Линклар

logo-print

Мумбай портлашларида ўлганлар сони аниқланди


Мумбай ҳужумида яраланганлар.

Мумбай ҳужумида яраланганлар.

Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида кеча амалга оширилган портлашлардан сўнгги маълумотларга қараганда, 17 киши ҳалок бўлган, 131 киши яраланган.

Дастлабки хабарда ҳалок бўлганлар 21 нафар, яраланганлар 141 нафар эканлиги айтилган эди. Портлашларни ким уюштиргани ҳозирча маълум эмас.

Ҳиндистон Ички ишлар вазири Паланиаппан Чидамбарам портлашларни “террорчилар томонидан амалга оширилган ҳужум” дея атади.

Мумбайда кеча кечқурун бирин-кетин учта портлаш рўй берди. Портлашларнинг уччаласи ҳам одам гавжум жойларда амалга оширилди.

АҚШ Президенти Барак Обама ҳужумларни қоралади ва “Ҳиндистонга бу ёвуз жиноятларни амалга оширган кимсаларни жавобгарликка тортишда ёрдам” таклиф қилди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ҳам ҳужумларни қоралади.

- Биз одамлар орасида қўрқув ва парокандалик келтириб чиқаришга қаратилган даҳшатли зўравонлик ҳаракатларини қоралаймиз. Уларни амалга оширганлар мақсадига ета олмаслигини билиб қўйишлари зарур, деди Клинтон.

Покистон Президенти Осиф Али Зардорий ва Бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний қўшма баёнот эълон қилиб, одамлар орасида қурбонлар бўлганидан “таассуфда” эканликларини билдирди.

Бу 2008 йил ноябрида Мумбайда 166 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳуружлардан бери энг талафотли портлашлар бўлди.

Ўшанда ҳужумни Покистондаги Лашкари Тойиба гуруҳининг 10 жанггариси амалга оширган эди.
XS
SM
MD
LG