Линклар

Петербургда "Власть"ни тортиб олишди


Санкт-Петербургда шаҳар губернатори Валентина Матвиенконинг “Власть” журнали муқовасида чоп этилган бу сурати ҳам унга ëқмаган кўринади.

Санкт-Петербургда шаҳар губернатори Валентина Матвиенконинг “Власть” журнали муқовасида чоп этилган бу сурати ҳам унга ëқмаган кўринади.

Санкт-Петербургда шаҳар губернатори Валентина Матвиенко фотосурати чоп этилган “Власть” журналининг тиражи сотувдан олиб ташланди.


14 июл куни Санкт-Петербург ҳуқуқ ҳимояси кенгаши шаҳар прокурорига “Власть” журналининг 90 фоизи сотувдан мусодара қилинганига эътибор қаратиш мурожаати билан чиқди.

Журналнинг 4 июлидаги сонида Санкт-Петербург губернатори Валентина Матвиенконинг Россия парламенти юқори палатаси – Федерал Кенгашни бошқаришга ўтишдан олдинги шаҳар ҳокими лавозимидаги фаолияти таҳлил қилинган.

“За сосули перед Отечеством” деб номланган мақолага Матвиенко хонимнинг Россия президенти Дмитрий Медведевнинг Санкт-Петербург маъмуриятидан давлат парламентининг юқори палатасини бошқаришга ўтиш таклифини қабул қилгани ҳамда губернатор лавозимидаги ютуқлари ва камчиликлари мавзу бўлган.

“Коммерсантъ” нашриёт уйи тижорат директори Павел Филенков Озодлик билан суҳбатда Петербургдаги киосклардан “Власть”нинг мусодара қилингани ҳақида оддий фуқаролар хабар берганини гапиради.

- Бироқ бирорта матбуот тарқатувчи бу маълумотни расман тасдиқламади, ваҳоланки бизда тиражнинг мусодара қилинишини расман бўлмаса-да тасдиқловчи хужжатлар мавжуд, деди Павел Филенков.

“Коммерсантъ” тижорат директори журнални тарқатувчи “Метропресс” ширкатининг ўзини таништирмаган ходимига таяниб¸ “Власть”нинг июл сонини сотувдан олиб ташлаш тўғрисидаги буйруқ Санкт-Петербург маъмуриятининг Матбуот қўмитасидан берилганини айтади. Аммо қўмита раиси Александр Коренников бу айбловларни рад этди ва “Власть” тиражи тўлиғича сотилган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

“Коммерсантъ” тижорат директори Павел Филенков Валентина Матвиенко ҳақидаги танқидий мақола айрим амалдорларнинг ғашини келтирдан бўлиши мумкин, дейди.

- Бу мақола Валентина Матвиенконинг губернаторлиги ва Федерация Кенгашига ўтишига бағишланган. Шунингдек, журнал муқовасига мақола қахрамонига ёқмаган бўлиши мумкин фотосурат ёпиштирилган. Шулар тиражнинг сотувдан олиб ташланишига сабаб бўлган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайман. Лекин бу Матвиенконинг буйруғи асосида қилинганига ҳам шубҳа билан қарайман. Бу мутассадиларнинг унга ёқиш учун қилган ўзбошимчалиги бўлиши мумкин, дейди Павел Филенков.

Шунга қарамасдан, Филенков “Коммерсантъ” нашриёт уйи матбуот тарқатувчилардан “Власть” журналининг тўлиқ тираж нархини талаб қилиб олишини билдирди.

Айни пайтда, Петербург ҳуқуқ ҳимояси кенгаши “Власть”нинг сотувдан мусодара қилиниши юзасидан тафтиш ўтказиш талаби билан Петербург прокуратурасига мурожаат қилди. Бу ҳақда Озодлик мухбирига ташкилотнинг масъул котиби Наталья Евдокимова маълум қилди.

- Ҳар қандай журнал хоҳлаган сиёсатчи ва унинг фаолияти тўғрисида маълумот чоп этишга ҳақли – оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги Конституциямизда белгиланган. Бу журналлар прокурор санкциясисиз мусодара қилингани сабабли, вазиятни аниқлаштириш талаби билан Санкт-Петербург прокурори Сергей Петрович Зайцевга мурожаат қилдик, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Наталья Евдокимова.

“Сўз эркинлиги ҳимояси жамғармаси” президенти Алексей Симонов Озодликка “Власть” журналининг сотувдан олиб ташланишига ўзи бошқараётган ташкилот ва Россия Журналистлар иттифоқи қатъий эътироз билдирганини маълум қилди. Симонов бу каби ҳодиса биринчи маротаба содир бўлаётгани йўқ, дейди.

- Россия провинцияларида бу каби амалиёт тез-тез кузатиб турилади: муайян шаҳар ёки минтақада номақбул мақолалар чоп этилгани олдиндан маълум бўлиб қолса, газета тиражи йўқ бўлиб қолади. Касимов шаҳрида ҳам маҳаллий газетанинг бутун тиражи ғойиб бўлиб қолган эди. Масала “Қачонгангача маъмурият амалдорлари қонунларни инкор этиб яшайди”, деган саволга бориб тақалмоқда, дейди “Сўз эркинлиги ҳимояси жамғармаси” президенти Алексей Симонов.

Кузатувчилар¸ журналнинг сотувдан олиб ташланиши борасида буйруқ ҳақиқатан юқоридан жўнатилгани исботланса¸ Россиядаги учинчи олий лавозим – парламент юқори палатаси раислигига тайинланган Валентина Матвиенконинг обрўсига жиддий путур етиши мумкин, деган фикрни билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG