Линклар

Ашхобод Ободонда талафотлар бўлганини тан олди


Ободондаги портлашлардан зарар кўрган турар-жой биноларидан бири.

Ободондаги портлашлардан зарар кўрган турар-жой биноларидан бири.

Якшанба кунги ҳукумат мажлисида расмий Ашхобод Ободондаги портлашларда 15 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Мустақил манбаларга кўра, портлаш оқибатида 200 га яқин одам ҳалок бўлган.


Якшанба куни Туркманистоннинг Ободон шаҳрида рўй берган портлашлар билан боғлиқ вазиятни ўрганган комиссяи ҳисоботини ўрганиш учун ҳукуматнинг навбатдан ташқари мажлиси ўтказилди. Йиғинга Туркманистон Президенти Қурбонғули Бердимуҳаммедов бошчилик қилди.

Ўтган пайшанба куни Ашхободдан 20 километр ғарбда жойлашган Ободондаги ҳарбий омборда портлашлар рўй берган эди.

10 июл кунги мажлисда Ашхобод расмийлари портлашлар оқибатида одамлар орасида қурбонлар бўлганини биринчи марта тан олди.



Навбатдан ташқари мажлис тафсилотлари ҳақида Туркманистон давлат хабарлари агентлиги маълум қилди.

Ҳукумат комиссияси ҳисоботига кўра, воқеада икки ҳарбий ва 13 фуқаро ҳалок бўлган.

Ҳукумат комиссияси ҳисоботини, унга бошчилик қилган давлат хавфсизлик кенгаши котиби Яйлим Бердиев ўқиб эшиттиргани айтилмоқда.



Унга кўра, портлашлар даставвал ҳарбий омборнинг пиротехника сақланган қисмида бошланган ва кейинчалик қурол-аслаха сақланадиган хоналарига ўтган.

Шу пайтгача, Туркманистон ҳукумати Ободондаги портлашларда одамлар ҳалок бўлганини инкор қилиб, ҳарбий омдорда фақатгина фейерверкларда ишлатиладиган пиротехника портлаганини таъкидлаб келаётган эди.

Якшанба куни Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги, яна бир бор, ҳорижий матбуотда берилаётган Ободонда кўплаб одамлар ҳалок бўлгани ва биноларга жиддий шикаст етганига оид хабарлар ҳақиқатни экс эттирмайди, дея баён қилди.

Мустақил манбалар, хусусан, муҳожиратда яшаётган Туркманистон мухолифати вакиллари Ободондаги портлашларда 200 га яқин одам ҳалок бўлгани ва шаҳарга катта зиён етказилганини айтмоқда.

Туркманистон давлат хабарлари агентлиги президент Қурбонғули Бердимуҳаммедовнинг “эски Ободоннинг ўрнида мутлақо янгин шаҳар қурилади”, деган сўзларидан иқтибос келтиргани ҳам бежиз эмас, демоқда мустақил кузатувчилар.

Туркманистондаги энг йирик ҳарбий омборда рўй берган портлашлар минглаб одамларнинг кўчирилишига сабаб бўлгани ҳақида аввал хабар қилган эдик.

Гувоҳларга кўра, портлаш шунчалик катта бўлган эдики, ундан хосил бўлган қора тутун Ашхободдан кўриниб турган.

Президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов ҳукумат йиғинида портлашларда ҳалок бўлганлар яқинларига таъзия билдириб, зарар кўрганларга барча ёрдам кўрсатилишини ваъда қилди.

Бердимуҳаммедов мажлисда Туркманистон Мудофаа вазири Бегинч Гунтуғдиевга ҳайфсан бериб, уни генерал унвонидан полковник даражасига туширди.

Ободон шаҳри 50 аҳолига эга бўлиб, Аҳал вилоятининг энг ривожланган шаҳарларидан ҳисобланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG