Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:25

Вашингтон Исломободга берилажак ёрдамни қисқартириши мумкин


АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта Ал-Қоиданинг янги раҳбари Айман Ал-Завоҳирий Покистоннинг Афғонистонга чегарадош қабилалар яшайдиган минтақасида яширинганига ишонади.
АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта Ал-Қоиданинг янги раҳбари Айман Ал-Завоҳирий Покистоннинг Афғонистонга чегарадош қабилалар яшайдиган минтақасида яширинганига ишонади.

Обама маъмурияти Покистон ҳарбийларига кўрсатилаётган ёрдамнинг бир қисмини тўхтатиши мумкин.

АҚШнинг уч нафар юқори лавозимли расмийсига асосланиб Ню Йорк Таймс газетасининг ёзишича, Қўшма Штатлар Покистонга берилажак 800 миллион долларлик ёрдам ва техникани тўхтатиб қолади ёки бекор қилади. Бу Покистонга ваъда қилинган икки миллиард долларлик ёрдамнинг бир қисмидир.

Расмийлар айтганига асосланиб газетанинг хабар қилишича, агар муносабатлар яхшиланса ва Покистон жанггариларга қарши курашда кўпроқ чоралар кўрса, ёрдам кўрсатилиши давом этиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ махсус кучлари 2 май куни Покистон ҳарбий академияси яқинида жойлашган Абботободдаги Ал-Қоида лидери Усама бин Ладин яшаётган уйда рейд ўтказган.

Бу "Покистон расмийлари Бин Ладиннинг яширинишига ёрдам берганми?" деган саволни ўртага чиқарди.

Сўнгги ҳафталар давомида Покистон ўз ҳарбийларини тайёргарликдан ўтказаётган 100 дан ортиқ америкалик инструкторни ватанига қайтариб юборди.

Шунингдек, Исломобод АҚШ Марказий разведка бошқармаси пилотсиз самолётлар ёрдамида жанггариларга ҳаводан зарбалар беришда фойдаланаётган базани ҳам ёпиш билан таҳдид қилган.

Айни пайтда, 9 июл куни Афғонистонга кутилмаган ташриф билан борган АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта Ал-Қоиданинг янги раҳбари Айман Ал-Завоҳирий Покистоннинг Афғонистонга чегарадош қабилалар яшайдиган минтақасида яширинганига ишонишини айтди.

Панетта, агар Ал-Қоида ва унга алоқадор гуруҳларнинг йигирмага яқин лидери қўлга олинса ёки йўқ қилинса, Ал-Қоиданинг “стратегик мағлубияти” яқин эканини таъкидлади.

АҚШ Мудофаа вазири сифатида илк бор Афғонистонга борган Панетта Кобулга борган заҳоти журналистларга Ал-Қоиданинг бошқа раҳбарларини нишонга олиш кучайтирилиши кераклигини урғулади.

1 июл куни Роберт Гейтс ўрнини эгаллаган Панеттанинг Кобулга сафари чоғида Афғонистон президенти Ҳамид Карзай билан учрашишни режалаган. Музокара чоғида НАТО назоратидаги ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш вазифаси июл ойида Афғонистон кучлари зиммасига топширилиши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиниши кутилмоқда.

АҚШдан жўнаб кетишидан олдин мухбирлар билан учрашган Леон Панетта хавфсизликни таъминлаш вазифаси Афғонистон кучларига топширилишидан олдин кўп ишлар амалга оширилиши кераклигини айтди.

- Менимча, бизнинг асосий вазифа фақат толиблар ва уларнинг раҳбарларини таъқиб қилишдан иборат бўлиб қолмай, балки масъулиятни қабул қилиб оладиган кучли Афғонистон армиясини яратишдан иборат. Мен бу йўлда барча соҳада катта муваффақиятни қўлга киритганимизни кўрдим. Хавфсизликни таъминлаш вазифасини топширишдан олдин биз яна кўп ишни амалга оширишимиз керак. Бу жуда муҳим, - деди Леон Панетта.

АҚШ Мудофаа вазири 10 июл куни Афғонистон жанубида жанггариларга қарши амалиётлар олиб бораётган АҚШ ҳарбийлари билан учрашди ва мамлакатнинг энг хавфли Ҳелманд вилоятидаги дала госпиталини бориб кўрди.

АҚШ президенти Барак Обама 2011 йилда 10 минг, 2012 йил сентябр ойигача 23 минг Америка ҳарбийси Афғонистондан олиб чиқилишини эълон қилган.

Обама маъмурияти режасига кўра, 2014 йилда АҚШ Афғонистондан ўзининг барча ҳарбийларини олиб чиқиб кетади.
XS
SM
MD
LG