Линклар

Машинада аптечка бўлмаса жарима 250 минг сўм

  • Садриддин Ашур

Йўл ҳаракати қоидаларининг кескинлашгани оқибатида қоидани бузувчилар сонининг камайгани айтилмоқда.

Йўл ҳаракати қоидаларининг кескинлашгани оқибатида қоидани бузувчилар сонининг камайгани айтилмоқда.

15 июлдан бошлаб йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳайдовчилар учун қўшимча маъмурий жазолар кучга кирди.


15 июлдан бошлаб автомобилларида аптечкаси бўлмаган ҳайдовчилар энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорида жаримага тортилади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири томонидан тасдиқланган низомга кўра, аптечкада биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун 17 турдаги дори-дармон ва тиббий ускуналар бўлиши шарт. Қонни тўхтатиш учун чирмов, ҳар хил турдаги бинтлар, лейкопластир, сунъий нафас олдириш учун ускуна, нашатир спирти, қайчи, тиббий қўлқоп шулар жумласидандир.

Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси тарғибот-ташвиқот бўлими ходими Акром Арзиевнинг айтишича, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 26 март куни маъқуллаган ва 26 апрел куни Ўзбекистон президенти томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар тўғрисида”ги қонунга биноан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий чоралар кучайтирилгани, яхши натижалар бермоқда:

- Янги қоидаларга кўра маст ҳолда рулга ўтириш бир ярим йилдан уч йилгача ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум этиш билан жазоланяпти. Агар машинани ҳеч қанақа ҳужжатларсиз бошқарса 497 минг сўмга жаримага тортилади, дейди Акром Арзиев.

Мутасаддига кўра, янги кучга кирган аптечкалар ҳақидаги талаб долзарблиги билан аҳамиятга эга. Зеро, дейди Акром Арзиев, йўл фалокати содир бўлган ҳолатда баъзан машиналардан битта бинт ҳам топиб бўлмайди.

Фарғоналик ҳайдовчи Комилжон Раупов ҳам ҳозир аксарият автомобилларда аптечкалар йўқлиги айтар экан, буни ҳайдовчиларнинг ҳафсаласизлигига йўяди.

- Ҳозир ўзимнинг миниб юрган Москвич, энди буни шу яқин ўртага минамиз¸ аптечкам йўқ. Тошкентга эса Дамасларни кира қилиб юк олиб борамиз, лекин уларнинг ҳам бирортасида аптечка кўрмаганман. Тўғри, аптечка бўлиши керак, бу ўзимизнинг ҳаётимизга тааллуқлику,- дейди Комилжон ака.

Суҳбатдошнинг айтишича, жарималарнинг оширилганлиги йўл ҳаракати қоидалари бузилишининг камайишига олиб келди:

- Ҳозир мен билан Тошкентга қатнайдиган шофёримиз, ҳар сафар қайтишда уйга яқин қолганда 100 грамм ичиб оларди. Биласизми жарималар кучайтирилгандан кейин у рулда ичмай қўйди. Эээ, қўлга тушсам камида бир ярим йил ишсиз қоламан ёки катта миқдорда пора бериб қутулишимга тўғри келади, дейди. Шунга шофëрлар ҳам энди ўйлаб мошин минадиган бўлишяпти, дейди Комилжон Раупов.

Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида истиқомат қилувчи ҳайдовчи Нуриддин Комилов бу қонунларнинг қабул қилинганини яхшиланиш сари ўзгариш деб айтар экан, айни пайтда ҳайдовчиларнинг ҳам ҳукумат ва инспекторларга талаблари борлигини таъкидлайди. Биринчидан, дейди, Нуриддин Комилов, йўл ҳаркати хавфсизлиги тизимида кадрлар аттестациясини ўтказиш керак:

- ДАН ходимларининг жуда кўпчилиги маълумотсиз, саводсиз ва қўпол. Ҳарбий хизматдан келгану, таниш-билишчилик ёки порахўрлик йўли билан ишга кириб олган. Уларнинг шофëрлар билан инсоний муомаласи йўқ, шофëр қоидани бузганми, бузмаганми ваҳшийларча ёпишади, шофëрга. Осмондан келиб гапиради, дўқ-пўписа қилади. Улар бунга шунчаки кўникиб кетган, дейди Нуриддин Комилов.

Иккинчидан дейди, Нуриддин Комилов жарималарнинг ошиши инспекторлар орасида коррупциянинг янада авж олишига сабаб бўляпти:

- Порахўрлик авж олди. Штрафларнинг мингтадан биттаси давлат чўнтагига киряпти, холос. Ҳатто фоторадар қўйилган жойларда ҳам туришади улар. Жарималар энди отни калласидай, қоидани бузган шоферга ўшани ярмини бериш таклиф қилинади. Шофëр худди бозордагидай тортишиб бир нарса бериб, қутулади, дейди Нуриддин Комилов.

Ва учинчидан, деб хулосалайди ўз кузатувчиларини бу ҳайдовчи, йўлларда бахтсиз ҳодисалар содир бўлмаслиги учун йўлларнинг аҳволига ҳам эътибор бериш керак:

- Биз сотиб оладиган ҳар литр бензинга йўл солиғи солинади. Ҳар бир ҳайдовчи ҳар йили юз минглаб, кўп юрадиганлари эса миллионлаб сўм йўлга солиқ тўлайди. Лекин бугун аксарият йўллар хароб, ўйдим-чуқур бўлиб ётибди. Хўш, биздан қоидани бузмасдан юриш талаб қилинаётган экан, ҳукумат ва йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари бизларни талабни ҳам бажарсин-да. Қарс икки қўлдан, чиқади, дейди жомбойлик ҳайдовчи Нуриддин Комилов.

Расмий маълумотларга қараганда, сўнгги уч йил ичида Ўзбекистон бўйлаб 40 мингта йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда қарийб 8 минг киши нобуд бўлган, тақрибан 41 минг киши тан жароҳати олган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG