Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:47

HRW Обамадан Бушни жавобгарликка тортишни талаб қилди


Обама салафи Бушни жиноий жавобгарликка тортиши эҳтимолдан йироқлигини HRW вакиллари ҳам яхши тушуниб турибди.
Обама салафи Бушни жиноий жавобгарликка тортиши эҳтимолдан йироқлигини HRW вакиллари ҳам яхши тушуниб турибди.

Human Rights Watch ташкилоти АҚШ Президенти Барак Обамани собиқ президент Жорж Буш маъмурияти маҳбусларга нисбатан қийноқ қўллашни буюрганига оид айбловлар юзасидан тергов бошлашга чақирди. Инсон ҳуқуқлари ташкилоти бу ҳақда сешанба куни эълон қилган 107 саҳифалик ҳисоботда билдирди. Унда Обама маъмурияти Қийноқларга қарши конвенцияга биноан маҳбусларга нисбатан қийноқлар ва ноинсоний муносабатлар юзасидан тергов ўтказишга доир АҚШ мажбуриятларини бажармагани айтилади.


Human Rights Watch ташкилоти собиқ президент Жорж Буш ва унинг уч мулозими қийноқлар қўлланишини буюргани учун тергов қилиниши керак демоқда.

Сешанба куни эълон қилган ҳисоботида инсон ҳуқуқлари ташкилоти 2001 йил 11 сентабр воқеаларидан кейиноқ Буш маъмурияти террорчиликда гумон қилинаётган маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўллай бошлаганига оид “кўплаб далиллар” борлиги айтилади.

“Қийноқлар учун масъулиятдан қочиш: Буш маъмурияти ва маҳбусларга нисбатан ноинсоний муносабат” деб номланган ҳисоботда, вице президент Дик Чейни, мудофаа вазири Дональд Рамсфельд ва МРБ директори Жорж Тенетларнинг, ташкилот таъбири билан айтганда, ноқонуний ҳаракатлар амалга оширлишига санкция берганига оид далиллар борлиги таъкидланади.

Human Rights Watch ташкилотининг Террорчилик ва аксил-террор масалалари дастури тадқиқотчиси Андера Прасоу Гуантанамо ҳарбий базасида АҚШ ҳарбий комиссияси таркибида бир неча маҳбусни ҳимоя қилган.

- Ҳиобсотда жамоатчликка ошкор бўлган далиллар ҳам, Буш маъмуриятининг юқори мулозимлари қийноқлар учун тергов қилиниши ва балки жиноий жавобгарликка тортилиши кераклиги кундек равшан экани аниқ айтилган, дейди ҳуқуқ фаоли.

Ҳисоботда шунингдек Буш маъмурияти МРБ қошида террорчиликда гумон қилинаётганларни ўғирлаш ва учинчи мамлакатларга кўчиришга доир махфий дастурни амалга оширишни буюргани ҳам айтилади.

Собиқ вице президент Дик Чейни “ноқонуний ҳибсга олиш дастурлари ва уларни қонунан оқлашга уринишга қаратилган баёнотларни ишлаб чиқиш ортидаги асосий куч бўлган”ликда айбланади. МРБ собиқ директори Жорж Тенент маҳбуслар бошини сувга чўктириб қийнаш ва маҳбусларни учинчи давлатлар билан алмашишга доир махфий дастурни бошқаргани ҳам айтилади ҳисоботда.

Ҳуқуқ ташкилоти президент Барак Обама АҚШ қабул қилган БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясига биноан қийноқлар ва ноинсоний муносабат ҳаракатларини тергов қилиш учун маъсул эканини айтмоқда.

Human Rights Watch директори Кеннет Рот Қўшма Штатлар “Дарфур, Ливия ва Шри Ланка каби мамлакатларда жиддий халқаро жиноятлар содир этилганда адолат ўрнатилишига чақириб, тўғри қилади, лекин бунда қўшстандартлар қўлланилмаслиги лозим. АҚШ ҳукумати ўз мулозимларини тергов ва жавобгарликдан ҳимоя қиладиган бўлса, бошқа мамлакатларда ҳам жиддий жиноятларни содир этганларни жавобгарликка тортиш уринишларига путур етказади”, дея баён қилди.

Human Rights Watch Обама маъмуриятидан Буш ва унинг собиқ амалдорларига нисбатан жиноий иш қўзғашни талаб қилмоқда. Агар бу амалга ошмаса, ҳуқуқ ташкилоти ҳорижий давлатларин ҳам ўз терговини ўтказишга чақирмоқда.

Прасоунинг айтишича, Қийноқларга қарши конвенциянинг “универсал юрисдикция”га оид принципларига биноан ҳар қандай давлат бу хусусда қонун қабул қилиши мумкин.

- Бу принципга асосан қийноқлар аянчли ва даҳшатли жиноят ҳисобланади ва қийноқ қўллаганлар қаерда бўлмасин тергов қилиниб, жавобгарликка тортилиши керак. Шунинг учун агар АҚШ бундай терговни ўтказмаса, Қийноқларга қарши конвенцияни имзолган бошқа мамлакатлар учун тергов ўтказиш фарздир. Бунинг самарасини аллақачон кўрдик. Хусусан бир неча ой аввал Жорж Буш Швейцарияга бориши керак эди. Сафаридан бир неча кун аввал ҳуқуқ фаоллари ва қийноқлар қурбонлари унинг устидан Швейцария расмийларига шикоят топшириш ниятида эканига оид хабарлар пайдо бўлгач, Буш сафарини қолдиришга мажбур бўлди.

Обама президент бўлгач имзолаган дастлабки ҳужжатларидан бири МРБнинг маҳбусларни учинчи давлатлар билан алмашиш махфий дастурини тўхтатиш ва ҳориждаги махфий қаомқхоналарни ёпиш тўғрисида бўлди. У Қўшма Штатлар қийноқ қўлламайди, дея аниқ-тиниқ баёнот берди.

Лекин у бир неча марта орқага қарамасдан, келажакка қараб ишлашни маъқул кўришини таъкидлаган.

Президент Бушнинг Миллий хавфсизлик кенгаши собиқ аъзоси ва Дональд Рамсфельд маъмурияти собиқ ходими Жэми Флай Human Rights Watch ҳисоботида “янгилик кўрмаяпман” дейди. Флай ҳозирда Вашингтондаги Ташқи сиёсат ташаббус марказига раҳбарлик қилади.

- Халқаро ва америклик гуруҳлар ўртасида маҳбуснинг бошини сувга чўктириш қийноқ экани ва Буш маъмурияти 11 сентябр воқеаларидан кейин миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан амалга оширган баъзи ҳаракатлари борасида баҳслар анчадан бери чўзилиб келади. Бу ҳаракатлар қийноқ бўлгани ҳақидаги хавотирлар янгилик эмас. Лекин Қўшма Штатлар қонунлар билан бошқариб келинади ва Буш маъмурияти ҳам, Обама маъмурияти ҳам ўз ҳаракатлари қонун доирасидан чиқмаслиги ва бу ҳаракатлар ҳуқуқшунослар томонидан маъқулланишини таъминлаб келган.

Шунинг учун, дейди Флай, жорий Оқ уй маъмурияти собиқ маъмуриятни тергов қилиши эҳтимолдан жуда йироқдир.

- Мен Обама маъмуриятининг мулозимларида бу масалаларни қайтадан кўтариш истаги борлигини ҳис этганимча йўқ. Аслида, менимча, АҚШ расмийлари бу масалалар билан бошларини оғритиб ўтириш истагида эмас, дейишга асослар бор.
XS
SM
MD
LG