Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:20

Сўғдда 53 киши судланмоқда


Хўжандда ўтган йилнинг сентябр ойида содир этилган террорчилик хуружида жами 5 киши ҳалок бўлганди.
Хўжандда ўтган йилнинг сентябр ойида содир этилган террорчилик хуружида жами 5 киши ҳалок бўлганди.

Судланувчилар 2010 йил 3 сентябрида Хўжанд шаҳридаги Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси минтақавий бўлими биноси ҳудудида рўй берган террорчилик ҳужумига алоқадорликда айбланмоқда.

Хўжанддаги ҳужумда Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг тўрт ходими ҳалок бўлиб, яна 28 нафари турли даражада тан жароҳати олган эди.

Сўғд вилоят прокурори Юсуф Раҳмоновнинг Озодликка маълум қилишича, дастлабки тергов натижасида судланувчиларнинг террорчилик хуружига алоқадорлиги ўз исботини топган.

- Судланувчиларнинг террор ҳужумига алоқадорлиги тергов давомида тўла ўз исботини топди, - деди Юсуф Раҳмонов.

Маълумотларга кўра, Хўжанддаги портлашда гумонланиб, қўлга олинганлар хавфсизлик ходимлари томонидан тергов қилинган.

Тергалганларнинг 40 нафари Истаравшан туман фуқаролари бўлиб, улар террорчилик ҳужуми содир этилган дастлабки кунданоқ ҳибсда сақланмоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Хўжанд шаҳридаги Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси минтақавий бўлими биноси ҳудудида худкуш ҳужум уюштирган шахс истаравшанлик Акмал Каримов экани айтилади.

Расмий маълумотларга кўра, Акмал Каримов 2009 йили “одам ўғирлаганлик”да гумонланиб, қидирувда бўлган. Ўша йилларда Афғонистонга қочиб ўтган Акмал Каримов у ердаги террорчилар лагерида бир муддат ҳарбий тайёргарликдан ўтган.

Хавфсизлик масъулларининг берган маълумотига кўра, Акмал Каримов 3 сентябр куни эрталаб Волга “ГАЗ-24” русумли автомашинада Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси Сўғд вилоят минтақавий бўлими биноси ҳудудига бостириб кирган ва портловчи мосламани ҳаракатга келтирган.

Воқеа жойида уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси тўрт нафар ходими билан бирга худкуш шахс ҳам нобуд бўлганди.

Айни пайтда Акмал Каримовнинг укаси Фирдавс Каримов террорчилик хуружига алоқадорлик айби билан судланмоқда.

Тожикистон шимолида қайдга олинган ва йилнинг энг даҳшатли воқеаси сифатида жамиятда шов-шувга сабаб бўлган “хўжандликлар иши”да 20 дан ортиқ адвокат қатнашаётир.

Адвокат Некзод Ҳамзаалиев улардан биридир. Диний ва миллий адоват қўзғаганликда айбланиб судланаётган Шуҳрат Ғафуров ва Муроджон Қўзибековни ҳимоя қилаётган адвокат Ҳамзаалиевнинг айтишича, ўз ҳимоясидаги шахслар босим остида иқрорлик кўрсатмаси берган.

- Булар тергов чоғида ўзларига қўйилган айбловга иқрор бўлгану, лекин яна гап суд ҳакамларида-да. Энди булар хавфсизлик ходимларининг босими билан айбни бўйниларига олган. Судда бу ҳолатлар эътиборга олинса, жазо енгиллаштирилиши мумкин, - дейди адвокат Некзод Ҳамзаалиев.

Шу ўринда эслатиб ўтсак, тожик жамиятида унчалик танилмаган “Ансоруллоҳ жамоати” Интернетда нашр қилинган бир баёнотида Хўжанддаги террорчилик ҳужуми учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

Расмийлар Хўжанддаги худкуш ҳужумини 2010 йилнинг 30 августида Исфарада содир этилган қотиллик билан боғлиқлигини тахмин қилганди.

Ўшанда Исфара туманидаги бозорлардан бирининг собиқ раиси Ҳомиджон Каримов кечки пайт ўз маҳалласида қуролланган шахслар томонидан отиб кетилганди.

Хўжанддаги портлаш Каримовнинг ўлдирилишига алоқадорликда гумонланиб, Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими изоляторида ҳибсда ушлаб турилган 5 кишини озод этиш мақсадида уюштирилганини айтилган эди.

Аммо тожик расмийлари Хўжанддаги қонли фожеанинг асосий айбдори Акмал Каримов эканини расман эълон қилганларидан сўнг бу тахминлар асоссизлиги исботланди.

Тожик расмийлари иддаосига кўра, сўғдлик Акмал Каримов Ўзбекистон исломий ҳаракатининг аъзоси бўлган.
XS
SM
MD
LG