Линклар

logo-print

Ҳорижга чиққан журналист ишдан бўшатилди


Журналист Ольга Фозилова

Журналист Ольга Фозилова

Тошкент чиқадиган “Новый век” (“Янги аср”) газетаси журналисти Ольга Фозилова Германиядаги семинарда қатнашгани учун ишдан бўшатилди.


Бу ҳақда Озодликка Ольга Фозилованинг ўзи маълум қилди.

- Берлинга кетишимдан олдин ўзим ҳам ишдан кетмоқчи эдим. Чунки газета таҳририяти жуда оз пул - атиги 100 минг сўм тўлар эди. Шу учун мен мустақил журналист бўлиб ишламоқчи эдим. Аммо бош муҳаррир Валерий Ниёзматов ишда қолишимни, ўз ҳисобимдан таътил олишимни таклиф этди. Берлиндан қайтиб келсам, аввал саҳифаловчи бўлиб ишлаётган эримни, кейин эса мени ишдан бўшатишди,- дейди журналист.

“Новый век” газетасида Ольга Фозилова ва унинг эри Сергей Бауэр бир йилдан ортиқ фаолият юритган.

Журналист айни пайтда ишдан бўшатилишининг расмий сабаби дея ҳориж сафари кўрсатилмаган бўлса-да, бу ҳақда бош муҳаррир Валерий Ниёзматов шама қилганини айтади.

- Гап шундаки, Германияга кетишимдан олдин мен қаерга кетаётганлигимни айтиш мумкин эмаслигини билар эдим. Шу боисдан меҳнат таътилим пайти кетган эдим. Ишхонамдагиларга яқин хорижий давлатга дам олишга кетаётганимни айтгандим. Сафардан қайтганимдан сўнг бош муҳаррир Ниёзматов қаерга, ким билан борганимдан хабардор эканлиги маълум бўлди. У менга қаерга борганим ҳақида билишини айтди,- дейди журналист Ольга Фозилова.

Айни пайтда журналист ўзи ва турмуш ўртоғи Сергей Бауэрнинг таҳририятга кириши чекланганини айтади:

- Агар компютерчи бўлмаса, менинг ва эримнинг таҳририятга кириши таъқиқланган. Бирор-бир маълумотни олишимиздан қўрқишса керак,- дейди Ольга Фозилова.

Журналистнинг ишдан бўшатилиши бўйича "Новый век" газетаси раҳбариятидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда ҳорижий давлатларга сафарга бориб, семинар ва тренинглардан ўтиб келган журналистларнинг ишдан бўшатилиши илк бора кузатилаётгани йўқ. Жумладан, аввалроқ Франция элчихонасининг ўзбекистонлик журналистларни Франция ташқи сиёсати билан таништиришга қаратилган дастури доирасида бу давлатга сафар қилган “Uzbekistan Today” газетаси ходими Дмитрий Поваров, шунингдек, ўзбек журналистлари Собиржон Ёқубов ва Бегқул Эгамқуловлар ҳам ишдан бўшатилган эди.

Шу боис Ўзбекистондаги аксарият журналистлар ишини йўқотишдан чўчиб, чет эл сафарларини ва учрашувларини иш берувчисидан сир тутишга ҳаракат қилиши кузатилади.
XS
SM
MD
LG