Линклар

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг бир ярим йилдан бери очилмаётгани оқибатида Фарғона водийси аҳолиси нарх 40 фоизга кўтарилганини айтади.

Қўқон бозорида савдогарлик қилувчи Музаффар чегара ёпилгунига қадар Қирғизистоннинг Қорасув шаҳридаги бозордан Хитой кийим-кечагини олиб келиб, ўз шаҳрида сотар эди. Кийим-кечакнинг нархи арзон бўлгани учун ҳам харидори кўп эди. “Аммо чегара ёпилгач, Қўқонда арзон кийим-кечак қолмади, ҳисоб”, дейди Музаффар.

Унинг айтишича, чегара ёпилгач Қўқондан Қорасувга қатнаган савдогарлар сони 90 фоизга камайиб кетган. Фақат ўзбек ва қирғиз чегарачиларидан таниш билиш орттириб, тил топишиб, ўз даромадига уларни ҳам қисман шерик қилган савдогарларгина бугунги кунда контрабанда йўли билан Қорасувдан Қўқонга маҳсулот ташимоқда. Бунинг устига йўлкира ҳам қимматлаб кетган.

- Бугунги кунда Хитой маҳсулотлари нархи камда 30-40 фоизга қимматлади. Авваллари юк ташувчи машина эгалари Қорасувдан Қўқонгача маҳсулотни етказиб бериш учун 350 минг сўм олган бўлсалар, ҳозир 1 миллион сўм талаб қилишаяпти. Мана шунинг натижасида нарх кўтарилиб кетган. Бунинг устига чегарачиларга ҳам пул бериш керак, -дейди музаффар.

Ўз номини айтишимизни истамаган олтинкўллик суҳбатдошимиз эса Қирғизистоннинг Қорасувидан Ўзбекистоннинг Олтинкўлига контрабанда йўли билан маҳсулот олиб келиш схемасини айтиб берди:

- Контрабанда билан маҳсулот олиб ўтадиган одамлар ҳамма вақтда бўлган. Чегара ёпилганидан сўнг ҳам бу иш тўхтаб қолгани йўқ. Ўзбекистонлик ва қирғизистонлик савдогарлар келишилган асосда иш қилишмоқда. Масалан, қорасувлик савдогар олтинкўллик савдогар телефон орқали заказ қилган товарни Қирғизистон чегарасига олиб келиб, қирғиз чегарачилари билан келишади ва Ўзбекистонга ўтказади. Ўзбекистонлик савдогар эса бу товарни ўзбек чегарачиси билан келишган ҳолда чегаранинг бу томонида қабул қилиб олади, -дейди олтинкўллик суҳбатдош.

Суҳбатдошимиз телефон орқали ўзбек ва қирғиз чегарачилари контрабанда йўли билан олиб ўтилаётган маҳсулотни “кўрмай” қолиши учун қанча ҳақ олишларини айтолмаслигини билдирди. Аммо бундан икки ҳафтача олдин Ўшдаги халқаро тадбиркорлик кенгаши вакили Актилек Тункатаров Озодлик радиосига бу ҳақ ҳар бир одамга 300 қирғиз сўми, ёки таҳминан 8 долларга тенг эканини айтган эди.

Савдо соҳасига алоқадор икки ўзбекистонлик суҳбатдошларимиздан билганимиз шуки, Қирғизистондан Ўзбекистонга арзон маҳсулотлар олиб ўтувчи савдогарлар сони 90 фоизга қисқарган, қолган 10 фоизи эса чегарадан ноқонуний тарзда юк олиб ўтмоқда ва бунинг учун муайян миқдорда чегарачи ва божгирларга ҳақ тўламоқда.

Қўқонлик суҳбатошимиз Музаффардан “Қорасувга қатнамай қўйган 90 фоиз савдогар ишсиз қолдими?” деб сўрадик. Музаффар бу саволимизга “Йўқ, ишсиз қолишмади”, деб жавоб берди. Унга кўра, авваллари Қорасувдан маҳсулот олган савдогарлар энди Тошкентга, Гулнора Каримовага таалуқли экани айтиладиган “Абу Саҳий” ширкатига қатнамоқда. Музаффар чегара ёпиқлигига қарамай, “Абу Саҳий” фирмаси Қорасувдан мол олиб ўтаётгани ва уни Тошкентдан туриб Ўзбекистон бозорларига тарқатаётганини айтди:

- “Абу Саҳий”нинг Қорасувдан олиб келиб, Тошкентда тарқатаётган маҳсулотлари жуда қиммат нархджа эди. Шунинг учун ҳам савдогарлар Қорасув бозорига боришни афзал билишар эди. Бироқ чегара ёпилгач, савдогарларнинг 90 фоизи таваккал қилишдан бош тортиб, Тошкентга “Абу Саҳий” фирмасига қатнаяпти. Менимча, чегарани ҳам сунъий тарзда, “Абу Саҳий” кўпроқ фойда кўриши учун ёпиб туришибди, -дейди Музаффар.


Ўзбек-қирғиз чегарасининг ёпилганидан қирғизистонликлар ҳам иқтисодий жиҳатдан анча қийналишди. Маълумотларга кўра, айниқса қирғизистонлик фермерларга жуда қийин бўлган. Чунки қишлоқ хўжалиги учун керак бўлган ёнилғи мойлаш маҳсулотлари, кимёвий ўғитлар Ўзбекистондан Қирғизистонга арзон баҳода ташиб ўтилар эди.

- Бу ҳолат сўзсиз қишлоқ хўжалигига таъсир кўрсатди. Сабаби, буғдой ўрими бошланганда дизел ёнилғиси баҳоси қирқ сўмгача, яъни салкам 1 долларга кўтарилди. Бу ўтган йилга нисбатан 100 фоизга қиммат. Кимёвий ўғитларни ўтган йилларга нисбатан 3-4 баробар қимматга сотиб олдик. Шунинг учун ҳам бугунги кунда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари таннархи аввалги йилларга нисбатан 2-3 баробар қимматга тушмоқда, -деди қирғизистонлик фермер Акибай Сўўрунбаев.

Ўзбек-қирғиз чегарасининг ёпиқ қолаётганидан ўзбекистонликлар ҳам, қирғизистонликлар ҳам қийналаяпти. Аммо расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон тарафи ҳам, Қирғизистон тарафи ҳам расмий Тошкент томонидан бир томонлама равишда ёпиқ қўйилган чегарани очиш борасида музокаралар ўтказмаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG