Линклар

logo-print

14 июл куни президент Раҳмон буйруғи билан озод этилган BBC мухбирига қўйилаëтган айблар юзасидан суд ҳукм чиқаради.


Марказий Осиëда диний-экстремистик ташкилот сифатида фаолияти тақиқланган Ҳизбут-Таҳрир гуруҳига аъзолик айби билан бир ой аввал ҳибсга олинган Би-би-си радиоси ўзбек хизмати мухбири Ўринбой Усмонов 14 июл куни яқинлари бағрига қайтди.

Лекин бу озодлик, тожик расмийларига кўра, Ўринбой Усмоновнинг оқланганини англатмайди – президент Раҳмон буйруғига мувофиқ¸ эҳтиёт чораси сифатида уни ҳибсда сақлаш тартиби ўзгартирилган¸ холос. Шу юзадан унга нисбатан очилган жиноят ишининг маҳкамада кўриб чиқилиши айтилмоқда.

Тожикистон Бош прокуратураси қарори билан кеча озодликка чиқарилган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов мамлакатдан чиқмаслик борасида огоҳлантирилган.

Ўринбой Усмоновнинг озодликка чиқарилганини олқишлаб, баёнот тарқатган Би-би-си жамоаси ва Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Тожикистон расмийларини журналистга нисбатан айбловларни олиб ташлашга даъват этмоқда.

Жумладан¸ Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг 14 июл кунги баёнотида, Ўринбой Усмоновга нисбатан айбловлар ўз тасдиғини топмаганини назарга олган ҳолда Би-би-си мухбирини бутунлай оқланиши сўралган.

Озодлик билан суҳбатда Ўринбой Усмоновнинг ўзи оқланишига ишонишини айтди.

- Тожикистонда дунёвий демократик давлат барпо этилишига олдиндан ишониб келгандим. Мана бугун ўзимнинг ҳаётим мисолида яна бир марта бунга ишондим. Муҳтарам президентимиз Имомали Раҳмон ғамхўрлиги остида ҳозирча мени ҳибсда ушлаб туриш тартиби ўзгартирилган бўлса, келгусида бутунлай мени озод этилишимга ишонаман, деди Ўринбой Усмонов.

Би-би-си радиосининг ўзбек хизмати мухбири Ўринбой Усмонов 13 июн куни Хўжандда хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.
Ҳизбут-Таҳрир экстремистик ташкилотига аъзоликда гумонланаётган Ўринбой Усмонов¸ хавфсизлик хизмати расмийларининг айтишича¸ уч кишининг кўрсатмаси асосида ҳибсга олинган.

Ўтган бир ой давомида такрор-такрор баёнотлар билан чиққан қатор халқаро ташкилотлар бу ишнинг англашмовчилик эканини таъкидлаб келдилар.

Ўринбой Усмоновнинг ўзи эса айрим кишиларнинг ўзига нисбатан шахсий хусумати сабабли ҳибсга олинганини айтади.

- Ҳизбут-Таҳрир фаолиятини 11 йил давомида ёритиб келганман. Ва албатта¸ мен бу ташкилот ҳақида ҳақиқатни ёзганман. Ҳақиқатни ёзганлигим кимларгадир, жумладан шу Ҳизбут-Таҳрир вакилларига ёқмагандир. Мен буни ўзимга нисбатан хусумат деб биламан. Чунки ўша кўрсатма берганлар юзлаштириш вақтида мендан узр сўрашди ва менинг бу ташкилотга ҳеч қандай алоқам йўқлигини эътироф этишди, дейди Ўринбой Усмонов.

Хавфсизлик хизмати ҳибсхонасида ўша кўрсатма берган шахслар билан юзлаштирилганидан кейин, Ўринбой Усмоновга аввал эълон қилинган Ҳизбут-Таҳрирга аъзолик айби олиб ташланди.

Ҳимоячи Файзинисо Воҳидованинг айтишича, ҳозирда Ўринбой Усмонов Тожикистон Жиноят Кодексининг 306 ва 307-моддалари, яъни “Журналист хизмат ваколатини суиистеъмол қилганлик” ва Ҳизбут-Таҳрир аъзолари ҳақида давлатнинг тегишли идораларига хабар бермаганлик”да айбланмоқда.

- Ўринбой Усмоновга қўйилаётган айблар енгил жиноятлар категориясига киради. Бунинг учун қонунда алтернатив жазо белгиланган. Яъни шу модда билан айбланаётган судланувчи жарима тўлаб озодликка чиқарилиши ё бўлмаса беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Қонунларимиз талабига кўра, Усмонов иши судда кўриб чиқилади. Ва унинг гуноҳсизлигини фақат суд белгилаб беради, деди ҳимоячи Файзинисо Воҳидова.

Айни пайтда Тожикистон Журналистлар иттифоқи масъуллари ва Европа Иттифоқининг бу мамлакатдаги элчиси Ўринбой Усмоновнинг кейинги тақдири ўзлари томонидан тўла назорат қилиб турилишини билдирди.

- Европа Иттифоқининг Тожикистондаги элчиси Ўринбой Усмоновнинг озод этилишига оид давлат тегишли идоралари қарорини олқишлайди. Шунинг баробарида Европа Иттифоқи Ўринбой Усмонов ишини тўла назорат қилиб боради, дея билдирди халқаро ташкилотнинг матбуот билан ишлаш бўлим масъули Маҳбуба Абдуллоева, Европа Иттифоқининг Душанбедаги элчиси баёнотини ўқиб эшиттирар экан.
XS
SM
MD
LG