Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:53

Қирғизистонда ёнилғи қимматламоқда


Қирғизистон нефтетрейдерлар бирлашмаси масъулларига кўра, айни кунда Қозоғистонда ҳам ёнилғи тақчиллиги кузатилмоқда.
Қирғизистон нефтетрейдерлар бирлашмаси масъулларига кўра, айни кунда Қозоғистонда ҳам ёнилғи тақчиллиги кузатилмоқда.

Россия ва Қозоғистон Қирғизистонни ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари билан таъминлашни тўхтатди.

Бу ҳақда 14 июл куни Қирғизистон нефтетрейдерлар бирлашмаси маълумот тарқатди.

Бирлашма масъулларига кўра, Қозоғистон Қирғизистонга ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини сотишни бир неча ой олдин тўхтатган. Бунга Қозоғистоннинг ўзида ёнилғи тақчиллиги вужудга келгани сабаб бўлган.

- Қозоғистонда тақчиллик туфайли ёнилғи қуйиш шаҳобчаларининг 60 фоизи ишламай қолди. Бензин нархи ҳам кўтарилди. Аммо бундай ҳолат Қозоғистонда ёнилғига бўлган талабнинг ортиши ёки нефт қазишнинг озайиши туфайли пайдо бўлмади. Аксинча, қозоқ ширкатлари ёнилғини қиммат нархда Тожикистон орқали Афғонистонга сотиб юбораётгани оқибатида шундай кўриниш юз берди, - деди Қирғизистон нефтетрейдерлар бирлашмаси раҳбари Жумақадир Акенеев.

Маълумотларга кўра, Россия ҳам Қирғизистонга мана шундай тақиқни жорий қилган. Жумақадир Акенеев Россия заводлари 1 июлдан бошлаб Қирғизистонга ёнилғи жўнатишни тўхтатганини билдирди.

Бунинг оқибатида Қирғизистонда бензин нархи ҳар куни ўртача 30-40 тийинга юқориламоқда. Мамлакат вилоятларида эса бензин тақчиллиги вужудга келган.

Таҳлилчи Турғунбой Алдақулов Қозоғистон ва Россиянинг Қирғизистонга ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари сотилишига тақиқ қўйгани иқтисодий сабаблар билан боғлиқ, деб ҳисоблайди. Унга кўра, Россия ва Қозоғистон Қирғизистоннинг ички бозорида сотиш шарти билангина бу мамлакатни арзон ёнилғи билан таъминлаб келган. Аммо ёнилғи сотувчи компаниялар бу шартни бажармай, чайқовчилик қилишган.

- Масалан, Қирғизистондаги ёнилғи сотувчи ширкатлар бензинни Боткен вилояти орқали Тожикистонга қиммат баҳода сотишмоқда. Ҳозир ширкатлар Қирғизистондаги йирик истеъмолчи ташкилотларга ҳам “Ёнилғини Тожикистонга сотаётган нархимизда олсангларгина сизларни таъминлаймиз”, деб шарт қўйишмоқда, - деди Турғунбой Алдақулов.

Мутахассислар ва таҳлилчилар Қирғизистонга ёнилғи сотилишининг тўхтатилиши иқтисодий сабаблар туфайли юз бераётганини айтмоқдалар. Бироқ айрим сиёсатчилар бунинг ортида Қирғизистонни Россия, Қозоғистон ва Беларус иштирокида тузилган божхона иттифоқига киришга мажбурлаш сиёсати ётибди, деб ҳисоблашади.

Бишкеклик таниқли сиёсатчи Аликбек Жекшенқулов қўшни давлатлар Қирғизистонга босим кўрсатишда ёнилғи масаласидан доимо унумли фойдаланиб келганини айтади:

- Ҳукумат бундай вазият пайдо бўлишини олдиндан ҳис қилиши ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотларининг камида уч ойлик заҳирасини ғамлаб олиши зарур эди. Ҳукумат қуруқ ваъдаларга ишониб, бу борада ўз иқтисодий сиёсатини олиб бормади, - дейди Аликбек Жекшенқулов.

Қирғизистон нефтетрейдерлар бирлашмаси тарқатган маълумотда айтилишича, айни пайтда мамлакатдаги ўнлаб ширкатлар орасида фақат “ГазпромнефтАзия” ширкатигина Россияга алоқадор бўлгани учун Қирғизистонга бензин олиб келмоқда. Бугунги кунда бу ширкатнинг юздан ортиқ ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида ўнлаб машиналардан иборат бўлган навбатларни кўриш мумкин.
XS
SM
MD
LG