Линклар

logo-print

АҚШ расмийлари март ойида Пентагонга кибер қароқчилар томонидан жуда қаттиқ зарба берилганини очиқлади.

АҚШ Мудофаа вазири ўринбосари Уилям Линннинг билдиришича, март ойида кибер қароқчилар “ўта аҳамиятли маълумотларни қўлга киритишига муваффақ бўлган”.

Мазкур ҳужум пайтида кибер қароқчилар Пентагон компютер тизимидан 24 мингта файлни ўғирлаган. Бу АҚШ тарихидаги энг катта кибер ҳужум сифатида баҳоланмоқда.

Уилям Линн кибер ҳужум бошқа бир мамлакат томонидан уюштирилган ва бу ҳужум ортида ким тургани Пентагонга маълум эканини билдирди.

Шу муносабат билан кибер макон ҳақидаги янги стратегия ишлаб чиқилди ва у эски стратегиядан катта фарқ қилади.

Янги стратегияга биноан кибер макон Пентагон учун ер, сув ва ҳаводаги каби ҳарбий ҳаракат ҳудудига айланади.

- Йигирма биринчи асрда биттлар ва байтлар ўқ ва бомбалар каби қўрқинчлидир. АҚШ қонунлари бўйича катта кибер ҳужумга нисбатан ҳарбий жавоб қайтариш ҳуқуқи сақланиб қолинган, - деди Линн.

Унинг айтишича, кибер макон юзасидан янги стратегия мудофаа йўналишига кўпроқ эътибор қаратади.

Пентагон кибер ҳужумни бошқа давлатлардангина эмас, террорчилардан ҳам кутиш мумкинлигини билдирди.

Эски стратегия Пентагонни хакерлар ҳужумидан қутқара олгани йўқ. Янги стратегияда эса Пентагон хакерларни дунё бўйича излайди ва уларга қарши курашади.


- Бизнинг кибер маконимиз оддий ҳаётимиздаги мудофаа тизимимизнинг кўзгуси бўлиши керак. Аниқроқ айтсам, бизнинг асосий мақсадимиз ҳужумга йўл қўймаслик. Ҳужум бўлмаслиги учун эса унинг олдини олишимиз керак, -деди Линн.

Пентагон 15 мингдан ортиқ компютер тизими билан алоқа қилади ва бу тизимга дунё бўйича 7 миллион компютер уланган.

Пентагон тармоғи кунига бир миллион марта ҳужумга учрайди ва охирги ўн йил ичида бу ҳужумлар натижасида бир терабайт маълумот ўғирланган. Мазкур ўғирликлар ракета ва назорат тизими, сателлит алоқаси, авиакосмос технологияларига таалуқли. Хакерлар ҳужуми оқибатида АҚШ иқтисоди 1 триллион доллар зиён кўрган.

АҚШ бундан аввал Россия ва Хитойни кибер ҳужумлар уюштирганликда айблаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG