Линклар

Озодликда Ўзбекистондаги айрим шахслар ва муаммоларни танқид қилишга бел боғлаганларнинг кўпи¸ ҳатто ўз исмини айтишдан қўрқади...



“Мен ботирман, лекин қўрқаман -1”

"Эркин микрофон"га 15 июл куни қўнғироқ ўзбекистонликлардан бири Ўзбекистон республикаси мустақиллигининг 20 йиллиги олдидан бошлаганимиз “Нима қилиб қўйдингиз?” эшиттиришининг биринчи меҳмони ёзувчи Аҳмад Аъзамга ўз муносабатини билдириш истагида эканини айтди.

Майли, билдиринг, дедик ва микрофонни ёқдик.



Озодлик: Олдин ўзингизни таништиринг.

- Ўзимни таништирмасамчи?

Озодлик: Майли таништирмасдан айтингчи.

- Аҳмад Аъзамнинг радиога берган интервьюсига, “Нима қилиб қўйдингиз?” деган саволга, мен ўзимча айтмоқчиман, мен Аҳмад Аъзамни 1990-1991 йиллардан бери жуда яхши биламан. У олдин ҳақиқатан ҳам мухолифат сафида эди. Мухолифатдан кетди. Мухолифатдан кетгани ўз эътиқодидан воз кечиб кетган, деб ҳисоблайман. Президент Каримовнинг диктатор ва золим бўлишига ҳиссасини қўшди, деб ҳисоблайман Аҳмад Аъзамни 20 йил давомида. Каримов ҳақида мақтаб ëмонлаб мақола ëзмаган бўлса ҳам, ëзувчи-шоирлар ўз халқига фидокор бўлиши керак. Лекин у ўз халқига фидокор эмас, деб ҳисоблайман. Чунки унинг хизмати йўқ халқ олдида.

Озодлик: Ëзувчи-шоирлар халқига фидокор бўлиши керак, деб айтаяпсиз. У мажбуриятни ким юклаган? Нимага сиз унақа талаб қўяяпсиз?

- У халқ ëзувчиси бўлишга анави қилган.

Озодлик: Нима қилган?

- Сарой ëзувчисига айланиб қолган, йўқ сарой ëзувчисига ҳам айланмаган, нима демоқчи эдим, умуман халқ манфаатини ëзмайди, унинг ëзган асарларини ҳеч ким ўқимайди ҳам керак бўлса. Тўғрисини айтиш керакда.

Озодлик: Сиз халқ ўқимаслигини қаердан биласиз?

- У Аҳмад, нима дейди асарлар, масалан Усмон Азимнинг асарларини ўқиш мумкин.

Озодлик: Сиз ўзингиз Аҳмад Аъзамнинг ëзганларини ўқиб кўрганмисиз?

- Ҳа, ўқиганман. Менга умуман ëқмаган-да.

Озодлик: Сизга ëқмайди дегани, бутун халққа ëқмайди дегани эмаску!

- Энди ким билади, ўз эътиқодидан воз кечган, Каримовга хизмат қилмаган, нима деса бўлади ...

Озодлик: Мана сиз ҳозир Аҳмад Аъзамни айблаяпсиз. Айни пайтда ҳатто ўзингизнинг исмингизни айтишга қўрқаяпсиз. Буни қандай тушуниш мумкин?

- Тўғри, тўғри. Майли бўлмаса керак эмас. Интервью бермайман бўлмаса.

Озодлик: Шунақада. Энди тўхтанг. Мана ҳозир сиз Аҳмад Аъзамни танқид қилаяпсиз. Аҳмад Аъзамга берилга саволни сизга берай. 20 йилдан бери сиз нима қилиб қўйдингиз?

- Доимо мухолифат сафида бўлганман мен. Ундай анави қилмаганман.

Озодлик: Мухолифат сафида бўлиб нима қилиб қўйдингиз?

- Кўп ишлар қилганман.

Озодлик: Нима?

- (озгина ўйланиб) Мақтанишни мен билмайманда.

Озодлик: Мақтанинг-да. Мақтанинг.

- (кулиб) Шу ўз эътиқодимдан воз кечмаганман¸ Худога шукур¸ Аҳмад Аъзамга ўхшаб.

Озодлик: Эътиқодингиз нима?

- Масалан¸ Ўзбекистонда демократик давлат тузиш.

Озодлик: Демократик давлатни ҳатто исмини айтишга қўрқиб тузиш мумкинми?

- Йўқ, тўғри, тўғри, сизнинг айтганингиз тўғри. Исмимни айтаман кунлар келиб. Исмимни айтаман. Мен қўрқаман ҳозир. Айни вақтда.

Озодлик: Сиз ҳозир ҳатто Ўзбекистон ҳудудида эмассиз.

- Тўғри. Мажбурман энди, дейди ўзбекистонлик суҳбатдош.


“Мен ботирман, лекин қўрқаман -2”

"Эркин микрофон"га бугун қўнғироқ яна бир ўзбекистонлик қишлоғидаги йўлларнинг ёмонлигидан шикоят қилди.

Озодлик: Аввало ўзингизни таништиринг.

- Мен исмимни айта олмайман¸ кечирасиз.

Озодлик: Майли ҳеч бўлмаса қаерданлигингизни айтинг, ëшингизни айтинг, касбингизни айтинг. Умуман айтишингиз мумкин бўлган нарсани айтинг.

- Мен Янгўйил туманидаги Ҳамроқул Турсунқулов номли собиқ жамоа хўжалигида яшайман. Бизнинг қишлоқ ерларимиз ҳақида гапирмоқчи эдим. Жуда ҳам абгор ҳолатда ҳозир. Тўғри катта йўлларимиз, вилоятлараро йўллари, туманлараро йўллар ëмон эмас. Лекин қишлоқ йўлларимиз жуда ҳам абгор ҳолатда. Мана олдинги йили “Қишлоқ тараққиëти ва фаровонлиги йили” бўлдию. Ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Бизнинг Ҳмароқул Турсунқулов номли колхоз ўша йиллари, мана 1963 йилда бизга Никита Хрушëв келган, 1965 йили Сурия президенти Ҳафиз Асад келган, 1966 йили Гагарин Титов билан келган, уч марта Меҳнат қаҳрамони номли колхоз. Эшитган бўлсангиз керак. Совет даврида газ бор эди бизда. Жуда ривожланган колхоз. СССР тарихи деган китоб бор биласиз. Ўша китобда бизнинг колхоз ҳақида ëзилган. Ҳамма СССР халқи ўқиган ўшани. Ҳозир колхозимизда йўл абгор ҳолатда. Юриб бўлмайди.

Озодлик: Ëшингиз нечада сизни?

- 60.

Озодлик: Касбингиз нима? 60га киргунча нима иш қилгансиз?

- Мен давлатнинг ишида бўлганман.



Озодлик: Туман даражасида давлат амалдор бўлганмисиз ëки вилоят даражасидами?

- Туман. Ҳуқуқшуносман.

Озодлик: Сўнгги 20 йил ичида демак ишлагансиз-а?

- Беш йил бўлди пенсияга чиққанимга.

Озодлик: Мен касб-корингизни бежиз сўрамаяпман. Энди ўзингиз тушунтиринг. Биз кўраëтганимиз йўқ. Сиз қишлоқ абгор аҳволда деяпсиз. Бунинг сабаби нимада?

- Йўллар.

Озодлик: Хўп йўллар. Сабаби нимада?

- Сабаби олдин колхоз раислари бўларди тўғрими. Совхоз директорлари бўларди. Ўшалар йўлларни таъмирлаб турарди. У ëқ бу ëғи ямоқ бўлса ҳам тўғирлаб турарди. Раислар йўқ, директорлар йўқ, фермерлар ўзи билан ўзи. Йўлга қарайдиган ҳеч бало йўқ. Олдин Янгийўлда дорожно строителное управление бўларди. Ҳозир умуман йўқ.

Озодлик: Пенсияга чиққанингизга беш йил бўлибди. Унгача сиз ҳам ҳуқуқшунос экансиз, ҳам туман даражасидаги давлат амалдори бўлганман деяпсиз. Ҳуқуқшунос, туман даражасидаги давлат амалдори бўлган бўлсангиз, сизнинг ҳам айбингиз бор. Нима учун ўша пайтда йўлларни ўнглашга ҳаракат қилмагансиз?

- Энди биз давлатнинг ишида бўлганлигимиз учун бундай ишларга бошимизни тиқишга журъат қилмаганмиз. Гапнинг очиғи бизнинг ҳам айбимиз бор. Ҳар ким ўзининг лавозимидан қўрқади, чўчийди¸ биласиз. Шундай ҳолат бўлган.

Озодлик: Демак, қишлоғингизнинг йўлларининг абгор бўлиб қолишида сизнинг ҳам айбингиз бор эканда!

- Бор, оз-моз бор. Тўғри, бўйнимизга ҳам олишимиз керак. Абгор бўлгани билан жуда ëмон ҳолатда келди, жуда расво. Бир нарса айтиб¸ бир нарса қилиш қийин энди бизда. Шароитни ўзингиз биласиз, дейди ўз қишлоғидаги йўллар ëмонлигидан шикоят қилган суҳбатдош.


“Саодат, Малоҳат, очликни тўхтатинглар, фойдаси йўқ!”

Баъзи ўзбекистонликлар қарийб 20 кун очлик акцияси ўтказган тошкентлик журналистлар Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоноваларга мурожаатларини етказиб қўйишимизни сўраб "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилдилар.

Улардан бири Россияда ишлаётган меҳнат муҳожири, андижонлик ўқитувчи йигит.

- Мен Андижон вилоятиданман. Исмим Солижон. Ëшим 39да. Ҳозир мен Россияда меҳнат муҳожириман. Аввал ўзимизнинг Ўзбекистонда ўқитувчилик касби билан шуғулланганман. Мен доимо сизларнинг эфирга узатаëтган маълумотларингдан хабардор бўлиб тураман. Ҳаттоки Ўзбекистонда ҳам шундай эди. Мен Малоҳат опа ва Саодат опаларнинг олиб бораëтган акциялари ҳақида хавотир билдириб бир-икки оғиз гаплар гапирмоқчи эдим. Опалар¸ сизларга аввало мен ишингларга муваффақият, оилавий тинчлик хотиржамлик тилайман. Лекин бу олиб бораëтган акциянгларнинг натижаси¸ менимча¸ яхшимасга ўхшайди. Нимага десанглар¸ ўзингларнинг соғлигингларни йўқотиб қўйишинглар мумкин. Ҳали сизлар Ўзбекистон учун, Ўзбекистоннинг келажаги учун жуда ҳам кўплаб ишларни қилишингларга, кўплаб ҳақиқатларни очишингларга тўғри келади. Нимагаки сизлар журналист экансизлар. Шунинг учун мен бундай қалтис акцияни тўхтатишингларни илтимос қиламан. Мана ҳозир Ўзбекистон раҳбарининг асл башараси кўриниб қолаяпти. Мана 20 кунга қараб кетаяпти ҳалигача бирортаси сизларнинг тақдиринглардан хабар олмаяпти. Шунинг учун ўзингларнинг соғлигингларни ўйлаб, келажакни ўйлаб, ўзбек халқини ўйлаб шу акциянгларни тўхтатишингларни илтимос қиламан мен.

Озодлик: Сиз Ўзбекистонда нимадан дарс берардингиз?

- Ҳарбий таълимдан.

Озодлик: Ҳозир Россияда нима иш қилаяпсиз?

- Меҳнат муҳожириман. Тўғри келган ишни қилиб юрибман, дейди Россияда ишлаётган меҳнат муҳожири, андижонлик ўқитувчи йигит.



Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоноваларга мурожаатини етказиб қўйишимизни Поп туманида яшайдиган пенсионер отахон ҳам илтимос қилди.

- Мен Абдувалиев Набижон. 15 апрел 1938 йилда Чодак қишлоғи, Поп тумани, Наманганда туғилганман. Ҳозир нафақахўрман.

Озодлик: Очлик эълон қилган журналистларга муносабат билдираман дедингиз. Марҳамат.

- Уларни қизларим десам ҳам бўлади, сингилларим десам ҳам бўлади. Бизнинг президентимизга инсоннинг ҳеч қандай нимаси йўқ. Ўзбекистоннинг Худоси ҳисоблайди ўзини. Худо ҳеч қачон оддий фуқарони олдига чақирмайдиям, олдига бормайдиям. Шунинг учун улар очлик қилмасдан ўзини боқиб конституциядаги қонунлар билан олишса бўлади деган умидим бор-да, дейди наманганлик Абдували ота.

Очлик эълон қилган журналистлар учун қайғураётган ўзбекистонликларга шуни маълум қилиб қўймоқчимизки, 15 июл куни Малоҳат Эшонқулова ҳам 19 кунлик очликни тўхтатишга мажбур бўлди. Уч кун олдин очлик акциясининг иккинчи иштирокчиси Саодат Омонова соғлиги ёмонлашгани боис акцияни тўхтатган эди.

Қарийб 20 кун давом этган очлик акцияси самара бермади. Ўзбекистон хукумати бу акцияга муносабат билдирмади. Президент Ислом Каримов журналистларни қабул қилмади.


“Укамнинг қотили очиқда юрибди”

Бундай шикоят билан "Эркин микрофон"га сирдарёлик тингловчимиз мурожаат қилди.



Йўлдош ака Назаров билан жуда узоқ суҳбатлашдик. У киши укаси ўлдирилганидан кейин бўлиб ўтган барча ишларни, қайси идораларга неча марта шикоят қилганини, шикоятларига ҳеч ким қулоқ солмаётганини бирма-бир айтиб берди.

Йўлдош аканинг айтишича, укаси билан боғлик можародан инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамияти аъзоси, сирдарёлик Исроилжон Ризаевнинг ҳам хабари борлигини айтди.

Жаноб Ризаевга ўзимиз мурожаат қилдик.



Озодлик: Исроилжон ака, Йўлдошвой ака укасининг қотилларини жазоламаëтганликда Сирдарë вилоят ҳуқуқ-тартибот органларини, суд органларини айблаяпти. Бу ишдан хабарингиз бор экан. Йўлдошвой аканинг шикоятида жон борми йўқми?

- Йўлдошвой ака Назаров шикоятларида жон бор. Чунки у кишининг укалари 1958 йилда туғилган Назаров Ҳайитали ака, олий маълумотли, тарихчи, ички ишлар органларида қисқа муддат ишлаган аввал, сўнгтра халқ таълимида мактаб директори лавозимида ишлаган. Халқ депутатлари вилоят кенгашининг аъзоси, раис бўлиб ишлаган. Вилоятда ўрта зиëлилар табақасида эди у киши. Бир йилдан ошиб қолди кечқурун қайсидир тадбирдан келаëтган пайтларида, энди тўғрисини айтиш керак, ширакайф аҳволда бўлганлар. Таксидан тушганда ëш йигитларга гап ташлаганми ëки ўртада нима бўлганини билмаймиз. Кейин жиноятчи ëш йигит, исм-фамилияси эсимда йўқ, пичоқ билан бир-иккита жойларига тан жароҳати етказиши оқибатида шу ерда қолиб кетиб, бир-икки соатдан кейин жон таслим қилганлар. Бу йигитни топиб тергов қилди Гулистон шаҳар Ички ишлар бўлими тергов бўлинмаси. Ундан кейин иш судга ошди. Гулистон шаҳар Жиноят ишлари бўйича судларида кўрилди бир йил давомида.

Йўлдошвой ака Назаров бизга мурожаат қилди қотилнинг очиқда қолганликлари, эҳтиëт чораси қўлланилмаëтгани тўғрисида. Сўнг Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судидан иш кўриб чиқиш учун Оқ олтин туман судига ўтказганликлари, мана бизга охири марта қайтадан шикоят қилдилар Йўлдош ака, энди мана бу йигитнинг ëшини ҳам ëш кўрсатишиб, қайтадан экспертиза тайинлаш тўғрисида Оқ олтин туман Жиноят ишлари бўйича суди ажрим чиқарибди. У кишининг шикоятларида шунақа дейилаяптики, яқинда президент фармони билан мустақилликнинг 20 йиллигига катта амнистия чиқиши кутилаяпти. Ўшангача ҳуқуқ-тартибот, прокуратура, суд органлари атайлаб мана шу жиноятни ëпиб юбориш, амнистияга илиниши учун қандайдир манфаатдорлик эвазига аниқ бўлган жиноят ишини чўзиб келаяпти¸ деб иддао қилаяптилар.

Озодлик: Йўлдошвой ака шунақа деб иддао қилаяпти. У киши жигар. У кишига қотил дейилаëтган одам қанча тез ва қанча жиддийроқ жазоланса, шунча яхши. Мен сизга мурожаат қилишимнинг сабаби сиз холис одам сифатида, ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида шу кишининг шикоятларида жон борми йўқми¸ шуни сиздан билмоқчиман.

- Қисқа қилиб жавоб бераман, шикоятларида жон бор. Энг оғир жиноятку. Қотиллик содир бўлган. Тергов ҳаракатлари олиб борилиб, айблов хулосасида тасдиқланган. Қотил юрибди. Ана шу Ўзбекистон республикаси 103-моддаси д банди билан айбланаяпти оғир тан жароҳати етказиш билан ўлимга олиб келиш масаласи бўйича. Бу содир бўлган факт.

Озодлик: Лекин қотил озодликда юрибди.

- Бемалол озодликда фаолият юритиб, менинг эшитишим бўйича таксичилик ҳам қилар экан, ëш йигит экан. Энг қизиқарлиси, суд жараëнларида буларнинг яқинлари, қариндошлари, фарзандлари бораяпти. Қотил ҳам булар билан ëнма-ëн суд курсисида ўтирибди. Эҳтиëт чораси ҳам қўлланилгани йўқ-да.

Озодлик: “Нима учун қотил деб гумон қилинаëтган, қотил деб тергов қилинган шахс ташқарида юрибди? У пулдорми ëки бирор-бир амалдорнинг боласими?” деб сўрасам, Йўлдошвой ака “Амалдорнинг боласи” деди. Сиз биласими у кишининг шахсини?

- Шахсини билмадим. Эшитишимча¸ шу оналари тижорат ишлари билан маршрутка йўналишлари бўйича ишга аралашади, дейишди. Гаров пули тўланган¸ деган хабарни ҳам эшитдик, дейди инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамияти аъзоси, сирдарёлик Исроилжон Ризаев.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG