Линклар

logo-print

Қирғизистонда 30 октябрда ўтадиган президентлик сайловига номзод кўрсатиш жараёни бошланди.

Ҳозирча фақат учта партиягина ўз номзодларини жанжалсиз ва тортишувларсиз президентликка номзод сифатида тақдим қила олди.

Ташиев “Учинчи республика”ни тугатмоқчи

Президентликка биринчилардан бўлиб Ата Журт партияси ўз номзодини кўрсатди.

Ўш қирғинидан сўнг “Биз қирғизларни қирғиндан сақлаб қолдик, биз миллатлараро урушни тўхтатдик” деган иддао билан чиққан миллатчи сиёсатчилар томонидан ташкил этилган мазкур партия 9 июл куни ўтказилган ўз қурултойида президентликка номзод сифатида Қамчибек Ташиевни кўрсатди.

Парламентда асосий кўпчилик ўринни эгаллаган мазкур партия президентлик сайловида ғолиб чиқса, учинчи республика деб аталаётган парламент бошқарувига чек қўймоқчи.

- Ҳокимият халқ ишончини оқлай олгани йўқ. Парламент бошқарувини жорий этиш борасидаги сиёсий эксперимент ўз натижасини бермаганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, - деди Қамчибек Ташиев.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йил ёзида ўтказилган референдумдан сўнг Қирғизистон парламент бошқарувидаги мамлакатга айланган эди. Мазкур референдум натижаларига кўра, Роза Ўтунбаева 2011 йилнинг 31 декабригача ўтиш даври президенти этиб сайланганди.

Ата Журт партиясининг ўтган ҳафта сўнгида ўтказилган қурултойида Қамчибек Ташиев ягона номзод сифатида кўрсатилган бўлса-да, бундай қарор билан келиша олмаган бир қатор партия аъзолари сайловда мустақил номзод сифатида иштирок этишмоқчи.

Партия раҳбарияти Марат Султанов, Нариман Тулеев, Қурманбек Ўсмўнов каби партия аъзоларининг президентлик сайловида ўз номзодини кўрсатиши “Ота Юрт”нинг расмий номзодига берилган овозларни бўлиб юборишидан ташвишланмоқда.

Мадумаров Қирғизистонни тозаламоқчи

“Бутун Қирғизистон” сиёсий партияси аввал Бош вазир ўринбосари, давлат котиби, парламент спикери лавозимларида ишлаб турганида ўзининг миллатчилик чиқишлари билан донг таратган ва “Қирғизистон қирғизларнинг уйи, қолган барча миллатлар бу мамлакатда квартирант” деган шиор муаллифи Адахан Мадумаровни бир овоздан президентликка номзод сифатида кўрсатди. Партия Адахан Мадумаровнинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлади.

Адахан Мадумаров президентлик сайловида ғолиб бўлса, Қирғизистонни парламент республикасидан яна президент бошқарувидаги мамлакатга айлантирмоқчи.

- Биз 1993 йилда қабул қилинган биринчи Конституцияни қайта амалга киритишимиз лозим. Бу Конституцияда ҳокимият бутоқлари ўртасида ваколатлар тенг тақсимланган. Бугун бошбошдоқлик ҳукм сураётган мамлакатни тартибга келтириш, албатта, осон бўлмайди. Мен президент бўлиб қолсам, энг аввало, мамлакатни тозалашдан бошлайман, -деди Адахан Мадумаров.

У ўз сўзида мамлакатни кимдан тозалашини очиқламади. Айни пайтда Қирғизистонда Адахан Мадумаров россияпараст сиёсатчи сифатида эътироф этилади. Шу нуқтаи назардан, айрим сиёсатшунослар Адахан Мадумаров Москва томонидан қўлланилиши мумкин, деган тахминни ҳам айтмоқдалар.

Бўлўкбаев президентлик бошқарувига қайтилишига қарши

Қирғизистондаги “Яшиллар” партияси эса президентликка номзод сифатида Эркин Бўлўкбаевни кўрсатди. Бу сиёсатчи президент Бакиев даврида Бишкек яқинидаги Петровка қишлоғида 2008 йили этник туркларга қарши миллий низо қўзғаганликда айбланиб қамалган эди. 2010 йилги апрел давлат тўнтаришидан сўнг у қамоқдан озод қилинган.

- Қирғиз ерини сотган, давлат чўнтагига қўл солган бир қатор сиёсатчилар президентликка номзод сифатида кўрсатилиши мумкинлигини сезиб, чидаб туролмадим. Мен парламент республикасини президентлик бошқарувига қайтарилишига кескин қаршиман. Мамлакатни энди ҳеч ким яна яккаҳокимлик бошқарувига қайтара олмайди, - деди Эркин Бўлўкбаев.

“Ор-Номус” Ор ва Номусга ажраладими?

“Бутун Қирғизистон” ва “Яшиллар” партияси президентликка номзодларни тортишувларсиз ва якдиллик билан кўрсатган бўлсалар, бошқа нуфузли сиёсий партияларда бу жараён жуда мураккаб кетмоқда.

Масалан, “Ор-Номус” партияси раҳбари Феликс Қулов президентликка номзод кўрсатиш масаласи кўтарилган партия қурултойини тарқатиб юборишга мажбур бўлди. Бу партия вакиллари президентликка Акилбек Жапаров ва Анарбек Қалматов номзодларини кўрсатишган. Мазкур партия аъзолари қизғин баҳслардан сўнг ягона номзод борасида келиша олмадилар ва партиянинг иккига бўлиниб кетиш хавфи пайдо бўлди. Шундан сўнг партия раҳбари Феликс Қулов қурилтойни тарқатиб, бу масала июл ойининг сўнгида навбатдан ташқари қурултойда муҳокама қилинишини билдирди.

“Халқ қурултойи” ҳаракати эса президентликка номзод кўрсатиш борасида келиша олмай, иккига бўлиниб кетди.

Кузатувчилар бундай жараён “Ата мекен” партиясида ҳам юз бериши мумкинлигини башорат қилмоқдалар. Чунки бу партия лидерларидан 2 нафари президентликка номзодини кўрсатиш ниятида эканини билдирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG