Линклар

Қаршида пул жўнатмаларини олиш қийинлашди

  • Садриддин Ашур

Айни кунларда Western Union, MoneyGram ва Золотая корона каби тезкор пул ўтказиш тизимлари орқали миллионлаган меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга пул юбормоқда.

Айни кунларда Western Union, MoneyGram ва Золотая корона каби тезкор пул ўтказиш тизимлари орқали миллионлаган меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга пул юбормоқда.

Муҳожирлар учун ўз яқинларига "ойлик" юбориш воситасига айланган тезкор тизимлар Ўзбекистонда тезкор бўлмай қолаëтир.


Қашқадарёликлар хорижда меҳнат қилаëтган ўз яқинлари юбораëтган пул жўнатмаларини ола олмаяптилар.

“Золотая корона” ва “MoneyGram” орқали юборилган пул жўнатмаларини тарқатадиган “Ҳамкорбанк”нинг Қарши шаҳар филиалида ҳар куни юзлаб одамлар эртадан кечгача навбат кутмоқда. Пул олиш учун узоқ туманлардан келганларнинг икки-уч кунлаб қолиб кетаётганини айтишмоқда.

“Бирдамлик” ҳаракатининг Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Башорат Хидированинг Озодликка айтишича, қашқадарёликлар асосан хизмат ҳақи бошқаларга нисбатан арзонроқ бўлган “Золотая корона” ва “MoneyGram” пул жўнатмалари хизматидан фойдаланади.

"Бироқ “Ҳамкорбанк” асосан Россиядаги меҳнат муҳожирлари юбораётган пулларни вақти бермаяпти, оқибатда куннинг жазираман иссиғида одамлар соатлар оёқда туриб навбат кутишяпти", дейди Озодлик илимосига кўра банкка бориб, воқеани ўз кўзи билан кузатаётган Башорат Хидирова:

- Қашқадарë бўйича эрталаб келишади пул оламан деб. Чунки районлардаги банкларда доллар йўқ. Шунинг учун улар 5-6да машинада ëки бошқа бир нимада Қаршига келади. Банк 9 да очилади. Улар тўрт соат кутиб туради. Спискалар тузилади. Спискада 200-300та одам. Доллар йўқ дейишади. Соат 10ларгача доллар ололмайди ҳеч ким. Обеддан кейин доллар бўлмайди. 45-50 даража иссиқ, кўчада. Ўтиришга жой йўқ. Пул тарқатаëтган кабинет иккинчи этажда. Уч метрга уч метр. Тўртта стул бор, холос. Ҳамма тикка туради. 90та одам, зинапояда 30та одам, пастда ҳам 30та одам, шундай ҳамма турибди, - дейди Башорат Хидирова.

Қашқадарё вилоятининг Усмон Юсупов туманидан 100 километрга яқин йўл босиб келган Парихол Бердиева икки кундан бери эри Россиядан жўнатган пулни ололмай сарсон бўлаётганини гапиради:

- Кеча навбатим етмади. Бугун эса, эрталаб соат 5 дан бери навбат кутяпман. Энди яна обеддан кейинга қолдик. Иккита ёш боламни уйга ташлаб келганман, қаровсиз, - дейди Парихол Бердиева.

Нишон туманидан келган Замира Шукуровага кўра, 14 июл куни эрталаб банкнинг олдига тумонат одам йиғилган эди:

- Эрталаб соат 9 ларда келдим. Ичкарида тахминан 100, ташқарида эса 200га яқин одам бор эди,- дейди Замира Шукурова.

Озодлик бу муаммога муносабат олиш мақсадида “Ҳамкорбанк”нинг Қарши шаҳар бўлими билан боғланди. Банк валюта бўлимининг ўзини таништирмаган ходими пул олиш учун юзлаб одам навбатда турганлиги фактини инкор қилди:

- Йўқ, саноқли одамлар навбатда турибди. Ҳамма ўз пулини олиб кетяпти, доллар етарли, ҳеч қандай муаммо йўқ, - деди “Ҳамкорбанк”нинг Қарши шаҳар бўлими ходими.

Россиядаги “Золотая корона – пул жўнатмалари” тизимининг МДҲ билан ишлаш бўлими ходимаси Дарья Куракованинг Озодликка айтишича, Россиядан юборилган пул узоғи билан 5 минутда Ўзбекистонга бориб тушади. Куракова одамларнинг пул жўнатмаларини олиш учун соатлаб навбат кутаётганини банк ходимларининг лоқайдсизлиги ва эътиборсизлиги деб атади:

- Мана ҳозир компютерда Қаршидаги ҳамкорларимизни кўриб чиқяпман. “Ҳамкорбанк”дан ташқари бу шаҳарда бизнинг ҳамкорларимиз бўлган “Алоқабанк”, “Туронбанк”, “Ипотекабанк” ва “Ипак йўли” банки бор экан. Мижозлар шу банклардан ҳам пулларини олишлари мумкин, - дейди Россиядаги “Золотая корона – пул жўнатмалари” тизимининг МДҲ билан ишлаш бўлими ходимаси Дарья Куракова.

Озодлик меҳнат муҳожирларининг пул жўнатмаларини олишдаги муаммолар бошқа вилоятларда бор-йўқлиги билан қизиқиб кўрди. “Ҳамкорбанк”нинг Тошкент шаҳар бўлими мулозими, бу соҳада умуман муаммо йўқлигини айтди. Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ҳам жўнатмани олиш муаммоси йўқлиги айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG