Линклар

logo-print

12 июл оқшомида Владивостокдаги "Снеговая падь" мавзесида снаряд портлаши оқибатида икки ўзбекистонлик нобуд бўлди.

Маҳаллий вақт билан соат 22.40 да юз берган портлашда яна икки ўзбекистонлик яралангани хабар қилинмоқда.

Қурилишда ишлаган бу ўзбекистонликлар ўз иш жойлари яқинидаги ўрмондан снаряд топиб олиб, уни металлоломга топшириш учун арралаётган пайтда портлаб кетгани айтилмоқда.

Портлашдан жабрланган ўзбекистонликларнинг исм-шарифлари ҳали эълон қилинмаган бўлса-да, владивостоклик маҳаллий блоггерлардан бири ҳалок бўлганлар 48 ва 23 ёшли, жароҳат олганлар эса 20 ва 19 ёшли кишилар экани ҳақида ёзди.

Портлаш натижасида жароҳатланган икки ўзбекистонлик Владивосток шаҳар клиний шифохонасига етказилган, бироқ шифокорлар ҳозир касалхонанинг травматология бўлимида ётган бу кишилар ҳаёти учун хавф йўқлигини таъкидламоқдалар.

Қайд этиш жоизки, шу кунда ҳарбийлар учун қурилаётган "Снеговая падь” мавзеси ўрнида 2002 йилгача Тинч океани флотининг қўрхонаси (артиллерия омбори) бўлган. 2002 йилнинг октябр ойида у ерда кучли ёнғин юз берган ва кўплаб снарядлар портлаган эди. Ўша пайтда портлаган снаряд парчалари ҳамда портламаган снарядлар бир чақирим радиусда чор-артофга учиб кетгани ҳақида, портлашлар бир кеча-кундуз давом этгани хусусида айтилганди.

Маълумотларга кўра, жорий йил феврал ойида Россия Мудофаа вазирининг муовини Григорий Нагинский Бош вазир Владимир Путинга ҳарбийлар учун турар-жой мавзеи барпо қилиниши олдидан бу жой сапёрлар томонидан текширилгани ва у ердан бирорта ҳам снаряд топилмагани ҳақида ахборот берганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG