Линклар

logo-print

Нексия Россияда энг кўп сотилган ўнликка кирди


GM Uzbekistan Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси чиқараëтган Нексия машинаси Россияда йил давомида энг кўп сотилган ўнликка кирди.

GM Uzbekistan Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси чиқараëтган Нексия машинаси Россияда йил давомида энг кўп сотилган ўнликка кирди.

GM Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаëтган автомобиллар савдоси Россияда чаққонлигича қолмоқда.


Жорий йилнинг биринчи ярмида GM Uzbekistan қўшма корхонаси ишлаб чиқарган автомобилларнинг Россиядаги савдоси 2010 йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоизга ўсди. Европа бизнеси ассоциацияси қошидаги Автомобил ишлаб чиқарувчилар қўмитаси эълон қилган маълумотларга кўра, 2011 йилнинг январ-июн ойларида Нексия савдо ҳажми бўйича Россия автомобил бозорида 10 ўринни эгаллади.

Автомобил ишлаб чиқарувчилар қўмитаси расмий вакили Виктория Завьялова Озодлик билан суҳбатда ўзбек автомобиллари бозорининг чаққонлигини Россияда автомобил бозорининг барқарорлашуви билан изоҳлади.

- 2011 йилнинг январ-июн ойларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганн 45 127 автомобил сотилган, 2010 йилнинг шу ойларида эса бу кўрсаткич 32 316 автомобилни ташкил этган. GM Uzbekistan маҳсулотларининг савдо ҳажми бир йил давомида 40 фоизлик ўсишни кўрсатди. Мисол тариқасида, жорий йилнинг биргина июнида Россияда Ўзбекистонда ишланган 9 402 машина сотилган бўлса, ўтган йилнинг шу ойида 7395 та машина сотилган. Умуман олганда, сўнгги ярим йилликда Россияда автомобил бозорининг жиддий жонланиши кузатилмоқда, дейди Европа бизнеси ассоциацияси расмийси.

Виктория Завьялованинг ассоциация раиси Дэвид Томасдан олган маълумотларига таяниб таъкидлашича, “2011 йилнинг биринчи ярмидаги машина савдосининг 56 фоизлик ўсиши Россия автомобил бозорининг узил-кесил барқарорлашганини намойиш қилади”.

Ассоциация расмийларининг маълумотига биноан, мамлакатда энг кўп сотилган енгил автомобилларнинг ўнтасидан тўққизтаси – Россияда ишлаб чиқарилган¸ биттаси эса Ўзбекистонники; Россияда сотилаётган ва тўлиқ хорижда ишланган енгил автомобиллар орасида GM Uzbekistan маҳсулоти бўлган Нексия биринчи ўринда.

Виктория Завьялова ўз ташкилоти Россия автомобил бозорининг бу даражада кучайишини ҳатто тахмин қилмаганини гапиради: охирги ярим йилда Россияда жами 1 миллион 200 мингдан зиёд енгил автомобил сотилган.

- Жуда катта инқироздан кейин кескин ўсишнинг кузатилиши табиий ҳол, чунки кўрсаткичлар инқироз даврига нисбатан олинган. Шу сабабли кейинги йил бу кўрсаткичлар бунчалик катта бўлмаса керак, деган тахминимиз бор, дейди Европа бизнеси ассоциацияси қошидаги Автомобил ишлаб чиқарувчилар қўмитаси расмий вакили Виктория Завьялова.

Қўмита маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган Нексия анчадан буён Россияда энг кўп сотилаётган автомобил русумлари ўнлигидан жой олган бўлса, 2011 йилнинг биринчи ярим йиллигида Матиз – 16 ўринни эгаллади.

“Ўзавтосаноат” давлат ширкатига кўра, ўтган йили Россияга 74 419 дона Нексия ва Матиз машиналари сотилган, Ўзбекистон ички бозорида эса 143 минг машина сотилган.

Россияда ўзбек Нексиясида бир неча йилдан буён таксичилик қилаётган 30 ёшли Асрорбек Россияда бу автомобилнинг кўп сотилаётгани сабабларини шундай изоҳлайди.

- Гастарбайтерлар кўп, ака. Бизникилар жуда кўпайиб кетди. Кеча куни бир ўрис аёл хафа бўляпти: “Сенлар жуда кўпайиб кетдинг”. Москва бизнинг ҳисобимизга кенгайяпти. Асосан Москвада таксичилик қиладиган бизнинг болаларда Нексия. Мен бу машинани интернетдан топиб, эгаси билан учрашиб нархини 135 минг деди, беш йил ишлатилган машина экан. Бу машина энг арзон, запчастлари ҳамма ердан топилиши, обслуживаниеси арзонлиги, умуман ҳар томонлама яхши бўлганлиги учун машҳур. Бу пулга иномарка ололмайсиз. Яхши ишланган машина. Русларнинг айтиши бўйича, бу энг арзон иномарка. Чидамли, тез бузилавермайди, кондиционери бор, ходовой тарафлари яхши.

Унинг минус томони металлда, яъни Москва кўчаларига сепадиган агрегатлар машинани тез чиритворади. Металли жуда хрупкий, тез букилади, дейди асли жалолободлик Асрорбек.

Ҳозирда “GM Uzbekistan” қўшма корхонаси йилига 300 мингта автомобил ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, заводда Нексия, Ласетти, Эпика, Матиз, Спарк, Каптива ва Дамас русумидаги автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда.

Расмий хабарларга кўра, 2011 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон ҳукумати ҳозирда ўз фаолиятини тўхтатган Чкалов номидаги авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси цехларида GM Uzbekistan қўшма корхонасининг янги лойиҳаси - GSVEM седанини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга киришган. Лойиҳага ҳозирча 136 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя қилинган ва 2013 йилга қадар ишлаб чиқаришнинг тўлиқ ишга туширилиши кўзланган.

Ўзбек автомобилсозлари хорижлик ҳамкорлари билан Тошкентнинг собиқ авиация заводида йилига 100 минг автомобил ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG