Линклар

logo-print

Марказий Осиё тил топиша оладими?

  • Гулнора Равшан

Тожикистонлик таҳлилчилар фикрича, Афғонситондан коалиция кучларининг чиқарилиши минтақадаги барқарорликка таҳдид туғдириши мумкиню

Тожикистонлик таҳлилчилар фикрича, Афғонситондан коалиция кучларининг чиқарилиши минтақадаги барқарорликка таҳдид туғдириши мумкиню

Тожикистонлик таҳлилчилар Марказий Осиё давлатлари эҳтимолий таҳдидларга шай туриш лозимлигини айтмоқдалар.

“АҚШ ва НАТО кучлари Афғонистонни тарк этиши ортидан Марказий Осиё давлатлари терроризм ва экстремизм жиддий хавфи исканжасида қолиши аниқ”.

Тожикистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар марказ раиси Суҳроб Шарипов куни кеча шундай баёнот билан чиқди.

Унининг айтишича, июн ойида Марказий Осиё давлатлари экспертларининг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган йиғинида айнан шу мавзу муҳокама қилинган.

Тожик мулозимининг маълум қилишича, ҳар бир мамлакат экспертлари бу йўналишда аввал алоҳида тадқиқот олиб боради. Ана шу тадқиқотлар хулосаси асосида Марказий Осиё мамлакатларининг ягона стратегияси ишлаб чиқилади.

- Марказий Осиё стратегияси Россия, Хитой ва бошқа шу каби йирик давлатлар иштирокисиз ишлаб чиқилиши лозим,- дея таъкидлади тожик расмийси Суҳроб Шарипов.

Стратегик тадқиқотлар маркази раисига кўра, минтақа ягона стратегияси доирасида Марказий Осиё ҳукуматлари Ғарб давлатларидан маҳаллий кадрлар тайёрлаш ва техник масалаларда ёрдам сўрайди.

-Россия ҳукуматидан эса “Окно” фазони назорат қилувчи оптик-электрон ҳарбий марказидан фақат ўз миллий манфаатлари учунгина эмас, балки Тожикистон хавфсизлиги ва давлат чегараларини назорат қилишда текин ёрдам беришини талаб қилиш лозим, - дер экан тожик мулозими Суҳроб Шарипов, Тожикистон мулки саналган бу ҳарбий марказ келгуси 45 йил фойдаланиши учун Россияга текинга берилганини қистириб қўйди.

“Ўз навбатида, - дея қўшимча қилади Тожикистон Стратегик тадқиқотлар марказ расмийси Суҳроб Шарипов, - Марказий Осиё давлатлари ўзаро ихтилофлардан тийилиши ва коалиция кучлари чиқиб кетгач, Афғонистондан келаётган эҳтимолий таҳдидларга қарши курашда бирлашиши зарурдир”.

Бироқ мустақил таҳлилчилар Марказий Осиё давлатларининг ўзаро бирикишига шубҳа билан қараётир.

Қирғизистонлик мустақил таҳлилчи Ўрўзбек Мўлдалиев гарчи Афғонистондан экстремизм ва террор эҳтимолий таҳдидлари умумий муаммо эса-да, Ўзбекистон ва Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон бу муаммо ечимида бирикишига ишонмайди.

- Ўзбекистон деярли барча масалаларда ўз принципини илгари суради. Минтақада мавжуд кўпгина жиддий муаммолар айнан Ўзбекистон томонининг эътирози боис ўз ечимини топмайди. Бундан минтақада ўз геосиёсий режаларни амалга оширишга уринаётган йирик давлатлар моҳирона фойдаланади, - дейди таҳлилчи Ўрўзбек Мўлдалиев.

Шу ўринда айтиб ўтсак, минтақа давлатларидан Ўзбекистон ва Туркманистон ҳозирча Марказий Осиё давлатлари ягона экспертлар гуруҳи таркибига кирмагани маълум бўлди.

Тожик расмийси Суҳроб Шариповнинг гапига ишонадиган бўлсак, келгуси ойда Бишкек ёки Душанбеда бўлиб ўтиши кутилаётган Марказий Осиё экспертлари йиғинида Афғонистонга чегарадош Ўзбекистон ва Туркманистон минтақа стратегиясини ишлаш экспертлар гуруҳига кириши кутилмоқда.

Тожикистонлик сиёсий таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов мулоҳазасича, Марказий Осиё давлатларининг ўзлари мустақил тарзда минтақадаги муаммоларни ҳал қилиб олишлари учун энг аввало дарёлар юқориси ва қуйисидаги давлатлар ўртасидаги энг муҳим муаммоларга ечим топилиши лозим бўлади.

-”Русларсиз, Европасиз муаммомизни ҳал қиламиз”, деган билан иш битмайди. Йирик давлатлар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолишни истамаётган минтақа давлатлари сув ва сув захиралари ҳамда энергетикага оид жиддий масалаларни ўзаро келишган ҳолда ҳал қилиб олиши лозим. Агар қўшнилар бу масалаларда ҳамжиҳат бўла олмас экан, қолган масалаларда ҳам бир битимга келиши амри маҳолдир,- дейди тожикистонлик мустақил таҳлилчи Мамадазимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG