Линклар

logo-print

Чала туғилиб¸ нобуд бўлган набирасининг на тириги ва на ўлигини кўрмаган самарқандлик аëлга врачлар шундай баëнот беришган.


Дўхтирга борсам ҳам пул, прокурорга борсам ҳам пул дейди¸

дея ҳасратини достон қилган каттақўрғонлик Фароғат ая ўлик туғилган набирасининг мурдасини ҳам беришмаганидан нолийди.

- Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманидан Тоштемирова Фароғат бўламан. 1 июнда менинг қизимни тўлғоқ тутди-да касалхонага олиб бордим. Олиб борганимдан кейин “Августда туғиши керак эди. Ҳали вақт бор эди. Етти ойлик боласи бор қорнида” дейишди. Улар мендан бир миллион сўради. Менинг ëлғиз қолганлигимни, шароитимни, ҳеч кимим йўқлигини билади. Мен пул бермаганимдан кейин қизимнинг фарзандини қарамади-да, чўзаверди, чўзаверди охир-оқибатда укол билан ичидаги боласини ўлдирди.

Туққандан кейин уни экспертизага олиб кетди прокуратурадан одам. Хоҳ ишонинг¸ хоҳ ишонманг етти ойлик чақалоқни на мурдасини кўрдим, на тириклигини кўрдим, қаерда кўмганини ҳам билмайман. Экспертизадан жавоб келдики, “Қизингда нима бор экан. Олти ярим ойликда туғибди” деб. Кейин прокуратура буни ўзимизнинг участковойга буюрди “кўриб чиқ, врачларни тергов қил” деб. Тергов ҳам қилмади, қарамадиям, делони ëпиб ташлади. “Нима учун?” десам, “Пули борларга қулоқ соламиз, пули йўқларга қулоқ солмаймиз” деб айтди.

Пайшанба шаҳрининг катта врачи Ҳамроев Ҳамза, унинг ўринбосари Нарзуллаев Нажмиддин мана шу аҳволга туширдилар. Докторларнинг бошлиғи бўлади Абдуллаев мажлисдан чиқиб бемалол менга гапираяпти “Пули бор қолади, пули йўқ ўлади”. Кўрсангиз, Самарқандгача бордим. Прокуратура “инсонмисан, келдингми, кетдингми” ҳам демади. Ҳаммасининг тили битта экан. Нима қилишимни билмай юрибман.

Ҳозир ëтиб қолдим. Наҳотки раҳбарларнинг кўзи кўр бўлса? Наҳотки оқ халат кийган докторлар қасамини бузса? Қонун пулга сотилса, қандай ҳаëт кечирамиз? Ўзбекистон ундай, Ўзбекистон бундай деб мақтайдию бизларга қулоқ солувчи одам бўлмаса. Уйимизда уч киши қолганмиз. Ҳаммаси ўлган. Тирик инсон қолмаган, дейди Фароғат ая.

Фароғат ая айтган масаланинг Самарқанд вилояти прокуратурасида кўрилаëтгани маълум бўлди. Халқаро қонун қоидаларга кўра¸ ўлик туғилган боланинг мурдаси оиласига дафн қилиш учун қайтарилиши лозим.


Ангрен кўмир кони ишчиларига ойлик берилмаяпти

Бу ҳақда Озодликка билдирган кўмир кони ишчиси 26 йиллик иш стажига эга экани ва кейинги ойларда ойлик ола олмаëтганидан нолиди.

- Мен Ангренда 20-25 йилдан бери фаолият қиламан. Ойлик масалалари берилмай турибди кўмир конда.

Озодлик: Сиз Ангрен кўмир конида ишлайсиз-а?

- Ҳа, кўмир конида ... (шу ерда суҳбатдошимиз билан телефон алоқаси узилиб қолди)

Кончи амаки гапининг бошида телефони ночорлигидан нолиган эди. Дарҳақиқат¸ гапимиз тугамасданоқ телефон батареяси ўтириб қолди. Телефонни зарядка қилишни Ангрен шаҳрида чироқ ўчгани боис иложи бўлмади.

Сал олдин Ангрендаги пединститут ҳам тугатилгани, пединститут ректори уйини сотиб шаҳардан ғойиб бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Айни пайтда бир пайтлар гуллаб-яшнаган Ангрен таназзул ботқоғига кун сайин ғарқ бўлаëтгани кузатилмоқда.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG