Линклар

logo-print

Нижний Новгород суди ЎИҲ аъзоликда айбланаëтган тўрт ўзбекистонликни депортация қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.


Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, Приволжск федерал округи Ички ишлар бошкармаси Экстремизмга қарши кураш маркази, Нижний Новгород вилояти Миграция бошқармаси ҳамда Федерал миграция хизмати ходимларининг ҳамкорликдаги амалиёти натижасида Нижний Новгород шаҳридаги қурилишлардан бирида Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадорликда гумонланаётган 5 нафар одам ҳибсга олинган.

- Ўзбекистон фуқаролари Нижний Новгород ҳудудида ҳибсга олинди. Улардан тўрт нафарининг Россия Федерацияси ҳудудида ҳужжатларсиз, яъни ноқонуний яшаб келгани аниқланди. Улар махфий тузилмаларимиз назарига бундан олдинроқ тушган экан. Улардан бири квартирасидан портловчи моддалар топилган. Ҳозир улардан тўрт нафари Россиядан депортация қилинди, яна бир киши тергов изоляторида сақланмоқда, дея маълум қилди Озодликка Приволжск федерал округи Ички ишлар бошкармаси матбуот маркази раҳбари Василий Кучерак.

Матбуот хизмати раҳбарига кўра, ёши 40 дан 30 гача бўлган қўлга олинганлар ëнидан тинтув давомида РГД-5 русумидаги граната, 30 дона патрон, артиллерия порохи, металл цилиндр, электродетонатор, қўл телефони ва Нижний Новгород вилояти Миграция хизматига тегишли хужжатлар ва аризалар мусодара қилинган.

Ўзбекистон фуқароларидан бирига Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 222 моддаси 1- қисми (қурол-яроқ, портловчи моддаларни сотиб олиш, сотиш, сақлаш ва ўзи билан олиб юриш) юзасидан айблов эълон қилинган ва унга нисбатан қамоқда ушлаб туриш чораси қўлланилган. Василий Кучерак топилган нарсаларнинг кимга қарши ишлатилиши режаланганини аниқлаш борасида тергов олиб борилаётганини маълум қилди.

“Нижний Новгородда ўзбекистонлик террорчилар гуруҳи фош этилгани ҳақидаги хабар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди”, дейди бу ишни кузатиб бораётган Москвадаги Мемориал инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроев.

- Бу умуман ёлғон. Масалан, Авезов қурилишда ишлаб турганида ҳибсга олинган. Қолганларни эса уйига бостириб киришган. Уларнинг аёллари, сингиллари, опалари уйни йиғиштириб, тозалаб чиқиб кетишган-да. Улар уйнинг эшикларини синдириб кириб¸ ўқ дори ташлашган.

Тахминларимизга кўра, андижонлик йигитлар аллақачон Ўзбекистонга жўнатилган бўлиши керак, чунки улар ҳақида бирор маълумотга эга бўла олмаяпмиз, дейди Баҳром Ҳамроев.

Айни пайтда, Нижний Новгороддаги террорчиликда айбланиб ушланганлар билан боғлиқ вазиятни назорат остига олган яна бир ташкилот - “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина¸ пайшанба куни муҳожирлардан уч нафарига нисбатан суд қарори чиқарилганини айтади.

- Пайшанба куни улардан уч нафарига қаердан пайдо бўлганлиги номаълум кассация арзлари судда кўриб чиқилди. Уларни ҳимоя қилувчи адвокат қаердан пайдо бўлиб қолганини ҳам билмаймиз. У ҳибсга олинганларни тезроқ жўнатмоқчи, деган фикр туғиляпти. Демак, Ҳошимов, Матазимов, Авезовни депортация қилиш ҳақида қарор кучга кирди. Ҳайдаровга нисбатан эса ҳозирча тушунарсиз вазият юзага келган. Афтидан¸ уни ўғирлаб кетишган. Қолаверса, ҳибсга олинганларнинг аниқ қаерда эканлиги ҳам номаълумлигича қолмоқда. Эрмаковга нисбатан айбловлар эълон қилинди. Лекин депортация ҳақида қарор чиқарилгани бу ҳали депортация қилинди¸ дегани эмас. Курашни давом эттираяпмиз, дейди Елена Рябинина.

Ҳуқуқ ҳимоячиси ҳибсга олинган мардикорларнинг барчаси Ўзбекистонда қидирувга берилгани ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини ва Ўзбекистондан фақат Икром Ҳайдаровгагина депортация сўрови келганини қўшимча қилади

Приволжск федерал округи Ички ишлар бошкармаси матбуот хизмати расмийси Василий Кучерак¸ қолган ўзбекистонликларнинг Россия Федерал миграция хизмати амалиёти давомида ҳибсга олинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Депортация қилинаётган Бахтиёр Авезовнинг рафиқаси Ирина эри Нижний Новгороддан негадир бошқа шаҳарга – Арзамас тергов изоляторига олиб кетилгани ва ҳозирда улар суднинг депортация ҳақидаги қарорига аппеляция тайёрлаётганини маълум қилди.

- Суд унга 2000 рубл жарима тўлаш ва Россия Федерациясидан уч кун ичида чиқариб юборилиш ҳақида қарор чиқарди. Мен судга фарзандимиз борлигиги тушунтиришга уриндим. Судя эримни Россия қонунларини ҳурмат қилмаганлиги учун чиқариб юбораётганини гапирди. Аслида эса мен уни уйимга қайдга олдирган эдим. Биз бугун адвокат билан арз хатини тайёрлаймиз. Лекин ҳужжатсиз хориж фуқаросини депортация қилиш қийинроқ эканлигини аниқладим.

Суд олдидан менинг ёнимга бир киши келиб “Ҳаракат қилиб ўтирманг, у барибир Андижонга жўнатилади, турмага”, деди. Адвокат бу одамнинг махсус хизматдан эканлигини айтди. Суддан кейин ўша киши яна ёнимга келиб “Интернетингиз борми уйда? Қидириб кўринг, у Андижон воқеаларининг ташкилотчиларидан, фаолларидан бири, шунинг учун қамалади”, деди. Эрим Россияга 2004 йилда келган. Бу воқеалар пайтида у Ўзбекистонда умуман бўлмаган, дейди Озодлик билан суҳбатлашган депортация қилинаётган Авезов Бахтиёрнинг рафиқаси Ирина.

Россия Молиявий мониторинг бўйича федерал хизмат 4 июл куни жамоатчиликка илк бор ошкор қилган террорчи гуруҳ ва шахслар рўйхатига Ўзбекистон исломий ҳаракати ҳам киритилган. Россиялик ҳуқуқ фаоллари¸ мазкур рўйхат асносида таъқибга учрайдиган ўзбекистонликлар сонининг яқин кунларда ошишини тахмин қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG