Линклар

Волгадаги ҳалокатда 100 дан ошиқ одам чўкиб кетди


Волга дарёсининг муздай суви ва кеманинг икки ярусли бўлгани унинг ички палубасида бўлган йўловчилар, айниқса, ёш болаларнинг ўзини ўзи қутқариш имконини йўққа чиқаргани тахмин қилинмоқда.

Волга дарёсининг муздай суви ва кеманинг икки ярусли бўлгани унинг ички палубасида бўлган йўловчилар, айниқса, ёш болаларнинг ўзини ўзи қутқариш имконини йўққа чиқаргани тахмин қилинмоқда.

Якшанба куни Волга дарёсида чўккан кеманинг 100дан ортиқ йўловчиси ўлган, деб тахмин қилинмоқда.


Якшанба куппа-кундузи Волга дарёсида ғарқ бўлган "Булгария" кемаси ҳалокатида бедарак кетган йўловчиларнинг жасадлари топилмоқда.

Интерфакс агентлиги Фавқулодда қутқарув гуруҳи вакилларига таяниб¸ 24 соат ичида 40 одам жасади топилганини хабар қилмоқда.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Сергей Шойгуга кўра, кема бортида 180 эмас, балки камида 208 йўловчи бўлган.



Бедарак кетганларнинг қарийб 50 нафари ёш болалардир. Кеманинг ўзини эса жума кунига қадар юзага олиб чиқиш режалаштирилмоқда.

Волга дарёси бўйлаб қутқарув ишларини олиб бораётган гуруҳ вакилларидан бири қирғоқ бўйлаб олиб борилган қидирув ҳам натижа бермаганини айтди.

- Биз қирғоқ бўйлаб ҳам ҳеч нимани, ҳеч кимни топа олмадик. Бирор кишидан садо эшитмадик, деди қутқарувчилардан бири Озодликка.

Татаристон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги йўловчиларнинг тўлиқ рўйхатини эълон қилди ва рўйхатга кўра, уларнинг аксарияти қозонликлардир.

Қуқтарилган кишиларнинг мамлакат телевидениесида акс этган қиёфаларида эса бедарак кетган яқинлари тақдиридан қаттиқ қўрқув акс этган эди.

Омон қолганлардан бири Рейтер агентлиги билан суҳбатда чўкаётган кема ёнидан ўтган бир неча кема ёрдам чақириқларига тўхтамаганидан даҳшатга тушганини сўзлаб берди.

- Иккита кема бизни ёнимиздан тўхтамай ўтиб кетди. Биз уларга қайта ва қайта қўл силкидик. "Волганефт" деган юк кемаси катта тезликдан ёнимиздан ўтди ва тўхтамади. Ундан кейин баржа ўтди ва фақат ўша баржа тўхтади, дейди фожеадан омон қолган йигит.

Кеманинг икки ярусли бўлгани ва 20 метрлик чуқурликка чўккани қутқарув ишларини муракаблаштириб юборди.

Бундан ташқари, кема қирғоқдан қарийб 3 километр олисликда чўкиб кетган.

Кеманинг чўкиши сабаблари ҳануз номаълум қолмоқда.

Ҳозир тергов бормоқда ва сўнгги хабарларга кўра, ёмон об-ҳаво, техник камчилик ёхуд кеманинг ўта эски экани ҳалокатга сабаб бўлиши мумкин.

"Булгария" кемаси 1955 йилда Чехословакияда ишлаб чиқарилган ва кўпи билан 60 кишига мўлжалланган эди.

Интерфакс агентлигининг Россия Сайёҳлик бирлашмаси расмийларидан келтирган иқтибоси мазмунига кўра, Булғор шаҳридан Татаристоннинг Қозон шаҳрига йўл олган бу кема кўп йиллардан буён бирор марта техник назоратдан ўтмаган.

Волга дарёси ёз мавсумида кўплаб сайёҳлар сайр қиладиган энг йирик ва машҳур даёрлардан биридир.

Россия президенти Димитрий Медведев Москва вилоятида ҳукумат расмийлари учрашиб, "Болгария" кемаси ҳалокатидан чиқарилиши керак бўлган хулосалар ҳақида сўзлади.

Ҳалокат қурбонлари яқинларига ўз ҳамдардлигини билдирган президент 12 июлни мамлакатда миллий мотам куни, деб эълон қилди.

- Агар об-ҳаво ўта ёмон бўлган тақдирда ҳам агар ҳамма хавфсизлик ва техник чоралар кўрилган бўлганида, бу каби ҳалокат юз бермаслиги ҳаммамизга кундек равшан бўлиб турибди. Ҳозир йўловчи ташиётган ҳамма кемаларнинг техник ҳолати тўлиқ текширилиши зарур. Аниқки, бу кема шундай техник муаммоси бўлган ягона кема эмас, - деди Россия президенти.

Расмий маълумотларга кўра, бу кема Қозон шаҳридан йўлга чиққан кездаёқ ўнг ёнга оға бошлаган ва ҳалокатга шу сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Россия президенти сўнгги хулосани махсус ҳукумат комиссияси чиқариши ва ана шу хулосага кўра чора кўрилишини алоҳида таъкидлади.
XS
SM
MD
LG