Линклар

Мумбайдаги учта портлашда 21 киши ҳалок бўлди


Портлашдан кейин Мумбайнинг Опера Хаус мавзесидаги манзара.

Портлашдан кейин Мумбайнинг Опера Хаус мавзесидаги манзара.

Чоршанба куни кечқурун Ҳиндистоннинг молиявий пойтахти ҳисобланмиш Мумбай шаҳрида бирин-кетин рўй берган учта портлаш оқибатида 21 киши ҳалок бўлди ва 110 дан зиёд одам жароҳатланди. Ҳукумат расмийлари буни террор xуружи, дея атамоқда.


Ҳиндистон Ички ишлар вазири Паланиаппан Чидамбарам портлашларни “террорчилар томонидан амалга оширилган ҳужум” дея атади.

Мумбайда тиғиз пайт айни авжига чиққанда, одам гавжум жойларда рўй берган портлашлардан кейин кўчаларда қонга беланган жасадлар ва омон қолганларнинг кўзлари даҳшатга тўлган манзарани кўриш мумкин эди. Одамлар тўплана бошлагач, полиция гувоҳларни сўроқ қилиб, ашёвий далиллар ва бошқа портловчи мосламаларни қидиришга тушди.

Портлашлардан бири рўй берган жойга яқин турган юк машинаси ортида жароҳатланганларнинг бир неча нафари шифокорларни кутиб ўтирар эди.

Мумбай шаҳар полиция бошлиғи Аруп Патнаик журналистларга буларни маълум қилди.

- Дастлабки тахминларга кўра, бу террорчиларга алоқаси бўлган ҳужумга ўхшаяпти, деди полициячи.

Полициянинг маълум қилишича, биринчи портлаш маҳаллий соат 18:54да заргарлик буюмлари сотиладиган Жҳавери бозорида рўй берган. Бир дақиқа ўтар-ўтмас, бозордан бир неча километр узоқликдаги, бизнес идоралар жойлашган ва одам билан гавжум бўлган Опера Хаус мавзесида иккинчи портлаш гумбурлади. Соат 19:05да Мумбай марказидаги Дадар маҳалласини учинчи портлаш ларзага келтирди.

Жҳавери бозоридаги биринчи портлаш гувоҳининг сўзларига кўра, иккита мотоцикл портлаб кетган ва бир неча сониялардан кейин воқеа жойида камида олти жасадга кўзи тушган.

NDTV канали мобил телефонига олинган ва кўчада бир нечта жасад ётгани тасвирланган видеони намойиш қилди.

Ҳиндистон Бош вазири Манмоҳан Сингҳ Мумбай аҳлига мурожаат қилиб, “босиқлик ва бирдамлик”ка чақирди.

АҚШ Президенти Барак Обама ҳужумларни қоралади ва “Ҳиндистонга бу ёвуз жиноятларни амалга оширган кимсаларни жавобгарликка тортишда ёрдам” таклиф қилди.

АҚШ Давлат департаментида Ҳиллари Клинтон билан учрашувдан кейин чиқиш қилган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров портлашларни амалга оширганларни қоралаб, Россия Ҳиндистон ҳукумати ва халқи билан бирдам эканини баён қилди.

Клинтон президент Обама баёнотига қўшилиб, Ҳиндистон халқи “жасорати ва матонатини” олқишлади.

- Биз одамлар орасида қўрқув ва парокандалик келтириб чиқаришга қаратилган даҳшатли зўравонлик ҳаракатларини қоралаймиз. Уларни амалга оширганлар мақсадига ета олмаслигини билиб қўйишлари зарур, деди АҚШ давлат котиби.

Маҳарашта штати Бош вазири Притҳвираж Чаван ҳужумларни “Ҳиндистон суверенитетига таҳдид қилиш” дея атади.

Чоршанба кунги портлашлар учун ҳеч бир гуруҳ масъулиятни ўз зиммасига олганича йўқ. Бу 2008 йил ноябрида Мумбайда 166 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳуружлардан бери энг талафотли портлашлар бўлди.

2008 йилги ҳужумни Покистондаги Лашкари Тоиба гуруҳининг 10 жанггариси амалга оширган ва бу Деҳли билан Исломобод ўртасидаги шундоқ ҳам мураккаб муносабатларни янада совуқлаштирган эди.

2008 йил Мумбай ҳуружи боис икки томон ўртасида тўхтаб қолган тинчлик музокаралари атиги бир неча ой олдин қайта тикланган эди.

Покистон Президенти Осиф Али Зардорий ва Бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний 13 июл ҳужумлари юзасидан қўшма баёнот эълон қилиб, одамлар орасида қурбонлар бўлганидан “таассуфда” эканликларини билдирди.

Мумбай шаҳрида 2008 йилги ҳуружлардан кейин хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Ўтган декабрда Покистондаги жанггари гуруҳлардан бири янги ҳужумларни амалга оширишни режалаётганига оид хабар пайдо бўлгач, Мумбай кўчларига қўшимча полиция кучлари ташланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG