Линклар

Депутатлар Тошкентдаги пропискага оид қонун лойиҳасини тасдиқлади


Янги қонундан сўнг¸ Ўзбекистон вилоятларидан Тошкентга келувчиларнинг шаҳарда ўринлашуви ниҳоятда қийинлашади.

Янги қонундан сўнг¸ Ўзбекистон вилоятларидан Тошкентга келувчиларнинг шаҳарда ўринлашуви ниҳоятда қийинлашади.

Унга кўра¸ Тошкент шаҳри ва вилоятига доимий пропискага ўтиш янада кескинлашадиган бўлди.


14 июл куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага ўтишга ҳақли шахслар категориясини белгиловчи қонун лойиҳасини қабул қилди. “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши мумкин бўлган шахслар тоифалари – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари рўйхати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси энди тасдиқлаш учун Сенатга жўнатилди.

2011 йилнинг январ ойидан Ўзбекистон фуқароларининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пропискага олиниши тўхтатилган ва бу жараëн кимнинг қайси асосда доимий рўйхатга олиниши қонун орқали аниқлангандан кейингина очилади¸ дейди Озодлик мухбири суҳбатлашган Тошкент шаҳар ҳокимлигининг прописка масалалари бўйича ўзини таништиришни истамаган маъсулларидан бири .

- Иккинчи ўқишда тасдиқлашди, лекин ҳали ҳеч қанақа ҳужжатлар тайëрланмади. Тайëрлаб бизларга жўнатади. “Мана бу ишни қилинглар” деб бизларга топшириқ беришади.

Озодлик: Ўзи моҳиятда нима ўзгарди?

- Ҳеч нарса ўзгармади. Бир хиллар фиктивний бракка ўтиб қилиб олади-да прописка масаласида. Шуларнинг олдини олиш масаласи кўрилди асосан. Улар бир йил турадида ўзаро. Бир йил тургандан кейин пропискага қўйиш йўлга қўйилсин¸ деган. Олдин тўғридан-тўғри бўлаверарди. Эр-хотин бўлса бўлди пропискага қўйиш йўлга қўйиларди. Ҳозир бир йил туриб беради, кейин комиссиядан ўтади. Кўпроқ вилоятдан хотин олади-да, асл мақсад турмуш қуриш эмас прописка бўлади. Шунақа махинацияларнинг олдини олиш мақсадида ўзгартириш қилинди.

Озодлик: Уйи бўлиб туриб пропискаси йўқлар-чи?

- Уни ўқидим. Лойиҳада уларга прописка қўйилсин дейилган. Бу лойиҳада. Аниқ нимаси 5-10 кун ичида келиб қолади. Келгандан кейин яна аниғини кўрамиз. Тайëрланаëтган лойиҳани кўрган эдим мен.

Озодлик: Ҳозир районларда ҳеч кимга прописка бермаяптику. Ëпилгaн деяптику.

- Олдин Олий Мажлисдан бизларга келиб тушади. Бу ëқдан қарор қилинади. Қарордан кейин районларда иш бошланади.

Озодлик: Унгача ҳеч кимга прописка берилмайдими?

- Йўқ, унгача берилмайди. Бўлди дегани¸ ҳозир сессия бўлди. Сессияда тасдиқланди. Тасдиқлангандан кейин ўшанга доир қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилди.

Озодлик: Бунга қанча вақт кетади?

- Ўртача бир ой. Икки ҳафтада ҳам бўлиб кетиши мумкин. Тезлаштиришга боғлиқ. Қонун доирасида кўриладиган бўлса, бир ойда бемалол қилишлари керак ўзи. Тартиби бўйича шунақа. Лекин тез ҳам, секин ҳам бўлиб кетиши мумкин. Энди муҳокама қилинади-да. Энди секин муҳокама қилиниб пастга тушиб кетаверади.

Озодлик: Масалан¸ менинг синглимда вилоят пропискаси. Тошкентдан уй ололмайди энди-а?

- Йўқ, ололмайди энди. Тошкент шаҳрида, Тошкент вилоятида пропискаси бўлмасдан туриб уй олиш мумкин эмас.

Озодлик: Тошкент вилоятида пропискаси бўлса, шаҳардан олиш мумкинми?

- Масалан¸ сиз шаҳарликсиз. Тошкент вилоятидан уй ололмайсиз ўзингизнинг номингизга. Тошкент вилояти ҳам шунақа тартиб қўйди. Тошкент шаҳрида қанақа тартиб бўлса, Тошкент вилоятида ҳам шунақа тартиб.

Озодлик: Бу янгиликми?

- Ҳа. Олдин Тошкент шаҳридагилар Тошкент вилоятидан уй олардию. Энди у нарса бўлмайди.

Озодлик: Тошкентда пропискаси бўлмаса, дейлик¸ Қашқадарëдан келиб Тошкентда уй ололмадими?

- Йўқ. Олдин пропискага ўтади. Тошкентда пропискадаман, холамникида яшаяпман, уй олмоқчиман деб кейин уй олса бўлади. Тўғридан-тўғри пропискаси йўқ бўлиб туриб уй ололмайди.

Озодлик: Масалан¸ менинг жияним Қашқадарëдан келиб менинг уйимга прописка қила оладими?

- Билмадим лекин. Мисол учун ўғлингиз, қизингиз, яқин қариндошингиз нима бўлса, ўзингизга чақириб пропискага қўйишингиз мумкин. Жиянга энди асос бўлиши керак.

Озодлик: Бу қонундан кейин ҳам прописка жуда очилмайди-а?

- Ўзгаришлар кўп лекин. Сал қаттиқроқ бўлади энди.

Озодлик: Ўзи шундоқ ҳам қаттиқ эдию.

- Яна қаттиқроқ бўлади энди. Чунки кўпчилик шундан фойдаланиб қилаëтган эдида.

Озодлик: Ўзи ëпиқ эдию яқингача.

- У просто вақтинча эди. Сиз ҳам тўғри тушунинг-да. Вилоятларда инфратузилма кучаймаяптида, ривожланмаяпти. Одамларнинг ҳаммаси бу ëққа келаверса, ўзгариш бўлади, лекин шаҳарда ишсизлар сони кўпайиб кетиб қоладию унда. Ҳамма вилоятдан келаверса, меъëр бузилиб кетиб қоладию. Вилоятда ҳам ўсиш бўлиши керакку. Ўсиш ҳамма ëқда бир текис бўлиши керак¸ деди Тошкент шаҳар ҳокимиятининг прописка масалалари бўйича маъсулларидан бири.

Ўзбекистон депутатлари¸ “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши мумкин бўлган шахслар тоифалари – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари рўйхати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тасдиқлар экан¸ бу қонун аҳолининг конституцион ҳақларини таъминлашга қаратилган ва ушбу соҳада йиғилиб қолган қатор муаммоларни ҳал қилажагини даъво қилдилар.

Аммо ўзбекистонлик мустақил ҳуқуқшунослар¸ бу қонуннинг асл моҳиятига кўра¸ ҳам Ўзбекистон конституцияси¸ ҳам Ўзбекистон ҳукумати қўл қўйган халқаро пактларга мутлақо зид эканини таъкидламоқдалар.

- Қонун лойиҳаси билан танишмадим, лекин билишимча қонунда кўрсатилган иккита масала бор. Биринчидан, кўчмас мулкка эга бўлган инсон ва бундан ташқари оилавий муносабатлардан келиб чиқиб турмуш қурган инсон Тошкент шаҳрида пропискага эга бўлиши мумкинлиги кўрсатилмоқда. Бу дегани вилоятдан келиб иш топиб ишлаб турган инсон прописка масаласини ҳал қила олмаслиги аниқ кўриниб турибди. Бундан келиб чиқиб меҳнат ҳуқуқининг ҳам чекланишига олиб келади. Яъни у иш жойидан маҳрум бўлади.

Биз халқаро ҳужжатларга имзо чекканмиз. Фуқаролик ва сиëсий ҳуқуқлари тўғрисидаги пактда 12-модда бор. Айнан шу моддада “Инсон эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга” деб тан олинган. Бундан ташқари “давлат бу ҳуқуқни чеклаши мумкин эмас” деб бизлар тушунишимиз керак. Чунки халқаро пактга бизлар имзо чекканмиз ва шу ҳуқуқнинг давлат ҳудудида таъминланишига кафолат олганмиз давлат сифатида. Агар ҳозирги кунда биз қандайдир сабаблар билан, баҳоналар билан бу ҳуқуқни чеклайдиган бўлсак, бизлар мана шу ҳуқуқий ҳужжатни бузган деб ҳисобланамиз¸ дейди ўзбекистонлик мустақил ҳуқуқшунос Гулнора Эшонхонова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG