлади. Шунинг учун биттасини олиб турайлик", деди дўхтир, - дейди Ҳабибулло.

Ҳабибулло Неъматовнинг операциясига ўз исмини ошкор этишни истамаган ўшлик ўзбеклар 16 минг қирғиз соми билан ёрдам беришди.

- Бу боланинг оиласи жуда ночор аҳволда яшар экан. Даволатишга пули йўқ экан. Ёрдам қўлини чўзганлар ҳаммаси оддий Ўшда яшайдиган беш нафар ўзбек болалар. Ўзларининг ойлигидан, топган-тутганидан қўшишди. Шундай қилиб тўпланди. Одамлар Ўшда жабр кўрганларнинг бунчалик кўплигини билмас эди. Шунинг учун энди имкони бор, таниш болаларга айтаяпмиз “келинглар, шу одамларга ёрдам берайлик” деб. Худо ҳоҳласа, қолган жабрланганларга ҳам ёрдам беришга ҳаракат қиламиз,- деди ўз исмини сир тутишни истаган ўшлик ёрдам қўлини чўзганлардан бири.

Айни пайтда Ўш ва Жалолободда ўтган йилги воқеалардан сўнг яраланган, тўшакка михланиб қолган фуқаролар анча. Айни пайтда Ўшлик ҳуқуқ фаоллари, маҳаллий фаоллар моддий ёрдам беришда давом эттирмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG