Линклар

logo-print

Очлик давом этмоқда - расмийлар ҳамон жим


Ўзбекистонлик тележурналистлар Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоноваларнинг очлик акцияси шу йилнинг 27 июн куни бошланган.

Ўзбекистонлик тележурналистлар Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоноваларнинг очлик акцияси шу йилнинг 27 июн куни бошланган.

Очлик эълон қилганларидан икки ҳафта ўтгач, тележурналистлар Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоноваларнинг аҳволи ёмонлашди.

14 кундан буён очликни давом эттираётган журналист Саодат Омонова саволларимизга базўр жавоб берди:

- Бировнинг ёрдамисиз юра олмаяпмиз. Ошқозон, жигар хуружи безовта қилди. Кейин мажбур тез тиббий ёрдамга мурожаат қилдик. Келиб текширди. Яна қон босимим тушмаяпти. Малоҳат опани ҳам кўрди. Биласиз, ички заҳарли бўқоқ билан оғрийдилар. Шу сабабли юраклари тез ураяпти, - дейди ҳолсиз овоз билан Саодат Омонова.

Очликни давом эттираётган журналистлар айни пайтда дўстлари, яқинлари, ҳуқуқ фаолларидан очликни тўхтатиш ҳақида қўнғироқлар ва хатлар олишаётганини гапиришди.

- "Тўхтатинглар, кейинги асорати ёмон бўлиши мумкин, соғлигингизга зарар етказишингиз мумкин”, дейишаяпти. Лекин биз давом эттираяпмиз. Кучимиз бор-ку ҳозирча. Мақсадимизга эришмагунимизча қўймаяпмиз. Ваҳоланки, кўпчилик “сизларга ҳеч қандай реакция бўлмайди” дейишаяпти. Ҳозирча давом эттираяпмиз, - дейди Саодат Омонова.

Ўзбекистоннинг марказий телерадиокомпаниясидаги маҳаллийчилик, цензура, коррупцияни тўхтатиш бўйича бир йилдан буён курашиб келаётган икки тележурналистнинг очлик тадбири мамлакат ичида ёритилмаётир.

Ўз касбий байрами куни президент девони олдида давлат раҳбари қабулига кира олмай, очлик эълон қилган Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова 27 июн куни 3 миллион сўмлик жаримага тортилганди. Шундан сўнг икки тележурналист очлик акцияси бошлашга қарор қилгандилар.

Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонованинг жаримага тортилиши ва очлик акциясига ҳукуматнинг эътиборсизлиги маҳаллий ва хорижий ҳуқуқ фаолларини ўйлантирмоқда.

10 июл куни Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов журналистларни ҳолидан хабар олгани уларнинг уйига борган.

- Малоҳатда жуда билинган, бўшашиб қолган. Саодат билан ҳам озгина гаплашдик, аммо гаплашишга ҳам ҳоли йўқ. Иккови ҳам оғир аҳволда. Саодатнинг қўл-оёғида оғриқ бошланган, - дейди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ фаоли журналистларнинг очлик акцияси бўйича Ўзбекистон расмийлари сукут сақлаётганидан таажжубга тушаётганини яширмайди.

- Бунга ҳукумат жавоб бериши керак. Лекин улар ҳеч нарсага жавоб бермаяпти-ку! Улар эътибор бериши керак. Шу аҳвол бошланди, бутун дунёга тарқалаяпти. Бундан уларнинг (расмийларининг - таҳр.) очликка муносабатини, башарасини кўриш мумкин. Нимага давлат томонидан ҳеч ким келмаяпти? Бу қандай давлат? Шунчалик президент қабулига кириш оғирми? Президентнинг ўзи қанақа? Ахир булар ҳам сайловчи бўлган-ку, шу президентни сайлаган. Хукумат ёки парламент одамлари уларнинг аҳволига қарамаяпти. Мен бундай ҳукуматдан нафратланаяпман.
Ҳар бир давлатда очлик эълон қилинганда, биринчи навбатда, оммавий ахборот воситалари, ҳуқуқ фаоллари, бир неча кундан кейин хукуматнинг раҳбарлари, ходимлари шу вазиятни ўрганишга келади, сабабини сўрайди. Лекин шу нарса Ўзбекистонда бўлмаяпти. 14 кун бўлаяпти очлик акциясининг бошланганига. Уларни кўрсангиз эди озиб кетишганлигини. Мен бориб жуда ҳайрон бўлдим. Одамга муносабат шундай ҳам бўладими? - дейди овози титраб тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

Айни пайтда икки журналистнинг очлигига Малоҳат Эшонқулованинг қизи Зарнигор ҳам қўшилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG