Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:25

Тақирбошлар умрбод қамоққа ҳукм этилди


Умрбод қамоққа ҳукм қилингалардан уч нафари суд залида.
Умрбод қамоққа ҳукм қилингалардан уч нафари суд залида.

11 июл куни Москва округ ҳарбий суди рус бўлмаганларни ўлдирганликда айбланган тақирбошлардан бештасига умрбод қамоқ жазоси тайинлади.


Душанба куни Москва шаҳар судида бир йилдан ортиқроқ вақт давом этаётган маҳкама натижасида Москва ҳарбий округ суди ҳайъати “Шимол” миллатчи-социалист жамияти деб номланган ирқчилар гуруҳининг 4 нафар аъзоси 2007-2008 йилларда 27 кишини ўлдирганлик, террорчилик актини тайёрлаш ва 60 га яқин бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, умрбод қамоққа маҳкум қилинди.

Суд иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳукмнинг ўқилиши Москва округ ҳарбий судидан шаҳар суди биносига кўчирилди ва бинони махсус ОМОН қўшинлари қўриқлади, дейди Озодликка ҳарбий суд расмий вакили Ирина Жирнова.

- Провокация бўлишидан қўрққан эдик. Улар асосан славянларга ўхшамаган осиёлик, афро-америкалик ва кавказликларни ўлдирган. Албатта, қурбонларнинг асосий қисми марказий осиёликлар, хусусан Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан бўлган гастарбайтерлар бўлган. Улар русга ўхшамаган бир рус йигитини ҳам адашиб ўлдиришган, дейди Ирина Жирнова.

Жирнованинг айтишича, судланувчилар ҳукм ўқилаётган пайтда неонацист ва антисемитик шиорларни айтиб, судьяни калака қилган, маҳкамани кузатиб бораётган журналистларга дўқ-пўписа қилган.
Москва суди судьяси Николай Ткачук ҳукмни ўқир экан¸ тақирбошлар етакчиси Лев Молотковни “Россия жамияти учун фавқулодда хавфли” дея таъкидлаган.

Адолф исми билан танилган Лев Молотковдан ташқари ҳарбий суд гуруҳнинг яна тўрт аъзоси - Владислав Тамамшев, Леонид Рудик, Виктор Апполонов ва Николай Михайловларга ҳам умрбод қамоқ жазоси тайинлади. Тақирбошлардан бири Сергей Свиридов тергов билан фаол ҳамкорлик қилгани учун шартли равишда 8 йиллик қамоққа ҳукм этилди.
Қолган тақирбошларга 10 йилдан 23 йилгача қамоқ жазоси берилди.
Скинҳедлар гуруҳидаги ягона аёл - МГУ журналистика факультети талабаси Василиса Ковалева 19 йилга қамалди.

Ирина Жирнованинг айтишича¸ тўда бошлиғи Лев Молотков суд давомида ўзига қўйилган айбларга иқрор бўлмаган.

Айбланувчиларнинг 7 нафарига умрбод қамоқ жазосини сўраган давлат қораловчилари журналистларга суднинг бу қароридан норози эканликларини маълум қилди.

Шундай бўлса-да¸ Россиядаги “Ҳолокост” жамғармаси президенти Алла Гербер Озодлик билан суҳбатда Москвада тақирбошларга ўқилган бу ҳукмни олқишлайди ва буни ҳуқуқ-тартибот идоралари фаоллашиши натижаси ўлароқ баҳолади.

- Яқинларгача ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига жўнатган шикоят, арз ва талабларимиз жавобсиз қолаëтган эди. Йиллар давомида сўровларимиздан натижа чиқмаётган эди. Аниқ миллий адоват асосида қилинган қотиллик яқингача хулиганлик ёки маиший жиноят сифатида таърифланган. Ҳатто Ғалаба куни арафасида амнистия билан қатор неонацистлар қўйиб юбориларди. Наҳот жазога тортиш учун улар томонидан 27 қотиллик содир этилишини кутиш керак эди? Нима бўлганда ҳам, ҳуқуқ тизимларининг фаоллашганини ижобий баҳолайман, дейди Алла Гербер.

“Ҳолокост” жамғармаси президенти Алла Гербер Молотков бошқараётган Миллатчи-социалистлар жамияти (НСО) 2010 йилнинг февралида Олий Суд қарори билан тақиқланганлигини қўшимча қилди. Аниқланишича, 2004 йилда тузилган бу ташкилот рус миллий давлатини тузиш ва миллатчилик мафкураси асосида давлатни бошқаришни режалаштирган. Гуруҳнинг минтақавий бўлимлари Беларус, Буюк Британия, Канада ва Францияда жойлашган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси директори Александр Брод эса бугунги кунда радикал миллатчилик ташкилотлари сони кўпайиб бораётгани ва уларга қарши курашни янада кучайтириш зарурлигидан гапиради.

- Улар фаол. Улар жиддий тайёргарлик ишларини олиб бормоқда, адабиётларни тарқатмоқда, “Русский марш” каби оммавий акцияларни уюштирмоқда. Бу тадбирларда очиқдан-очиқ ксенофоб ва миллатчилик шиорлари янграмоқда. Энг даҳшатлиси¸ бу шунчаки даҳанаки қўрқитиш эмас – мигрантларга ҳужум қилинмоқда, улар калтакланмоқда, бу ташкилотлар томонидан жиддий террорчилик актлари уюштирилмоқда, черков, синагога, масжидлар портлатилмоқда. Айтиш мумкинки, нафрат, миллий адоват, асоссиз агрессия ва ирқчилик ёшларнинг катта қатламини қамраб олмоқда, ёши каттароқлар орасида эса бу ғояларни қўллаб- қувватловчилар сони кўпайиб бормоқда, дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси директори Александр Брод.

Мутахассислар фикрларини тасдиқлаган қашқадарёлик Шуҳрат тақирбошларга нисбатан чоралар кучайганига қарамай¸ маҳаллий аҳолининг муҳожирлар¸ айниқса Марказий Осиëдан келган мардикорларга муносабати салбийлигича қолаётганини таъкидлайди.

- Мен булар билан кўп маротаба тўқнаш келганман кўчаларда, электричкаларда. Мана бу ерда мен 6 йилдан бери, бу сезиларли ҳолат. Умуман олганда, нафақат скинҳедларнинг, балки славян миллатининг бизни ёқтирмаслиги кучайди. Чунки буларнинг телевидениеси барча айбни осиёликларга ағдаришга ҳаракат қилади. Уларни антиреклама қилиб ваҳшиёна ҳаракатларини кўрсатади. Уларнинг бизга нисбатан ҳурмати йўқ. Бизнинг европаликларга нисбатан имкониятларимиз кам, биздан келганлар асосан рус тилида гапиришни билмайди. Кейин, пешонамга террорист деб ёзиб қўйгандек ҳаммаси ҳужжат талаб қилади, ҳужжат тўғри бўлса ҳам барибир уч соат ушлаб қўйиб юборади, дейди Москва вилоятида мардикорлик қилаётган Шуҳратжон.

Москва округ ҳарбий суди расмийсининг маълум қилишича, ҳукм ўқилишидан бир кун ўтиб, 12 июл куни судланганларга чиқарилган ҳукмга нисбатан адвокатлар биринчи шикоят аризалари топширишган.
XS
SM
MD
LG