Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:29

Тожик алюминий заводи Ўзбекистон учун хавфли деб топилди


Тожикистонда иқтисодий ўсишга сабаб бўлаётган алюминий заводи минтақа¸ хусусан қўшни Ўзбекистонга хавф солмоқда.

Бундай баёнот БМТнинг атроф-муҳитни ҳимоя қилиш дастури масъули Кристоф Бувье тилидан янгради.

11 июл куни Женевада БМТ дастурининг янги тадқиқотини тақдим этган жаноб Бувье Амударё бўйида жойлашган тоғ-кон қазиб олиш корхоналарининг атроф-муҳитга етказаётган зарари катта муаммога айланганини қайд этди.

- Ана шундай мисоллардан бири Тожикистонда Россия капитали иштирокида қурилган алюминий заводи бўлиб, у минтақадаги энг қашшоқ мамлакатлардан бирининг иқтисодий ўсишига ва одамларнинг иш билан таъминланишига имкон яратаяпти, бироқ айни пайтда Амударё қуйисида жойлашган ҳудудлар, айниқса Ўзбекистон учун жиддий муаммолар пайдо қилмоқда, - деди Кристоф Бувье.

Аснода “Тожикистон алюминий ширкати” давлат унитар корхонаси ахборот-таҳлилий департаменти раҳбари Игор Сатаров CA-News сайтига берган интервюсида ТАЛКО каби йирик корхоналарнинг экологик хавфсизлиги экологик муаммоларни сиёсийлаштириш учун баҳонага айланиб қолаётганини айтган.

Жаноб Саттаров БМТ мулозими Кристоф Бувьенинг иддаолари асоссизлиги, алюминий заводи совет замонида қурилгани учун Россияга капиталига мутлақо алоқаси йўқлигини айтади. ТАЛКО вакилиги кўра, Тожикистон томони Ўзбекистон вакилларини ҳар икки давлат ҳудудида атроф-муҳитни биргаликда текширишга чорлаган, бироқ Ўзбекистон томони доим бу каби чақириқларга рад жавобини берган.

- Доимий норозилик ва экологик таклифларнинг аниқ шаклга солинмагани бу каби баёнотларни ишончсиз баёнотга айлантириб қўяди, - дер экан Саттаров халқаро экспертлик ташкилотларини бирёқламаликда айблайди.

Қайд этиш жоизки, Тожикистонга ён қўшни Ўзбекистон аҳолиси Тожикистон алюминий заводидан кўрилаётган экологик зарарлардан мудом шикоят қилиб келади.

Ўтган йили алюминий ишлаб чиқараётган ТАЛКОнинг юзлаб инсонлар саломатлиги ва қишлоқ хўжалигига тузатиб бўлмас зарар етказаётганидан норозилар Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги қатор туманларда митинглар ўтказганди.

- Алюминий заводидан чиқаётган фтор Термизгача етиб келаяпти-да ҳозир. Икки-уч йил аввал яхши эди. Ҳозир эса саломатлигидан шикоят қилаётганлар кўп. Хусусан, она ва болага таъсири катта бўлаяпти-да бу нарсанинг. Зоб (бўқоқ демоқчи – таҳр.) касаллиги, фарзандларнинг ногирон бўлиб туғилиши. Катта зарар кўраётган Узун ва Сариосиё томонларда ҳосилдорлик йил сайин пасайиб бораяпти, - деганди шу йил май ойида Озодликка сўзлаган термизлик Абдуқодир Тошболтаев.

Ўзбекистон экоҳаракати вакиллари ҳам Тожикистон ҳукумат расмийларини халқаро меъёрларга зид иш кўраётганликда айблаганди.

Бироқ Тожикистон алюминий заводи масъуллари қўшниларнинг иддаоларида асос йўқлигини айтарканлар, ТАЛКОнинг атроф-муҳитга зарарини камайтириш учун корхонада мунтазам равишда техник модернизация ишлари олиб борилаётганини ва экологик дастурни амалга ошириш учун завод 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратганини қайд этгандилар.

- Атроф-муҳит муҳофазаси учун ҳар йил жуда катта миқдорда маблағ сарфлаяпмиз. Бу йил ҳам, иқтисодий бўҳронга қарамай, 30 миллион сомоний (тахминан 6,5 миллион доллар - таҳр.) маблағ сарфлаш назарда тутилган. Лекин Россия ва Ўзбекистон нашрларида ТАЛКО зарарлари ҳақида ҳар қандай бўлмағур бўҳтонлар ёзилади, - деганди ТАЛКО алюминий заводининг экология ва иш сифатини яхшилаш бўлим бошлиғи Нурали Қодиров аввалроқ Озодликка берган интервюсида.

БМТ янгиликлар маркази хабарига кўра, душанба куни Женевада бўлиб ўтган тақдимотда экологик муаммолар асосан Орол денгизининг қуриши контекстида қаралган.

“Амударёнинг юқори қисмида йирик ГЭСларнинг қурилиш лойиҳалари, дарёлар қуйисидаги ерларни суғориш учун сувнинг етишмаётгани, иқлим ўзгариши туфайли об-ҳаво моделининг ўзгариши – бу муаммоларнинг ҳаммасини Амударёнинг тўрт “эга”си - Афғонистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳал қилиши лозим бўлади”, дейилади Кристоф Бувье тақдим этган тадқиқотда.

БМТ тадқиқотида таъкидланишича, Амударё сув заҳираларидан фойдаланиш соҳасидаги минтақавий ҳамкорлик бутун Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликка эришишнинг асосий омилига айланиб қолиши мумкин.
XS
SM
MD
LG