Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:17

Ғофур Раҳимов ООК вице-президентлигига қайта сайланди


Бу Ғофур Раҳимовнинг Осиё Олимпия кенгаши раҳбар муовини вазифасига тўртинчи бор сайланишидир.

14 июл куни Токиода ўтган Осиё Олимпия кенгаши бош ассамблеяси кун тартибида, маълумотларга кўра, ташкилот ижроия қўмитаси аъзолари ҳисоботи эшитилиши билан бир қаторда ООК раҳбариятини сайлаш масаласи ҳам бўлган. Пировардида Осиё Олимпия кенгаши президенти лавозимига амалдаги қувайтлик президент Шайх Аҳмад Ал Фаҳад Ас Сабоҳ бир овоздан сайланган.

Шунингдек, мажлисда ўзбекистонлик Ғофур Раҳимов ҳам яна тўрт йилга Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти лавозимига сайлангани айтилмоқда.

Газета.уз сайтининг ёзишича, кенгаш раҳбарияти Раҳимовнинг ООК вице-президенти лавозимидаги фаолиятини, хусусан, 2011 йил бошида Қозоғистонда Қишки Осиё ўйинларининг муваффақиятли ўтказилишига қўшган ҳиссасини юқори баҳолаган.

ООКдаги раҳбарлик лавозимига тўртинчи маротаба сайланаётган Ғофур Раҳимов ўтган йил кузида Олмаотада Осиё бокс конфедерацияси президенти этиб ҳам сайланганди. Айни пайтда у Халқаро бокс федерациясининг вице-президенти ҳам бўлиб ҳисобланади.

Ўтган асрнинг 80-90-йилларида Ўзбекистонда таниқли “криминал авторитет”лардан бири бўлиб ҳисобланган Ғофур Раҳимов, айрим оммавий ахборот воситалари маълумотларга кўра, кейинчалик жиноят оламидан йироқлашиб, легал тадбиркорлик билан шуғуллана бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2007 йил бўйича маданият ва спорт соҳасида эришилган ютуқлар учун Ўзбекистон маданият ва спорт вазирлиги томонидан мукофотланганлар орасида мамлакат президентининг қизлари Гулнора ва Лола Каримова билан бир қаторда Ғофур Раҳимов ҳамда Ўзбекистондаги яна бир “криминал авторитет” Салим Абдувалиевлар бор эди. Ўшанда Ғофур Раҳимов “Спортнинг халқаро миқёсдаги фаол тарғиботчиси” ўлароқ тақдирланганди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси сайтидаги маълумотларига кўра, Ғофур Раҳимов ва Салим Абдувалиев ҳозир ҳам МОҚ вице-президентлари бўлиб ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG