Линклар

НАТО ЎИҲ янги раҳбарларини нишонга олмоқда


Покистондаги ҳужумлардан сўнг Афғонистонга қайтган Ўзбекистон исломий ҳаракати жанггариларининг асосан Қундуз ва Балхда фаоллашгани айтилмоқда.

Покистондаги ҳужумлардан сўнг Афғонистонга қайтган Ўзбекистон исломий ҳаракати жанггариларининг асосан Қундуз ва Балхда фаоллашгани айтилмоқда.

НАТО баëнотига кўра¸ 1 июндан бери Ўзбекистон исломий ҳаракати жанггариларига қарши 11 марта ҳарбий амалиëт ўтказилган.


Афғонистондаги халқаро кучлар ва афғон махсус кучлари кейинги икки кун ичида мамлакат шимолида Ўзбекистон исломий ҳаракатига қарашли экани тахмин этилган истеҳкомларга қарши кучли ҳужумлар уюштирди¸ деб хабар берди халқаро кучлар қўмондонлиги.

12 июл куни Ал-Қоида ва Толибон ҳаракатига алоқадор деб қараладиган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг жангговор амалиëтлари учун маъсул шахс Бағлондаги Бурка районида нишонга олинди¸ дейилади қўмондонлик хабарномасида.

Айтилишича¸ Афғонистон махсус кучлари билан биргаликда амалга оширилган қўшма амалиëтларда Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Толибон ва Ал-Қоида жанггарилари учун ҳарбий машғулотлар уюштириб келган Таҳордаги махсус куратори ҳам нишонга олинган¸ ҳаракатнинг бир неча жанггариси қўлга олинган. НАТО нинг таъкидлашича¸ айни шу шахс Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Таҳордаги қатор ҳужумларини уюштиришга бевосита раҳбарлик қилган.

“Ўзбекистон исломий ҳаракатини йўқ қилиш халқаро коалиция ва Афғонистон қуролли кучлари учун асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Июн ойидан бери Афғонистон ҳудудидаги Ал-Қоидага алоқадор террор гуруҳларига қарши амалга оширилган 12 ҳужумдан 11 тасида айнан Ўзбекистон исломий ҳаракатини нишонга олинди. Бу ҳужумлардан бештаси Қундузда¸ тўрттаси Бағлонда¸ бири шимол-ғарбий Балх вилоятида¸ ва яна бири жануб-шарқий Зобул вилоятида амалга оширилди”¸ дейилади Афғонистондаги халқаро коалиция кучлари 13 июл куни эълон қилган баëнотда.

Афғонистондаги халқаро кучлар таъминоти борган сари Марказий Осиëдан ўтувчи Шимолий тармоққа қарам бўлиб бораëтган айни кунларда НАТОнинг айнан Марказий Осиëни беқарорлаштиришни мақсад қилган Ўзбекистон исломий ҳаракатига қарши ҳужумларни кучайтириши табиийдир¸ дейди Ўзбекистон исломий ҳаракатига оид китоблар муаллифи¸ покистонлик журналист Аҳмад Рашид.

- Кейинги бир йил ичида Покистоннинг қабилалар назоратидаги ҳудудлари муттасил ҳужумга тутилганидан сўнг¸ бу ердан бошпана топиб келган Ўзбекистон исломий ҳаракати жанггариларининг кўпчилиги Афғонистон шимолидаги Қундуз ва Балқ вилоятларига кўчиб ўтди. Улар мақсади Афғонистон шимолидан қайта Марказий Осиë¸ хусусан Тожикистон ва Ўзбекистон ичкарисига киришдир. НАТО кучларининг бу жараëнни тўхтатишга уриниши турган гап. Чунки НАТО халқаро кучлар учун ҳарбий ва ноҳарбий юклар транзити борасида Марказий Осиë¸ айниқса Ўзбекистон билан ҳамкорликни кучайтирмоқда ва Шимолий таъминот тармоғи хавфсизлигига ягона таҳдид Ўзбекистон исломий ҳаракатидандир. Покистон билан муносабатлар ëмонлашиб¸ НАТО таъминоти шу йўлга қарам бўлиб борар экан минтақа давлатлари бу тармоқни ўзларича мудофаа қила олмайдилар ва НАТО кўмагига муҳтожлар¸ дейди Аҳмад Рашид.

Ўзбекистон исломий ҳаракати фаолиятини ҳаракат туғилганидан бери кузатиб¸ тадқиқ қилиб келаëтган таҳлилчи Тоҳир Йўлдош ўлимидан сўнг парчаланиб¸ заифлангани айтилаëтган ҳаракат янги етакчиларининг ҳозирда Афғонистондаги толиблар таъсири кучли ҳудудларда жойлашганини тахмин қилади. Кўпчилик кузатувчилардан фарқли Аҳмад Рашид¸ Ўзбекистон исломий ҳаракати ҳамон Марказий Осиë хавфсизлигига таҳдид эканига ишонишини айтади.

-Улар ўз ичидан янги етакчилар танладилар. Аммо биз ҳозирга қадар бу етакчиларнинг ким экани ҳақида кўп нарса билмаймиз. Мен Толибон ва Ал-Қоидага шерик бу ҳаракат ҳали ҳам Марказий Осиë учун таҳдид солишга қодир¸ деб биламан. Чунки ҳаракат сафига қўшилганлар сони анчагина ва бу ҳаракат фаолиятидан манфаатдор кучлар ҳам анчагина¸ дейди покистонлик журналист ва таҳлилчи Аҳмад Рашид.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG