Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:37

Мухтор Аблязов Британиядан сиëсий бошпана олди


Мухтор Аблязов хориждан туриб сиëсий фаолиятини давом эттираëтган собиқ қозоқ амалдорларидан бири.
Мухтор Аблязов хориждан туриб сиëсий фаолиятини давом эттираëтган собиқ қозоқ амалдорларидан бири.

Қочқинликдаги қозоқ мухолифатчиси¸ собиқ банкир Мухтор Аблязовга Буюк Британия ҳукумати сиёсий бошпана берди.


2009 йилдан буён ўз оиласи билан Лондонда яшаб келаётган Мухтор Аблязов Қозоғистон ва Россияда қатор молиявий жиноятларни содир этганликда айбланиб халқаро қидирувга берилган .

Мухтор Аблязов ваколатхонасининг 12 июл куни Озодлик таҳририятига жўнатган баëнотида 7 июл куни Британия расмийлари ўзига қочқинлик мақомини бергани ва оила аъзоларига ҳам мамлакатда яшашга рухсат этилгани ëзилган.

“Сиёсий қочқинлик берилиши тўғрисидаги қарор Аблязов Қозоғистонга қайтиб борса¸ ўз сиёсий ақидалари учун таъқибга учраши мумкинлиги боис берилди”, дейилади Британия ҳукумати қарорида.

Аблязов Россия ва Қозоғистонга берилмайди

Лондоннинг бу қарори Қозоғистон ва Россия томонидан халқаро қидирувга берилган Мухтор Аблязовнинг бу мамлакатлар сўровига биноан экстрадиция қилинмаслигини англатади.

2009 йилда Қозоғистонда Аблязов сохта ширкатлар орқали катта миқдорда банк маблағларини ўмарганлик ва товламачиликда айбланиб сиртдан жиноий жавобгарликка тортилган. Лондонга қочиб ўтган қозоқ банкирига нисбатан БТА банкидан 4,5 миллиард доллар миқдоридаги маблағларни ўзлаштирганлик айби билан Буюк Британиянинг ўзида етти марта даъво аризаси киритилган.

Аблязов эса ўз сиёсий қарашлари учун Қозоғистон ҳукумати таъқибига учрагани ва ўзига қўйилаëтган айбларнинг мутлақо асоссиз эканини айтмоқда.

2010 йилнинг октябрида Москвадаги Тверской суди Россия Ички ишлар вазирлигининг Тергов қўмитаси даъвосига кўра¸ Мухтор Аблязовнинг сиртдан ҳибсга олингани тўғрисида қарор чиқарди. У БТА банкнинг Россиядаги филиалини банкротга учратганлик ва маблағларни ўмарганликда айбланди. Бу айбловларни ҳам Аблязов “бемаъни ва Қозоғистон томонидан тўқилган янги уйдирма”, дея рад этди.

Мухтор Аблязов бугунги кунда Қозоғистонда Нурсултон Назарбоев бошқараётган ҳукуматнинг кўзга кўринган сиёсий мухолифларидан бири ҳисобланади.

2002 йилда жиноий жавобгарликка тортилиб 6 йил қамоққа ҳукм қилинган Мухтор Аблязов бир йил ўтиб-ўтмай Нурсултан Назарбоев томонидан шахсан авф этилган эди.

Айрим маълумотларга кўра, бугунги кунда у Россияда рўйхатдан ўтган К+ телеканали, “Голос Республики”, “Взгляд”газеталари ва интернет лойиҳалари эгасидир.

Расмий Лондоннинг ўзига сиёсий қочқинлик мақоми бериш қарори борасида Мухтор Аблязовнинг ўзи ҳозирча бирор изоҳ бермади.

Пулми¸ сиёсат?

Қозоғистонлик сиёсатшунос Расул Жумали учун Аблязовга Ғарбда сиёсий бошпана берилиши “олдиндан кутилган сценарий” экан. “Бу вазиятда Қозоғистон судига ишончсизлик билдириш орқали Буюк Британия ўз фойдасини кўзламоқда”, дейди сиёсатшунос.

- Бошқа мамлакатлардан келган сиёсатчи, тадбиркор ва олигархларга сиёсий бошпана берилиши орқалиБританияда босим ўтказиш имконияти пайдо бўлади. У хоҳ Роҳат Алиев бўлсин, хоҳ Мухтор Аблязов бўлсин. Сабаби, бу шахслар жўн сиёсий қочқинлар эмас, балки улар катта босим кучига эга кимсалардир,- дейди Расул Жумали.

Сиёсатшунос фикрига кўра, Лондон бир қатор Европа мамлакатлари билан бирга ўз ташқи сиёсий қадамларини Вашингтон билан келишилган ҳолда амалга оширмоқда ва бу замонавий дипломатияда кўпдан бери учраётган сиёсий таъсир ўтказиш усулидир.

Аммо бошқа бир қозоқ сиёсатшуноси Дос Қўшим Аблязовга сиёсий бошпана берилишининг сиёсатга алоқаси йўқлигини гапиради.

- Чет мамлакатларидан Қозоғистондан сўраб келаётган “жиноятчи”ларга бошпана берилмаётган бир пайтда Қозоғистон суди қарорларига ишончсизлик ошиб бормоқда. Гап шундаки, улар Аблязовни жиноятчи¸ деб эълон қилмайди. “Биз унинг жиноятчи эканини биламиз, бироқ Қозоғистонда шу қилмишларига яраша адолатли жазо олади, деганларга биз ишонмаймиз”, демоқда. Бу ерда фақат ўша масала бор, дейди қозоғистонлик сиёсатчи.

Дос Қўшимнинг айтишича, 90-йилларда ҳокимият охуридан ем еган Кажегелдин, Роҳат Алиев ва Аблязовларни сиёсий қочқин¸ деб аташ ҳақиқатга мос эмас.

Муҳаммад Солиҳ: Аблязов қочқинликдаги ўзбек олигархларига ўрнак бўлгулик

Буюк Британия аксар собиқ совет республикаларидан чиқиб кетган сиёсий қочқин, тадбиркор ва ҳатто диктаторлар учун қўним масканига айланган. Аксарияти ўтмишда давлат бойликларига бевосита қўл етгулик масофада бўлгани боис катта бойлик орттирган бу собиқ амалдор ва олигархлар Лондон ҳукумати ҳимоятига ўтгач¸ ўз маблағларини сиëсий ғанимларига қарши ишлатишга киришган.

Эрк демократик партиясин лидери¸ яқинда таъсис этилган муҳожиратдаги Ўзбекистон халқ ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ Аблязовга сиёсий бошпана берилишини ижобий баҳолади ва “ҳар қандай сиёсий тузумда¸ албатта¸ сиёсий мухолифат бўлишга ҳақли” эканини таъкидлади.

- Ҳозирги режимларга мухолиф бўлган кучларнинг ичида ҳар хил одамлар - бизнесменлар, профессионал сиёсатчилар, газетачилар, бошқа қатламларда фаолият кўрсатаётган зиёли инсонлар бор. Мухтор Аблязов ҳам бизнесмен сифатида Қозоғистоннинг жорий режимига мухолифлик қилган инсонлардан бири. Мен ҳозирги мухолиф статусини баҳолай олмайман, буни қозоғистонлик сиёсатчилар мендан яхши билади. Лекин менимча, Ўрта Осиёдаги режимларнинг бирортасини “демократик режим” деб бўлмайди. Шу режимларга қарши ўзини кўрсата олган ҳар қандай мухолифат ўзини оқлайди, дейди Ўзбекистон халқ ҳаракати раиси.

Муҳаммад Солиҳ бошқа мамлакатлар, хусусан Қозоғистондан фарқли ўлароқ ўзбек мухолифати орасида режим таъқибига учраган катта бизнес вакилларининг сиёсийлашуви кузатилмаётганидан таассуф билдирди.

- Бизнинг бизнесменлар сиёсийлашмаган бизнесменлар, афсуски. Ҳолбуки, бугунги сиёсий конъюнктурада бизнесменларнинг сиёсийлашуви жуда муҳим эди.Сиёсий спектрда улар ҳам ўзларининг ўринларини олса¸ балки бугунги сиёсий вазият ўзгарган бўларди, деб ўйлайман. Политизация бизнинг иш одамлари орасида бошлангани йўқ, аммо шу бошланиши керак, деб ўйлайман, дейди муҳожиратдаги ўзбек мухолифати етакчиларидан бири Муҳаммад Солиҳ.
XS
SM
MD
LG