Линклар

logo-print

Ангрендаги Давлат педагогика институтига қабул тўхтади


Маҳмуд Қошғарий номидаги Тошкент вилояти Давлат педагогика институтининг математика факультети ва бу факултетда ҳар йили ўртача 800 талаба таҳсил олар эди..

Маҳмуд Қошғарий номидаги Тошкент вилояти Давлат педагогика институтининг математика факультети ва бу факултетда ҳар йили ўртача 800 талаба таҳсил олар эди..

Бу ҳақда расман хабардор қилинган институт жамоасига унинг кейинги тақдири бобида маълумот берилмади.

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида жойлашган Маҳмуд Қошғарий номидаги Тошкент вилояти Давлат педагогика институтига бу йил абитуриенлар қабул қилинмаяпти.

Институтда ишлайдиган ўқитувчилардан бирининг исмини ошкор қилмаслигимиз шарти билан Озодликка айтишича, институтнинг 400 кишилик жамоасини ёзги таътилга йўллашдан аввал раҳбарият бу йил қабул бўлмаслигини расман эълон қилган.

- Бу йил қабул бўлмайди, дейишди. Ҳозир ўқиб турган иккинчи, учинчи, тўртинчи курслар кузда келиб ўқишни давом эттиради, дейишди. Тамом, бошқа ҳеч гап бўлмади. Ҳали қайтсак, нима гап бўлади, ҳайронмиз - дейди шу кунларда минг хаёлда ёзги таътилни ўтказаётган ўқитувчилардан бири.

Куни кеча таҳририятимизга келган мактубда ангренлик тингловчи бу институт ёпилгани ва унга ҳужжат кўтариб бораётган абитуриентлар Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетига йўлланаётгани ҳақида айтилган эди.

Ангрендаги институт ўқитувчиси бундан бехабарлигини айтар экан, масофа нуқтаи назаридан энг яқин маскан бўлгани боис ёшларнинг Тошкент шаҳридаги Низомий номли университетга йўлланаётганини эҳтимолдан соқит қилмади.

Аммо, университетни ёпиш қарори ҳақида фақатгина овозалардан хабардор эканини айтди.

- Шунақа гап юрибди, лекин бу қуруқ гап бўлса керак. Чунки, вилоятда бўлсаям бу катта институт, республиканинг турли вилоятларидан талабалар бор. Бир ярим минги Тошкент вилоятидан, қолганлари бошқа вилоятлардан келган, - дейди Ангрендаги Маҳмуд Қошғарий номидаги педагогика институтининг исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган ўқитувчиси.

2010-2011 йилдаги ўқув йилларида 4 минг талаба таҳсил олган Ангрендаги педагогика институтида 7 та факултет бор ва жами 19 йўналишда таҳсил олиш мумкин.

Бундан ташқари, бу институтда тожик, қозоқ миллатига мансуб талабалар учун ўз тилида имкони берилган.

Ангрен шаҳридаги маданият марказларидан бирининг ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда: “Бу институтда турли миллат вакиллари ўқиши ва ишлаши мумкин бўлган жуда яхши муҳит бор эди. Икки кун муқаддам у ерда ишлайдиган дўстларим институтнинг ёпилганини айтишганида, оғлим ланг очилиб қолди”, деди.

Ангрен шаҳрида Озодлик боғланган манбаларнинг аксарияти Ангрен шаҳридаги Давлат педагогика институтига бу йил қабул бўлмаётгани сабаби унинг ёпилишидан дарак, демоқдалар.

Аммо, бундай қарор қабул қилинган ёхуд қилинмаганига расман ойдинлик киритиб берадиган мутасадди топилмади.

Институт жамоасига бўлган такрорий мурожаатларимизга жавоб ололмадик. Бундан ташқари, Олий таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирликларидан ҳам мурожаатимизга жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Аммо, Ангрен шаҳар ҳокимиятининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик саволларига жавобан: “Институт ёпилади, деб эшитдим. Аммо, аниғини билмайман”, деб жавоб берди.

Бу йил янги ўқув йили учун қабул тўғрисида Ўзбекистон Республикаси президенти номидан эълон қилинган қарорда эса янги ўқув йилида талабалар учун ажратилган квотанинг маълум бир қисми турли вилоятлардаги олий ўқув юртларига берилиши ва бундан мақсад вилоятлардаги олий таълим муассасалари фаолиятини, нуфузини кучайтириш экани айтилган эди.

Аммо, шунга қарамасдан Озодликка боғланган айрим тингловчилар Тошкент шаҳридаги билим юртлари, жумладан, Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогига университетида ҳам турли вилоятлардан борган абитуриентларнинг ҳужжатлари қабул қилинмаётгани ва уларга ўз вилоятидаги олий ўқув юртларига бориш тавсия қилинаётганига гувоҳ бўлганини айтган эди.

Шундай бир кезда бир вақтлар 7 минг талаба таҳсил олган Ангрен шаҳридаги Давлат педагогика институтининг ёпилиши, аниқроғи, бу инстутга қабулни тўхтатиш қарори мантиғи жамоатчиликка тушунарсиз бўлиб қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG