Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:54

Ўринбой Усмонов озод этилди


Хўжанд ҳибсхонасида бир ой сақланган Би-би-си мухбири шахсан президент Имомали Раҳмон буйруғи билан озодликка чиқарилди.

Бу ҳақда Озодликка Тожикистон Бош прокуратурасининг миллий хавфсизлик идораларида қонун ижросини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Хайруллоев маълум қилди.

- Президент: “Усмонов ҳибсдан озод қилсин”, деб буйруқ берди. Биз қарорини тайёрладик. Аммо Усмоновга нисбатан жиноят ишининг тўхтатилиши ёки бекор қилиниши борасида ҳозирча аниқ бир нарса дея олмаймиз, - деди Муҳаммаджон Хайруллоев.

Эслатиб ўтамиз, Би-би-си радиосининг Сўғд вилояти бўйича мухбири Ўринбой Усмонов шу йилнинг 13 июн куни дараксиз кетганидан бир кун ўтгач, “Ҳизб ут-Таҳрир”га аъзоликда гумонланиб, хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олингани маълум қилинганди.

Шундан бери Би-би-си Жаҳон хизмати жамоаси, дунёдаги қатор нуфузли ташкилотлар Тожикистон ҳукуматидан Ўринбой Усмоновни зудлик билан озод этишни талаб қилиб, унга қўйилаётган айбловлар асоссизлигини таъкидлаб келдилар.

Усмоновга нисбатан аввал эълон қилинган "Ҳизб ут-Таҳрир"га аъзолик айби 28 июн куни олиб ташланса-да, у озод этилмаётган эди.

12 июл куни Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода давлат раҳбари Имомали Раҳмон Ўринбой Усмоновнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ конкрет ҳолатлар ўрганилиб, ҳисобот тайёрланишини талаб қилганини айтганди.

Бош прокуратура расмийси Хайруллоев жанобларининг билдиришича, ўтган куни Сўғд вилоят прокуратурасидан талаб қилиб олинган Ўринбой Усмонов иши икки кун давомида марказда ўрганилиб, президентга ҳисобот тайёрлангандан кейин маҳбус журналистнинг озод этилиши борасида буйруқ берилган.

Аснода бир гуруҳ мустақил таҳлилчилар Ўринбой Усмонов донор ташкилотларнинг Тожикистонга босими туфайли озод этилганини урғуламоқдалар.

Ўз навбатида, буни тожик расмийлари ҳам очиқдан-очиқ тан олаётир. Жумладан, 12 июл куни матбуот анжумани ўтказган Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода Ўринбой Усмоновнинг журналист экани ва унинг ҳибсга олиниши халқаро ҳамжамият норозилигига сабаб бўлаётгани эътироф этганди.

Бугун эса Тожикистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар марказ раиси Суҳроб Шарипов Ўринбой Усмонов иши сиёсийлашиб кетганини таъкидлади.

- Би-би-си Жаҳон мухбири ишида биз жуда эҳтиёт бўлишимиз лозим. Чунки бу масала аллақачон сиёсийлашди. Президентимиз шу йил Ғарбга сафарида қатор нуфузли ташкилотлар масъуллари билан ўзаро ҳамкорликлар борасида мулоқотлар ўтказди. Аммо президент ортга қайтиши билан Би-би-си мухбири ҳибсга олинди. Тожикистон билан ҳамкорликка тайёрлигини билдирган ташкилотларнинг ҳаммаси бу воқеага билдираётган реакцияси албатта Тожикистон обрўсига салбий таъсир кўрсатади, - деди 14 июл куни эрталаб кўп сонли журналистларга матбуот анжумани берган Стратегик тадқиқотлар марказ раиси Суҳроб Шарипов.

Айни пайтда Ўринбой Усмоновнинг озод этилиши ҳаммадан кўпроқ унинг яқинларини қувонтирди.

- Хурсандмиз, янги туғилгандек бўлдик дадамнинг чиққанига. Дадамнинг бегуноҳлиги аниқланди. Президентимизга ҳам каттадан-катта миннатдорчилик билдирамиз. Ўша киши ишни кўришлари билан мана қўйиб юборишди, Худога шукур. Худо хоҳласа, буёғига ҳаммаси яхши бўлади, - дер экан Ўринбой Усмоновнинг ўғли Ойбек дадасининг озод этилишида ҳиссаси бўлган барча халқаро ташкилотлар, элчиликлар ва оммавий ахборот воситаларига миннатдорчилик билдирди.
XS
SM
MD
LG