Линклар

Сурияда АҚШ ва Франция элчихоналарига ҳужум қилинди


Дамашқдаги АҚШ элчихонаси, 11 июл 2011 йил.

Дамашқдаги АҚШ элчихонаси, 11 июл 2011 йил.

Сурия ҳукумати тарафдорларидан иборат оломон кеча Дамашқдаги АҚШ ва Франция элчихоналарига ҳужум қилиб, биноларга шикаст етказди.
Норозиликларга АҚШ ва Франция элчиларининг ўтган ҳафта мухолифат намойишлари давом этаётган Ҳама шаҳрига борганлари сабаб бўлди.
Расмийларга кўра, оломон элчихоналар ойналарини синдирган ва АҚШ элчихонаси томига Сурия байроғини ўрнатиб кетган.

АҚШ элчиси Роберт Форднинг қароргоҳига ҳам ҳужум қилингани айтилмоқда. Бу ҳужумда ҳеч ким жароҳатланмагани, лекин бинога зиён етказилгани хабар қилинди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Виктория Нуланд ҳужумлар хусусида чиқиш қилиб, оломонни Сурия ҳукумати таъсири остидаги телеканал гиж-гижлаганини таъкидлади.

- Биз буни Сурия ҳукумати Вена конвенциясига биноан дипломатик иншоотларни ҳимоя қилиш мажбуриятларини бажармади, деб тушунамиз ва бу мутлақо номақбул ҳолдир, деди АҚШ расмийси.

Сурия ҳукумати тарафдорлари Франция элчихонаси ҳудудига ҳам ботириб киришга уринди. Қўриқчилар оломнни қайтариш учун осмонга қарата ўт очишга мажбур бўлди.

Франция Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Бернар Валеро ҳужумни қоралаб, “Дамашқ расмийлари бундай ноқонуний ҳаракат билан Сурия халқини репрессия қилишни тўхтатиш ва демократик ислоҳотларни бошлашга доир фундаментал муаммолардан диққатни чалғита олмайди”, дея баён қилди.

Хабарларга кўра, март ойида президент Башар ал-Ассад режимига қарши намойишлар бошланганидан бери Сурияда 1400 га яқин норозилар ўлдирилган.
XS
SM
MD
LG