Линклар

Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова “Ўзбекистон коррупцияга қарши кураш клуби”ни ташкил қилганларини эълон қилишди.

Қарийб уч ҳафта давомида очлик акцияси ўтказиб, бирор натижага эриша олмаган тележурналистлар Малоҳат Эшонқулова билан Саодат Омоновалар курашнинг янги усулини танладилар.

Малоҳат Эшонқуловага кўра, у Саодат Омонова билан биргаликда “Ўзбекистон коррупцияга қарши кураш клуби”ни ташкил қилдилар ва айни пайтда“Munosabatuz.com” сайтини очишни режалаштирмоқдалар.

Журналистга кўра, улар “Ўзбекистон коррупцияга қарши кураш клуби”ни ўтган йили ташкил қилганлар, бироқ таҳдид ва тазйиқлардан чўчиб, бу ҳақда шу пайтгача эълон қилмаганлар.

Малоҳат Эшонқуловага кўра, клубнинг айни пайтда 15 нафар фаоли бор.

- "Йиқилган курашга тўймайди" деган гап бор. Биз адолатсизликларга барҳам бериш борасида курашнинг бошқа йўлларини танлашга қарор қилдик. Тўғри, биз ишга тикланиш борасидаги ëки бўлмаса маъмурий жавобгарликка тортилганлигимиз борасидаги, бизнинг паспортимизни ҳисобдан чиқариб юборганлиги тўғрисидаги суд ишларини тўхтатиб қўймоқчи эмасмиз. Биз суд жараëнларини давом эттирамиз. Биласизми, биз 20 йил давомида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида ишлаб, айтмоқчи бўлган сўзларимизни айта олмадик. Демоқчиманки, бундан кейин биз мустақил журналист сифатида 20 йилдан буëн айта олмаган гапларимизни, армонларимизни, дардларимизни айта оламиз, деган умиддамиз. Бир катта лойиҳа устида ишладик. Мустақил ижтимоий-сиëсий интернет сайтини очиш борасида битта катта лойиҳага қўл урганмиз. Бу лойиҳа тасдиқланиш арафасида. Бу биринчиси.

Иккинчиси, биз "Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш клуби"ни очдик. Ҳозирча Жиззахда уч-тўртта аъзомиз, Самарқандда, Тошкентда уч-тўртта аъзолар, жами 10-15 нафар аъзоимиз мавжуд. Биз 9 декабрда ноқонуний ишдан ҳайдалганимиздан кейин бошимизга тушган фожианинг асл туб моҳияти коррупцияда эканлигини англаганимиз учун ҳам 25 декабр куни "Ўзбекистон коррупцияга қарши кураш клуби"ни ташкил қилганмиз.

Озодлик: Демак, шу пайтгача сир сақлаб келгансизлар.

- Ҳа. Чунки таҳдид, таъқиб, ҳали бош кўтармасингиздан чўчитиб, қўрқитиб, йўқ қилиб юборишга ҳаракатлар бўлгани учун ҳам биз бу борада ошкора жар солиб айтмаган эдик.

Озодлик: Бу клуб бирор жойда қайддан ўтганми?

- Йўқ. Биз давлат рўйхатидан ўтишга ҳаракат қилганимиз йўқ. Нимагаки, ҳар қандай давлат рўйхатидан ўтган ташкилот, менинг назаримда, қайсидир маънода ҳукуматга қарам ва тобе бўлади, деб ўйлайман. Бунда мустақиллик ўз-ўзидан йўқолади, деган фикрдаман.

Озодлик: Демак, норасмий равишда, қайддан ўтмасдан фаолият кўрсатмоқчисизлар.

- Ҳа. Худди шундай.

Озодлик: Қандай қилиб фаолият кўрсатмоқчисизлар? Коррупцияга қарши қандай усул билан курашмоқчисизлар? Ишлаб чиққан бирор-бир режаларингиз борми?

- Ҳа, бор. Агар биз мусатқил ижтимоий-сиëсий интернет сайтини очишга муваффақ бўлсак, ўзимиз каби мустақил журналистларнинг кўмагидан фойдаланиб, ҳуқуқ фаоллари кўмагидан фойдаланиб, жойларда коррупцияга оид, порахўрликка оид, сўз эркинлигининг бўғилишига оид материалларини ҳар томонлама ўрганиш, бўлиб ўтган воқеа ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, нафақат хабардор қилиш, балки бу масаланинг асосини, туб моҳиятини очишга қаратилган фикрлар билан ўртоқлашиш мақсадидамиз.

Озодлик: Шу йўл орқали коррупцияга қарши курашда бирор-бир натижага эришамиз, деб ўйлайсизларми?

- Коррупция болалаб кетишининг энг асосий сабаби воқеа-ҳодисанинг қаердадир содир бўладию, ўшанинг элга ошкор бўлмаганлиги, деб ўйлайман. Ҳар бир салбий ҳолатнинг - у коррупия бўладими, бошқа бўладими - ўз вақтида ëритилиб, омманинг кўз олдига олиб чиқиб, унга холис, одилона фикр-муносабат билдириб турилса, атрофдаги инсонлар ҳар ҳолда оз-мунча бўлса ҳам ҳушëр тортган бўларди, дейман-да, - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Эслатиб ўтсак, “Эзгулик” жамияти фаоли, мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам 2007-2008 йилларда “Коррупция тараққиёт йўлидаги ғов” номли лойиҳа устида ишлаган эди.

Абдураҳмон Ташанов бу каби лойиҳалар орқали катта натижаларга эришилмаса-да, уларнинг жамият учун фойдаси улкан бўлади, деган фикрда.

- “Коррупция тараққиëт йўлидаги ғов” деган лойиҳани амалга оширдик. Бу бўйича маълум даражада тажриба тўпланди. Ана шу таржибадан келиб чиқиб айтишим мумкинки, умуман коррупцияга қарши кураш доимий бўлиши керак. Журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан доимий олиб борилиши керак. Агар биз коррупцияга қарши курашишдаги натижага қарайдиган бўлсак, кўнгил тўлмаслиги мумкин. Жамиятда журналистларнинг, фуқаролик жамияти вакилларининг коррупцияга қарши курашиши катта натижа бермаслиги мумкин. Натижа шундан иборатки, яхши журналист ëки ҳуқуқ ҳимоячиси мана шу муаммони ëритиб беради. Омма олдига, ҳукумат олдига, халқаро ташкилотлар олдига қўяди. Мана шу натижа, менимча, муҳим. Коррупцияга қарши кураш бу ҳукумат иши, халқаро ҳамжамият иши. Шу нуқтаи назардан, журналистнинг олдига, ҳуқуқ ҳимоячисининг олдига коррупцияга қарши курашнинг амалий вазифаларини қўйиш керак. Уларни кўпроқ ëритиш, фактларни оммага етказиб беришни йўлга қўйиш керак. Мана шунинг ўзи ҳам кураш. Шу нуқтаи назардан, анча натижаларга эришса бўлади, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Transparency International ташкилотининг жаҳондаги коррупцияга оид 2010 йилги ҳисоботида Ўзбекистон 178 давлат ичида энг коррупциялашган бешликка киритилди.

Criminal Justice Degrees Guide деб номланган халқаро тадқиқот маркази ҳозирлаган ҳисоботга кўра эса¸ Ўзбекистон милицияси коррупция даражасининг юқорилиги жиҳатдан Ҳаити¸ Мексика¸ Кениядан кейинги тўртинчи ўринга қўйилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG