Линклар

Милиционерлар исловатхоналарга ҳомийлик қилади¸ деган ҳуқуқ фаоли милицияга расман тушунтириш беришга мажбур бўлди.


"Озодлик орқали Тошкентнинг Себзор даҳасида фоҳишахоналарнинг кўпайиб бораётгани, унга бевосита миршабларнинг ҳомийлик қилаётгани ҳақида гапирган “Эзгулик” жамияти ҳуқуқшуноси Гулнора Оқилова Тошкент шаҳар ИИББга чақиртирилди”, деб хабар қилди “Ҳаракат” хабар агентлиги.

Мухбиримиз Сарвар Усмон Гулнора Оқилова билан боғланиб, ундан бошқармага чақиртирилиши тафсилотларини сўради.

- Кеча соат 11га шаҳар ички ишлар милициясига мени повестка билан чақиришди. Суҳбатимиз шундан иборат бўлдики, фоҳишалар қаерда бор, қайси адресда. Масалан мен атрофимда бўлаëтган фоҳишахоналарни, одамларнинг кириб чиқишларини, тўполонларини ҳаммасини ëзиб бердим. Ëзма равишда ëзиб беринг, деди.

Озодлик: Гулнора опа, туман ички ишлар бўлимигами ëки шаҳар Ички ишлар бошқармасигами?

Биринчидан, бир кун олдин туман ички ишлар бўлимининг бизларда участка нозирлари бор. Ўшалар келишди уч киши бўлиб. Повестка беришди. “Шаҳарга чақиришаяпти сизни. Бир бориб гаплашиб келасиз” деди. Кейин бордим кеча.

Озодлик: Повесткада нима деб ëзилган? Сизни гувоҳ сифатида чақиришдими нима сифатида чақиришди?

- Ҳеч нарса ëзилмаган. Фақатгина менинг исмим, фамилиям, отчеством, соат 11га деб ëзилган бўлди. 11да бордим. “Мадаминов Баҳром деган одамнинг олдига борасиз” деди. Телефон қилдим. Мадаминов Баҳром, деган келиб олиб чиқиб кетди. Кабинетига олиб чиқди. Ўша ерда икки соат ушлаб ўтирди мени. Бошқатдан тушунтириш хатлари ëзиб бердим. Ҳақиқатан кўрган нарсаларимни, бор нарсаларни ëзиб бердим. Йўқ нарсани гапирганим йўқ.

Озодлик: Сизга притонларнинг адресини ëзиб бер дейишди-а?

- Ҳа.

Озодлик: Ëзиб бердингизми?

- Ëзиб бердим мен билганларимни. Чунки тушунтириш хатини ўзи қонунан гувоҳ одам берарди. Айбдор одам тушунтириш хати ëзади. Мен ўзим айтиб, бу ҳақда информация бериб, мен ҳам гуноҳкор бўиб тушунтириш хати ëзиб келдим.

Озодлик: Учрашув нима билан тугади?

- Борамиз, текширамиз, деди. Кейин кечқурун участка нозири телефон қилиб келиб яна сўради. “Бордингизми?” деди. “Бордим” дедим. Бўлди. Кейин кетишди. Булар “Бизларни ëмонламадингизми” деб бақиришаяпти. Участка нозирлари “Бизларни ëмонламанг” деб тайинлаб юборди.

Озодлик: Бошқармада ëмонламанг деб-а?

- Ҳа. “Бизлар ҳаракат қиламиз. Йўқотамиз ҳаммасини. Бекитамиз” дейишди.

Озодлик: Притонлар ҳақидаги суҳбатимиз эфирга кетганидан бир неча ҳафта ўтди. Ўшандан бери ҳеч қанақа ўзгариш бўлгани йўқми?

- Йўқ.

Озодлик: Сизни мана бошқармага чақиришибди. Балки энди ўзгариш бўлар. Бўлишига ишонасизми?

- Биласизми, мен бу ҳақда бир ярим йилдан бери ҳаммага гапираман. Участка нозирларига ялинардим, ëлворардим. “Илтимос қаранглар. Шунақа гап бўлаяпти¸ нотинч ҳамма ëқ” дедим. УВДда специално бошқарма бор экан милиция ходимларининг ишларини текширадиган. Ўша ерга ҳам ëзганман. Мен прокуратурага ҳам ëзганман. Жавоб олганман. Прокуратурадан олганимга уч ой бўлган.

Озодлик: Нима деган жавоб?

- Текширдик, штраф қилдик, бўлди. Айрим квартирадаги ижарачиларни штраф қилди бўлди. Бошқа гапга ўтишмади. 44 дом 141-квартира бўйича ҳам ëзганман. Одамларнинг кечаси билан кириб чиқишларини. Бу ҳақда ҳам худди шунақа. Штраф қилинди, пропискаси йўқлиги, ижарачи эканлиги аниқланди, бошқа ҳеч қанақа жавоб йўқ бизда.

Озодлик: Мана кеча бошқармага бориб тушунтириш хати ëзиб келдингиз. Энди ўзгариш бўлади деб ишонасизми йўқми?

- Мен ишонмайман. Бир ярим йилдан бери гапириб келдим¸ ўзгариш бўлмаган¸ энди бўлмаса керак. Жимжит ҳамма ëқ. Сизга интервью берганимга ҳам икки ҳафта бўлди.

Озодлик: Озодликка нима қиласан гапириб деган тана дашномлар бўлмадими участка нозирлари ëки бошқарма томонидан?

- Бўлди. Участка нозирларидан бўлди. Бошқармада “Туманингиздаги милиция ходимлари билан гаплашсангиз бўлмасмиди? Нима учун Озодлик радиосига берасиз бутун республикага шарманда қилиб” деди. Мен “Бор гапни гапирдим. Ичимдан тўқиганим йўқ. Ëлғон эмас. Мен бир ярим йилдан бери буларга илтимос қилиб, сўраб ëзиб, ҳеч қанақа фойдаси бўлмади. Фойдаси бўлмагандан кейин шу темани ўзим кўтардим, ўзим бердим” дедим, дейди Гулнора Оқилова.

Тошкентнинг Себзор даҳасида фоҳишахоналарнинг кўпайиб бораётгани, унга бевосита миршабларнинг ҳомийлик қилаётгани ҳақида Гулнора Оқилова Озодликка 29 июн куни айтиб берган эди.

Ўша эшиттиришда Оқилова хоним Озодликнинг притон очганлар учун мамлакат қонунчилигида қандай жазо белгиланган, деган мазмундаги саволга жавобан мана бундай деган эди:

- Жазо уч йилгача. Агар уни ушлаб олиб, ҳақиқатан ҳам қонун доирасида иш қиламан деса, суд орқали уч йилгача жазо беради. Лекин штрафи ҳам бор, условний жазо ҳам бор. Унгача судга олиб чиқадиган одамлар ким? Непосредственно ўша жойнинг инспекторлари. Мавзенинг старший инспекторлари бор. Ўшалар дело тайëрлаб судга олиб чиқиши керак. Унгача булар пулини олиб тинчитиб юбораверади. Бирортаси чиққани йўқ судга, деган эди Гулнора Оқилова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG