Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:41

Вашингтон Дамашққа норозилик нотаси юборди


Ҳукумат-параст оломон АҚШ элчихонаси деворларига аксил-Америка руҳидаги шиорларни ёзиб кетди.
Ҳукумат-параст оломон АҚШ элчихонаси деворларига аксил-Америка руҳидаги шиорларни ёзиб кетди.

Вашингтон Дамашқдаги АҚШ ва Франция элчихоналари оломон ҳужумига учраган пайтда Сурия расмийлари чора кўрмагани юзасидан норозилик нотасини юборди. Хабарларга кўра, душанба куни президент Башар ал-Ассад тарафдорларидан иборат ҳужумчилар элчиларнинг Ҳама шаҳрига борганига норозилик ўлароқ, дипломатик миссиялар биноаларини тошбўрон қилган пайтда Сурия расмийлари буни тўхтатиш чораларини кўрмаган.


Қўшма Штатлар Суриянинг Вашингтондаги ишончли вакилини давлат департаментига чақиртириб, унга расмий норозилик нотаси топширди. Бунга душанба куни Сурия ҳукумати тарафдоралари АҚШ ва Франциянинг Дамашқдаги элчихоналарига ҳужум қилган пайтда мамлакат расмийлари бирор чора кўрмагани сабаб бўлди.

Президент Башар ал-Ассаднинг ўнлаб тарафдорлари Америка элчихонаси деворларидан ошиб, бинога қарата тош, тухум ва помидорларни ирғитди. Уларни АҚШ денгиз дессанти аскарлари қувиб солди.

Вашингтон бу хусусда баёнот эълон қилиб, дипломатик ваколатхоналарни ҳимоя қилишдан бош тортгани учун Сурияни қоралади.

Гувоҳларга кўра, намойишчилар деразаларни синдиришга уриниб, элчихона устига Сурия байроғини илиб кетганлар. Улар шунингдек деворларга аксил-Америка руҳидаги шиорларни ёзиб кетишган. Улар орасида АҚШ элчихонасини “ит”, дея ҳақорат қилувчи сўзлар ҳам борлиги айтилмоқда.

Оломон Франция элчихонасига ҳам ҳужум қилди. Уларни қайтариш учун соқчилар осмонга қарата ўт очишга мажбур бўлди.

8 июл куни АҚШ элчиси Ричард Форд францяилик ҳамкасби Эрик Шавалье билан мамлакат бўйлаб авж олган аксил-ҳукумат намойишларининг ўчоғи бўлиб қолаётган Ҳама шаҳрига бориб, мухолифат фаоллари билан учрашган эди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Виктория Нуланд Америка элчихонасига қилинган ҳужум ҳақида буларни маълум қилди.

- Безорилар деворлардан ошиб ўтди. Улар элчихона биноси ичкарисига кира олмади, лекин томнинг тепасига чиқишга муваффақ бўлди. Баъзи ойналар синдирилди ва бошқа шикаст етказилди, шундан кейин улар элчининг қароргоҳига бориб, у ерда ҳам шунга ўхшаш зиён етказишди. Билишимча, АҚШ дингиз дессанти аскарлари уларни қувиб солган, деди АҚШ расмийси.

Нуланднинг айтишича, ғазаб отига минган оломонни Сурия ҳукумати таъсири остидаги телеканал гиж-гижлаган. У шунингдек Қўшма Штатлар Сурия ҳукуматидан ҳорижий дипломатик ваколатхоналарни ҳимоя қилишни талаб қилишини қўшимча қилди.

- Биз буни Сурия ҳукумати Вена конвенциясига биноан дипломатик иншоотларни ҳимоя қилиш мажбуриятларини бажармади, деб тушунамиз ва бу мутлақо номақбул ҳолдир, деди Нуланд.

Вашингтон Сурия ҳукуматидан етказилган зарар учун товон пули талаб қилишини маълум қилди. Ҳужумлар оқибатида талафотлар бўлмаган.

Дамашқдаги ғарблик дипломатлардан бирининг айтишича, ҳужумчилар пойтахтдан 260 километр узоқдаги Тартус шаҳридан автобусларда олиб келинган.

АҚШ элчихонаси ёнида истиқомат қиладиган дамашқликлардан бири ҳам Рейтерс агентлигига Ассадга содиқ жанговар гуруҳларга аъзо “шаббиҳалар тўртта автобусда Тарутсдан келгани”ни гаприб берди.

Франция Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Бернар Валеро Сурия ҳукумати оломонни тўхтатиш учун ҳеч нарса қилмаганини таъкидлади.

Унинг айтишича, ҳужумчилар элчихонага тегишли автмобилни вайрон қилиб, уч нафар соқчига тан жароҳати етказган пайтда “Сурия хавфсизлик кучлари намойишкорона бу зўравонликларни тўхтатишга шошилмаган.”

Валеро ҳужумни қоралаб, “Дамашқ расмийлари бундай ноқонуний ҳаракат билан Сурия халқини репрессия қилишни тўхтатиш ва демократик ислоҳотларни бошлашга доир фундаментал муаммолардан диққатни чалғита олмайди”, дея баён қилди.

Франция БМТ Хавфсизлик кенгашида аксил-ҳукумат намойишларини куч билан бостираётган Ассад режимини қораловчи резолюциянинг қабул қилиниши ташаббускорларидан биридир.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, март ойида президент Башар ал-Ассад режимига қарши намойишлар бошланганидан бери Сурияда 1400 га яқин норозилар ўлдирилган.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон душанба куни қилган чиқишида Сурия Президенти Башар ал-Ассад легитимлигини йўқотди ва у “тенги топилмайдиган шахс эмас” дея баён қилди.

- Яна бир нарсани айтишим керак, агар кимда ким, жумладан президент Ассад ҳам, Қўшма Штатлар режим бу бўҳрондан омон чиқиб, ёвузлик ва репрессияларини давом эттиришига яширинча умид қиляпти деб ўйлаётган бўлса, хато қилади. Президент тенги топилмайдиган шўахс эмас ва биз унинг ҳокимият тепасида қолишидан ҳеч қандай манфаат топмаймиз, деди Клинтон.

Давлат котиби Вашингтонда қилган чиқишида Ассад ислоҳотлар ўтказиш ҳақидаги ваъдалари устидан чиқишига ишонмаслигини қўшимча қилди.

Клинтон Ассад тарафдорларининг АҚШ ва Франция элчихоналарига қилган ҳужумини қоралади.
XS
SM
MD
LG