Линклар

logo-print

Икки журналист аëлнинг очлик акцияси кенг муҳокама қилинаëтган кунларда Озодлик ана шу савол билан янги рукн бошлади.


Ўзбекистондаги “Ёшлар” телеканалининг собиқ журналистлари Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова 27 июн куни Ёшлар телеканалидаги коррупция, маҳаллийчилик ва бошқа муаммолар ҳақида шикоят қилиш учун Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашишга имкон берилиши талаби билан очлик акциясини бошлаган.

Очлик акцияси давом этаëтган айни кунларда эътиборингизга ҳавола қилмоқчи бўлганимиз ҲАФТА САВОЛИ рукнининг илк сонида "Сиз нима учун очлик эълон қилган бўлардингиз?" деган савол билан сиёсий арбоблар, давлат идоралари расмийлари, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва бошқа кишиларга мурожаат қилдик.

Азамат Усмонов, Ўзтелерадио компанияси, халқаро алоқалар бўлими бошлиғи:

“Нимага энди ман очлик эълон қилишим керак экан?! Биринчидан унақа шароитга ҳеч қачон тушмаганман, иккинчидан, бунақа саволизга жавоб ҳам бермайман.”

Шавқиддин Ғаниев, Ўзбекистон миллий матбуот маркази раҳбари:

“Давлатимизда қонун-қоида бор. Ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи ва бошқа қонунлар бор-да, бизда. Аккредитациядан ўтинг ака, саволларингизга жавоб бераман.”

Сергей Ежков, мустақил журналист¸ Uzmetronom.com мустақил интернет газетаси бош муҳаррири:

“Мен умуман очлик эълон қилмаган бўлардим. Очлик эълон қилиш ахмоқликдир. Ўзи буни Ғарбда ўйлаб топишган. Бизнинг менталитетимизга бу мутлақо тўғри келмайди. Бу ҳаётда сенга бирор нарса ёқмаса ўз ҳаётингни бузишнинг нима кераги бор. Бошқа томондан¸ агар мен ўзимни реклама қилмоқчи бўлганимда, плакат кўтириб трусикда кўчага чиққан бўлардим.

Аъло Хўжаев¸ журналист:

“Бу унақа оддийгина чалғитувчи савол эмас. Бу савол ортида конкрет одамлар бор. Мени бунга аралаштириш керак эмас. Менинг вазиятим жуда оғир.”

Жаҳонгир Муҳаммад¸ журналист:

“Мен масалан эркин сайловларни талаб қилиб очлик эълон қилган бўлардим. Ўзбекистонда эркин сайловлар ўтказиш учун. Мени қийнайдиган учта-тўртта масала бор. Агар шундай вазият юзага келса, биринчиси, эркин сайловлар, иккинчиси, эркин матбуотни талаб қилиб ўтказган бўлардим. Лекин Каримов шароитида бу нарса ҳеч қандай фойда бермаслигини биламан.

Муҳаммад Солиҳ¸Эрк демократик партияси етакчиси:

“Бизнинг Ўзбекистонда аҳолининг юзда саксон фоизи деярли оч яшаяпти. Албатта¸ ўша халқ билан бирдамлик рамзи сифатида мен очлик қилган бўлардим. Аммо бизнинг очлигимиздан афсуски, ўзбек халқининг қорни тўймайди”.

Баҳодир Чориев¸ Бирдамлик ҳаракати раҳбари:

“Очлик эълон қилганмиз. Масалан, Озодлик радиосидаги цензурага қарши шахсан оиламиз билан Вашингтон шаҳрида очлик эълон қилганмиз. Ундан ташқари¸ қамоқда бир неча бор очлик эълон қилганмиз. Яна ўзимизнинг мулкимизни ҳимоя қилиш мақсадида Тошкент шаҳрида 9 кун очлик эълон қилганмиз. Ҳаётимизда бир неча бор очлик эълон қилганмиз. Келажакда агар Озодлик радиосидаги, сизлар хизматдаги цензура¸ яъни сиëсий ташкилотларга нисбатан тарафкашлик тугатилиши учун мен очлик эълон қилган бўлардим. Биринчи масала шу мен учун”.

Абдураҳим Пўлат, Бирлик халқ ҳаракати партияси раиси:
“Абдураҳим Пўлатдан ҳам шу саволни сўровдик, бу радиода овозни чиқариш умуман обрў тушириш. Шунинг учун ман бунақа нарсаларга қўшилмайман деди, деб айтиб кўринг. Агар мард бўлсангиз”.

Марат Зоҳидов¸ ҳуқуқ ҳимоячиси:

“Мени тинч қўйинглар. Жуда хафаман сизлардан. Шунинг учун, кечирасизку, мен сизлар билан алоқа қилмайман. Ҳар хил провокацион саволларни бериб эфирга чиқаряпсизлар. Кечирасиз мени. Хафа бўлманг.

Мўтабар Тожибоева¸ Ўтюраклар инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари:

“Мен агар бугунги кунда очлик эълон қилганимда, энг аввало бугунги кунда энг долзарб мавзу бўлган қийноқлар масаласини кўтарган бўлар эдим ва қийноқларга қарши очлик эълон қилган бўлардим. Агар менинг соғлигим, имкониятим кўтарганида эди Қозоғистон ҳукумати томонидан адолатсиз равишда Ўзбекистон ҳукуматига топшириб юборилган 29 нафар қочқинни ҳимояси учун очлик эълон қилган бўлардим”.

Азиз муштарий¸

Ҳафта саволи рукнининг илк сонида баъзи сиёсий фаоллар, расмийлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, фуқаролик жамияти вакилларининг Сиз нима учун очлик эълон қилган бўлардингиз, деган саволга мухтасар жавоблари билан танишдингиз.

Айни саволга сиз ҳам жавоб беришингиз мумкин - мулоҳазаларингизни Озодликка шарҳ шаклида йўлланг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG