Линклар

logo-print

Хатлонда “Таблиғ жамоати” вакили судланмоқда

  • Гулнора Равшан

Маълумотларга кўра, таблиғчи аёллар диндош ҳамжинсларини парҳезкор бўлишга, авратларини яшириб юришга даъват қилган.

Маълумотларга кўра, таблиғчи аёллар диндош ҳамжинсларини парҳезкор бўлишга, авратларини яшириб юришга даъват қилган.

Тожикистон жанубида “Таблиғ жамоати”нинг “Мастурот” гуруҳи фаоли Муродбек Қаландаров маҳкамага тортилди.

Хатлон вилоят прокурори ёрдамчиси Толибжон Азимовнинг маълум қилишича, олийгоҳда ўқиб юрган кезлари “Таблиғ жамоати”га аъзо бўлиб кирган Муродбек Қаландаров ташкилотнинг вилоят ҳудудида ўтказилган тадбирларида фаол қатнашган.

- Қаландаров “Таблиғ жамоати”нинг Сарбанд туманида фаоллашишига ҳисса қўшгани ва мазкур ташкилотнинг аёллар гуруҳини тузгани тергов давомида тўла ўз тасдиғини топди. Шунингдек, Қаландаров “Мастурот” (“Мастуралар” ёки ўранган аёллар - таҳр.) ташкилотининг асосини ташкил қилган аёлларга жамиятда тарғибот ишлари олиб бориш усулларидан лекция ҳам ўқигани аниқланди. Қаландаров конституциявий тузумга қарши оммавий даъват қилганлик моддалари бўйича айбдор, деб топилди. Айни пайтда иш Сарбанд туман судига юборилди, - дея маълум қилди вилоят прокурори ёрдамчиси Азимов жаноблари.

Шу ўринда айтиб ўтсак, “Таблиғ жамоати” тожик жамиятида фаолияти таъқиқланган диний-экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Бу ташкилотнинг аёллар гуруҳи, яъни “Мастурот” ташкилоти ташкил этилгани ҳақидаги маълумотлар ўтган йил сўнгида тарқалган эди.

Хавфсизлик идораси масъуллари таблиғчи аёллар муслималарни парҳезкор бўлиш, номаҳрамлардан авратларни беркитишга даъват қилиш билан шуғулланишини айтади.

“Лекин, - дейди Хатлон вилоят прокуратураси масъули Азимов, - бу ташкилот ҳали давлат бирорта идорасида қайдга олинмаган ва у фаолияти таъқиқланган ташкилотлар рўйхатига ҳам киритилмаган”.

Аснода расмийлар тожикистонлик аёллар орасида ҳижобга ўранишни тарғиб қилаётган “таблиғчи”аёлларнинг асосий вазифаси конституциявий тузумни ағдариб, халифалик тузумини ўрнатишга уринаётганини иддао қилиб, мастураларнинг мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқдалар.

Бироқ мустақил жамиятшунос Сайраҳмон Назриев тожикистонлик аёллар минтақа бошқа давлатлари аёлларига нисбатан жамият сиёсий ҳаётида пассивлигини назарга олган ҳолда, аёллар исломий гуруҳларидан чўчимасликка чақиради.

- “Мастурот” ёки бошқа шундай гуруҳларга аъзо бўлаётганлар ҳам ўша таъқиқланган диний-экстремистик ташкилотлар аъзоларининг рафиқаси ёки яқинидир. Ўйлайманки, давлат тузумини ўзгартиришга журъати етадиган аёлларимиз жамиятда деярли йўқ. Бундай аёлларни ҳатто сиёсий партиялар сафида учратмаймиз. Тожик аёллари табиатан оғир-босиқ ва унчалик сиёсат билан иши йўқ. Қишлоқларда яшётган аёлларимизнинг аксарияти уй бекаси. Улар қишлоқ хўжалик ишлари билан кўпроқ банд. Болажон аёлларимизнинг давлат сиёсатига хавф солишидан бонг уриш, менимча, мантиқсизликдир, - дейди мустақил таҳлилчи Сайраҳмон Назриев.

Аснода Қўрғонтепа шаҳар прокурори муовини Маҳмадсаид Насимов ўтган икки йил давомида диний-экстремистик гуруҳларга аъзо бўлаётган қўрғонтепалик аёллар сони ошганини билдирди.

Насимов кўп ҳолларда ҳуқуқий билими паст бўлган ва ижтимоий ҳамда иқтисодий шароити оғир бўлган оилалардаги аёллар ана шундай гуруҳларга эргашаётганини айтди.

- Аёллар айнан саводсизликлари туфайли ана шундай гуруҳлар домига тушиб қолмоқда. Биздаги маълумотларга кўра, “Таблиғ жамоати” масъуллари кўпроқ ижтимоий жиҳатдан қийналган аёлларга молиявий ёрдам кўрсатиш орқали уларни ўз сафига қўшиб олмоқда, - дейди Қўрғонтепа шаҳар прокуратураси расмийси Насимов.

Бироқ мустақил кузатувчилар мулоҳазасича, ҳукуматнинг дин эркинлигини бўғиб қўяётгани, давлат айрим идораларида инсон ҳуқуқлари, хусусан, аёллар ҳуқуқлари поймол қилаётгани аёлларнинг экстремистик гуруҳларга эргашишига туртки бўлмоқда.

Кузатувчилар фикрича, агар ҳукумат масъуллари аёллар ҳуқуқларининг топталишига панжа орасидан қарашни давом эттирса, аёлларнинг диний-экстремистик ташкилотларга аъзо бўлиб кириши жамиятда тенденцияга айланиб қолиши мумкин.

Муродбек Қаландаровнинг иши Сарбанд судига оширилиши, маҳаллий кузатувчиларга кўра, жамиятда “Таблиғ жамоати” янги тармоқларининг пайдо бўлиши ва фаоллашишига йўл очади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG