Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:03

Урганчда бузилаётган уй эгалари норози бўлаётир


Икки қаватли, ўн икки хонадонли бу уйдан ҳозирча фақат Ефросиня Глазковага тегишли хонадонгина бузилмай қолган, холос.
Икки қаватли, ўн икки хонадонли бу уйдан ҳозирча фақат Ефросиня Глазковага тегишли хонадонгина бузилмай қолган, холос.

Бузилаётган уйидан чиқишни истамаган 70 ёшли Ефросиня Глазкова кўчада қолиши мумкинлигини ўйлаб хасталанган.

Урганчлик Ефросиня Глазкова Ал-Хоразмий кўчасида эллик йилдан буён истиқомат қилиб келади. Бугун у яшаётган 12 хонали икки қаватли уйдан бузилмаган фақат унинг хонадони қолган.

Ўн икки хонадонлик уй бузилиши 70 дан ошган Ефросиня бувини тўшакка михлаб қўйди. Онасига қараш учун Украинадан келган қизи Олга Ефросиня Глазкованинг соғлиги ёмонлашганига бузилаётган уйи сабаб эканини айтади.

- Апрел ойининг бошларида биз яшаб турган уй бузилиши ҳақида хат олдик. Бизнинг уйимизда турган қўшниларимизнинг деярли барчаси ер участкалари олишди. Қурилиш материалларини олиб кетишди. Фақат бизнинг квартирамиз қолди, холос. Онамни Урганч ҳокимияти суд қарори билан уйидан чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Бу судлашувлардан кейин онам ётиб қолди. Ҳозир шифокорлар уйга келиб қараяпти. Чунки агар касалхонага ётса, уйини бузиб юбориши мумкин. Икки қаватли уйда фақат бузилмаган бизнинг хонадон қолди, - дейди Олга Акимова.

Суҳбатдошимиз уларнинг хонадони электр, газ, сув таъминотидан узиб ташланганига бир неча ой бўлганини айтади. Квартира топиб беришни ваъда қилган Урганч шаҳар ҳокими эса бу оила муаммосини ҳал қилишдан ўзини олиб қочиб юрибди.

Олганинг айтишича, 9 июл куни уларнинг хонадонига Урганч шаҳар ички ишлар бошқармаси раҳбари келиб, уйни тезда бўшатишни талаб қилган.

- 1 июлда фуқаролик судида маҳкама бўлган. Бизни уйимиздан кўчириш масаласи Урганч ҳокимияти фойдасига ҳал бўлган. Уч хонали уйимизга 32 миллион сўм беришаяпти. Бизга пули керак эмас, бизга уч хонали уй топиб берсин. Агар 32 миллион сўмни олиб, уйдан чиқмасак, мени депортация қилар экан. Онамни эса кўчага хайдаб чиқаришар экан, - дейди айни пайтда Украина фуқароси бўлган Олга Акимова.

Ефросиня буви истиқомат қиладиган икки қаватли уйда Аделя Худойберганованинг ҳам уч хонали уйи бўлган. Ҳисоб рақамига 35 миллион сўм ўтказилиб, уйи бузиб ташланган Аделя опа айни пайтда кўчада қолганини айтиб йиғлайди:

- Квартираларимизни бузишдан олдин ҳокимият ҳамма нарсани таклиф этган эди. "Ҳам уй топиб берамиз, ҳам уйинингизнинг бозор нархини берамиз" дея ваъда қилган эди. Рози бўлганимиздан кейин эса, уй сотиб олиш имкони бўлмаган пул ажратди. Мана, ҳозир кўчада юрибман, яшашга уйим йўқ, ҳоким ҳам, прокурор ҳам телефонни кўтармайди. Фрося бувини яхши танийман. Агар мен ҳам уйим бузилаётганида Урганчда бўлганимда эди, Фрося бувига ўхшаб уйимдан чиқмаган бўлар эдим. Ҳокимиятни ваъдаларига кўниб кўчада қолдим, - дейди Аделя Худойберганова.

Айни пайтда Ефросиня буви квартираси яна неча кун бузилмай туриши номаълум. Берилаётган товон пули унинг хонадони нархини қопламагани боис уйини бўшатмаётган 70 ёшли Евросиня бувини суд қарори кучга кирса, уйидан мажбуран ҳайдаб чиқаришлари мумкин.

Мавзуни ўрганиш чоғида Озодлик Урганч шаҳар ички ишлар бошқармаси, Урганч шаҳар ҳокимияти билан боғланишга уринди. Бироқ расмийлардан мазкур ҳолат бўйича ҳозирча ахборот олиш имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG