Линклар

logo-print

Ўғли Дмитрий Корепановнинг Озодликка айтишича, отаси ҳеч бир ҳужжатсиз қўйиб юборилган.

Ўзбекистонда давлатга хиёнатда айбланиб, 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган Россия фуқароси Юрий Корепанов ҳибсдан озод қилинди.

Бу ҳақда унинг ўғли Дмитрий Кореповнинг айтишича, отаси шахсини тасдиқловчи ва унинг озод қилиниши тўғрисидаги ҳеч бир ҳужжатсиз қўйиб юборилган.

- Қамоқдан озод қилингани ҳақида суд қарор ҳам йўқ. Паспорти ҳам йўқ. Юқоридан тушган топшириқ билан озод қилинган. Ҳозир Россия тарафи унга ҳужжатлар қилиб бермоқда. Корепанов ҳозир Тошкентда. Корепановнинг озод бўлиши адолат тантанаси эмас¸ балки Кремлнинг Тошкентга қилган босимлари натижасидир¸ дейди Корепанов озод бўлишини талаб қилиб келган Тошкендаги рус журналисти Владимир Березовский

- Россия федерацияси президенти Дмитрий Медведев Тошкентга сўнгги ташрифи чоғида Корепанов масаласини кўтарган эди. Бу босимлар туфайли Корепанов озод бўлди. Медведев ва Каримов мулоқоти Корепанов тақдирини ҳал қилди. Аммо буни адолат деб бўлмайди. Разборка десак бўлади¸ деб қўшиб қўяди рус журналисти.

Ўзига қўйилган айбловлар олиб ташланмагани боис Дмитрий Корепанов отаси Россияга қайтиб бормагунига қадар унинг тўлиқ озод этилгани ҳақида гапириш имконсиз эканини айтмоқда.

2010 йилнинг октябр ойида ҳибсга олинган Юрий Корепановнинг соғлиги яхши экани айтилмоқда.

Бунга қадар 64 ёшли ҳарбийнинг соғлиги панжара ортида ўта оғирлашгани хабар қилинган эди.

Дмитрий Корепановга кўра, отасининг соғлиги ҳақидаги якуний хулосани ҳам у Россияга қайтгани ва мустақил тиббий текширувдан ўтганидан сўнггина айтиш мумкин.

Шунга қарамай яқинлари Юрий Корепанов соғлиги боис амнистия қўлланиб озод этилган бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқдалар.

Юрий Корепанов 2002 йилгача Ўзбекистонда яшаган ва аввалига Ўзбекистон ҳарбий қўшинлари таркибида, кейин эса Тошкентдаги Олий ўқув юртларидан бирининг ҳарбий кафедрасида дарс берган.

2002 йилда Татаристонга кўчиб борган Корепанов¸ у ерда Россия фуқаролигини олган.

2010 йил октябр ойида Ўзбекистонга сафар қилаётган кезда Корепанов Ўзбекистон чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтганлик ва давлатга хиёнатда айбланиб, қўлга олинган эди.

2011 йилнинг 11 январида эса Ўзбекистон ҳарбий трибунали Россия фуқаролигини олган, Ўзбекистон собиқ фуқароси ва истеъфодаги полковник Юрий Корепановни ватанга хиёнат қилганликда айблаб, 16 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган эди.

Суднинг бундай ҳукми Россияда кескин норозилик билан қарши олинган ва шу йил 16 феврал куни Россия Ташқи ишлар вазири муовини Григорий Карасин Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Зиёдулла Пўлатхўжаев билан учрашган эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда қамоққа ҳукм қилинган собиқ полковникни озод этиш талаби билан Москвадаги пикет ҳам ўтказилган эди.

Россия бўйлаб Юрий Корепановни озод қилиш талаби билан уюштирилган петицияга минглаб одам имзо чеккан эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG