Линклар

400 миллионлик долларлик капитали таҳлика остида қолган Британия ширкати сўнгги чора ўлароқ Каримовга хат йўллади.


Мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг йирик хорижий сармоядор экани айтилаëтган Британиянинг Oxus Gold plc ширкатининг давлатга қарашли икки тизим – Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ва Навоий кон-металлургия комбинати билан тортишуви янги босқичга кирди. 6 июл куни Британия ширкати ҳақларини ҳимоя қилаëтган Amsterdam&Peroff ширкати Ўзбекистондаги иккала ташкилот устидан арз қилиб¸ президент Ислом Каримовга очиқ мактуб билан мурожаат қилди.

Нусхаси Amsterdam&Peroff ширкатининг расмий веб саҳифасида эълон қилинган ушбу мактубда Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ва Навоий кон-металлургия комбинати Oxus Gold ширкати билан тузилган келишувларни қўпол равишда бузаëтганлик¸ Британия ширкатига нисбатан туҳмат қилганлик ва ўзаро тортишувни ҳал қилиш учун таклиф этилган яхши ният сўзлашувларини беписанд қолдираëтганликда айбланади.

“Бу мактубни ëзишдан мақсад Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ва Навоий кон-металлургия комбинатининг Oxus билан самарали музокараларга киришга чап бериш мақсадида 2011 йилнинг 8 апрел ва 28 июн куни йўллаган билдиришномаларида келтирилган фактик хатоларни тузатишдир”¸ деб бошланади президентдан ташқари Бош вазир Шавкат Мирзиëевга ҳам йўлланган Oxus ширкатига ҳуқуқий маслаҳатчилик қилаëтган Amsterdam&Peroff гуруҳи раҳбари Роберт Амстердам имзолаган мактуб индаллосида.

Озодлик билан суҳбатда жаноб Амстердам¸ президент Каримовга йўлланган мактуб ўз мижозининг Ўзбекистон ҳукумати ва давлат тизимлари билан тортишувидаги мажбурий қадам эканини айтади.

- Ҳамма нарса президент идорасидан туриб назорат этиладиган Ўзбекистонники каби шароитда¸ Каримов идорасининг халқаро сармоядор билан боғлиқ бу жанжалдан хабардор эканини бир-икки эмас¸ балки уч марталаб тасдиқлатиб олиш жуда зарурдир. Зотан бу хориж сармояси билан боғлиқ йирик халқаро жанжалларнинг навбатдагиси ва бу жанжалда Ўзбекистон обрў-эътибори қартага тикилган.

Менинг мижозим миллионлаб доллар сармоя ëтқизиб¸ юзлаб ўзбекистонликларни иш билан таъминлаб келган йирик ва жиддий сармоядор ва унга нисбатан Ўзбекистонда ҳар қандай қонунларга зид тарзда муомала қилинмоқда. Ўзбекистон давлат тизимларининг ўзига нисбатан қилаëтган ҳақсизлиги оқибатида Oxus оз эмас¸ кўп эмас 400 миллион АҚШ долларига куйиб ўтирибди. Бу мактубдан сўнг Ўзбекистон президенти идораси халқаро судда “бу жанжалдан хабаримиз йўқ”¸ дея олмайди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда халқаро арбитраж судида Oxus Gold ширкати ҳақларини ҳимоя қилаëтган Amsterdam&Peroff адвокатлик фирмаси раҳбари Роберт Амстердам.

Ўзбекистон ҳукумати билан “Amantaytau Goldfields” номли қўшма корхона тузиб, 10 йилдан бери мамлакатда фаолият юритиб келган Oxus Gold жорий йил бошидан бери муаммоларга дуч кела бошлади ва Amsterdam & Peroff раҳбарининг Ислом Каримовга йўллаган мактубида айтилишича¸ ўзбек расмийлари инглиз ҳамкорларини солиқдан бўйин товлаганликдан тортиб то атроф-муҳитга жиддий зиëн еткизганликка қадар турли жиноятларда айбламоқда. 2006 йилда ҳам айни айбловлар билан судга тортилган Британия ширкати ўз улушининг 16 фоизини ўшанда Ўзбекистон иқтисодининг барча даромадли соҳаларни назорат қилиб турган Зеромакс ширкатига хатлаб беришга мажбур бўлган эди. Аммо орадан беш йилча ўтар-ўтмас¸ Зеромакс давлат томонидан парчаланиб йўқ қилинди¸ унинг хорижий ҳамкорлари ҳам Ўзбекистон нишонига учради.

Шулардан бири Oxus Goldдан Тошкент “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонасидаги ўз ҳиссаларидан воз кечиш талаб қилинди. Бунга кўнмаган Британия ширкати Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ва Навоий кон-металлургия комбинатига тортишувга яхши ниятли музокаралар орқали барҳам беришни ва ўз ҳиссаларини бозор нархидан арзонроққа бўлса-да сотиб олишни таклиф қилмоқда. Аммо Ўзбекистон томони бу таклифларга кўнмасдан¸ “Amantaytau Goldfields” ни тўлиқ тугатиш ва унинг ҳиссаларини ўзлаштиришни кўзламоқда. Муроса топилмагач¸ Британия ширкатини жанжални Халқаро арбитраж судига олиб чиқишга мажбур бўлганини айтмоқда.

- Oxus Ўзбекистондаги бор-йўғи ноқонуний тарзда тортиб олинаëтган биринчи хориж ширкати эмас. Бу ширкат Ўзбекистон ҳукумати томонидан мамлакатга сармоя ëтқизишга таклиф қилинган ва катта ваъдалар билан олиб келиниб¸ йиллардан бери фаолият юрғизаëтган ширкатдир. Бундан бир неча йил аввал жиддий қийинчиликларга дуч келганига қарамай¸ ширкат таваккалчилик қилиб¸ Ўзбекистон ҳукумати ўз ваъдасига содиқ қолади¸ деган умид билан сармоясини олиб чиқмаслик ва ишини давом эттиришга қарор қилган эди¸ дейди Британия ширкати адвокати Роберт Амстердам.

Ўзбекистон президенти ҳам Oxus дуч келаëтган муаммолар ҳақидаги мактубни беписанд қолдирса¸ Amsterdam&Peroff адвокатлик ширкати Ўзбекистон учун қимматга тушадиган ҳаракатларга қўл уради¸ дейди Роберт Амстердам.

- Ўзбекистон давлати бу жанжалга бевосита алоқадор ва тошкентдагилар Oxus билан жанжал давлат эътиборига қанчалик зиëн еткизишидан огоҳ бўлганлари маъқул. Ўзбекистон президенти Ҳиндистонга¸ Бразилияга бориб¸ хориж сармоясини жалб қилишга роса ҳаракат қилди. Бизнинг ширкат дунëнинг деярли барча қитъаси¸ айниқса¸ Осиëда жуда фаол ва биз Oxus Ўзбекистонда дуч келаëтган муаммолар ҳақида бутун дунëга жар соламиз¸ Ўзбекистонга сармоя ëтқизмоқчи бўлган барча потенциал инвесторларни бу ердаги ноқонуний ҳатти-ҳаракатлардан огоҳлантирамиз. Агар Ўзбекистон ҳукуматидагилар Ғарб сармоядорларини талаб¸ қочирсак ҳам¸ ҳали Лотин Америкаси ëки Осиëдагилар пулини кўтариб олдимизга келади¸ деб ўйлаëтган бўлса¸ адашади. Бугун Корея ва Хитой инвесторлари ҳам Ўзбекистонга сармоя ëтқизишнинг нақадар таҳликали эканини яхши билади ва Oxus муаммосининг қай тарзда ечим топиши потенциал сармоядорларнинг узил-кесил қарор беришида жуда муҳим рол ўйнайди¸ дейди халқаро арбитраж судида Oxus Gold ширкати ҳақларини ҳимоя қилаëтган Amsterdam&Peroff адвокатлик фирмаси раҳбари Роберт Амстердам.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG