Линклар

Медиа магнат Руперт Мердок ўзига қарашли газета журналистларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракати учун матбуот орқали кечирим сўради.

16 июл куни Руперт Мердок ўзига қарашли News Corporation ширкати 11 сентябр қурбонлари телефонларига оид ёзувларни ноқонуний тарзда қўлга киритиш ҳаракатлари учун матбуот орқали кечирим сўради.

Мердокнинг кечирими Daily Mail, Daily Telegraph, Guardian, Independent, Financial Times, Sun ва Times газеталари орқали эълон қилинади.

News Corporation ширкати мухбирлари бедарак йўқолган болалар, 2005 йил 7 июл ва 2001 йил 11 сентябр террор ҳуружлари қурбонларининг яқинлари ҳамда Афғонистон ва Ироқда ҳалок бўлган аскарлар оила аъзолари телефонларини, жами тахминан 4000 минг одамнинг сўзлашувларини ноқонуний равишда эшитиб келганликда айбланмоқда.

Мазкур ширкатга қарашли, Британияда энг катта тираж билан чиқадиган 168 йиллик тарихга эга “News of the World” газетаси таҳририяти ўз мухбирлари сиёсатчилар, таниқли шахслар ва қирол оиласига алоқадор кишиларнинг телефонларини эшитишни йўлга қўйганини тан олиб, газетани ёпишга қарор қилдилар.

Мёрдок Sky News телеканалига берган интервюсида медиа-ширкат газетада қўлланилган усулларни маъқулламаслигини таъкидлади.

- Мен афсусдаман. Баъзи журналистлар қўллаган амалиёт биз, мен ҳамда бу ширкат ишонган журналистика тамойиллари ва сифатига мос келмайди, - деди Мёрдок.

15 июл куни News Corporation ширкатининг Британия бўлими ижрочи директори Ребека Брукс ва ширкатнинг молия хизмати директори Лес Хинтон телефон сўзлашувларини ноқонуний қўлга киритиш айбловлари ортидан истеъфога кетишини маълум қилдилар.

Медиа магнат Руперт Мёрдок ушбу жанжаллар ортидан Британиядаги BSkyB пуллик телеканалини сотиб олиш режасидан воз кечди.

Британия Бош вазири Дэвид Камерон кеча CNN каналига берган интервюсида бу хабарни олқишлади.

- Менимча, бу тўғри қарор. Мен News International ширкати “News of the World” газетаси билан боғлиқ муаммони ҳал қилиб олиши кераклигини айтиб келаётгнан эдим. Шунинг учун бу нафақат ширкат учун, балки мамлакат учун ҳам тўғри қарордир. Лекин ҳозир мен бугун эълон қилган полиция тергови ва жамоатчилик суриштируви билан боғлиқ ишга киришишимиз лозим,-- деди Камерон.

АҚШ Федерал тергов бюроси Руперт Мердокнинг News Corporation ширкати 11 сентябр қурбонлари телефонларига оид ёзувларни ноқонуний тарзда қўлга киритишга урингани тўғрисидаги айбловлар юзасидан тергов бошлади.

14 июл куни Британия парламенти босимларига ён берган Мердок ва унинг ўғли мазкур масала юзасидан суриштирув ўтказаётган парламент комиссияси олдида келаси ҳафта кўрсатма беришга розилик берди.

Руперт Мердок медиа салтанати дунёдаги энг йирикларидан бўлиб, унинг жами даромади қарийб 33 миллиард долларга етади.
XS
SM
MD
LG