Линклар

Православ "масжиди"ни таъмирлаган мардикорлар ҳақини ололмади


Реставрациясида ўзбекистонликлар иштирок этган Новый Иерусалим" эркаклар монастири.

Реставрациясида ўзбекистонликлар иштирок этган Новый Иерусалим" эркаклар монастири.

Иш ҳақи берилмаган ўзбекистонликлар Истра шаҳрида "Новый Иерусалим" эркаклар монастирини таъмирлашда уч ой тер тўкди.


Қурилишда ишлаган мардикорлардан бирининг гувоҳлик беришича, Москва вилоятининг Истра шаҳридаги "Воскресение - Новый Иерусалим" эркаклар монастири таъмирига жалб қилинган 15 нафар Ўзбекистон фуқароси 3 ойлик маошларини олмасдан ишдан бўшатилган.

- Мен Андижондан. Исмим Фарҳод. Ҳар йил келиб-кетиб юрамиз Москвага. Бу йил 27 апрелда келганмиз. Истрада "Новый Иерусалим" деган катта мачит бор экан. Ҳамма билади уни, бутун дунëга таниқли. Черковда энди. "Пул беради, ана-мана" деди, ҳозир бизни чиқариб юборди. Раздевалкаларни топширдик. Чала ишларимизни қилдик. “Пулни кимдан оламиз?” десак, “Бугун янги заказ бўлган, анави пулни еб қўйган бу заказчик” дейди.

Озодлик: Ким айтаяпти шу гапларни?

- Началникларимиз айтади-да. Бизнинг фирма "Ресдан" дейилади. Биз реставрация ишларини қиламиз бу ерда. Ленинграднинг фирмаси экан бу. Шундан иш олган. Шулар “унга бердим” дейди, директор “бермадим” дейди. Питаниега беради ҳар ҳафтада. Индинга квартирадан ҳам бизни чиқариб юборади. Бизлар “Ҳеч бўлмаса бир ойлигимизни бер, уйга жўнатмасак ҳам яшашга керак-ку. Чиқариб юборса қаерга борамиз?” десак, “Кўрамиз, ҳали аниқ эмас қачон бериши” дейди.

Озодлик: Сизлар неча киши ишлаяпсизлар?

- 14 киши деярли уч ойдан бери ишлаяпти. Май ойида аванс берди 5000 сўмдан икки марта. Майнинг охиридан бери бергани йўқ.

Озодлик: Бир ойга қанча келишгансизлар?

- Бизга объëм демасдан соатига айтган эди. Соатига 100 сўмдан. Биздан бошқа ҳеч ким ишламади. Бошқа миллатлар келиб қочиб кетди. Оғир ишда. Ерни тўрт метр қазиш керак. Бетон қуйиб чиқиш керак. Кран кира олмайди. Қўлда қилиш керак. Ҳамма иш қўлда қилинди. Кунига 7 соат ишласак, 1300 сўм деган. Бетонлар ëрилиб кетиб 12-1 гача ҳам ишладик. Арз қиладиган жойни билмаймиз тўғриси, ака,- дейди Истра шаҳридаги черков қурилишида 3 ойлик ҳақини ололмаётган андижонлик Фарҳоджон.

Маълум бўлишича, тарихий ва маданий обидани реставрация қилиш ишларини амалга ошириш учун махсус хайрия жамғармаси тузилган. Бу жамғарма Россия Президенти Дмитрий Медведев ва марҳум Бутунроссия патриархи Алексий II ташаббуси билан тузилган, ҳамда унга шахсан Россия Бош вазири биринчи ўринбосари Виктор Зубков бошчилиқ қилмоқда.

"Новый Иерусалим" монастирини реставрация қилиш жамғармасининг ижрочи директори муовини Екатерина Селютина Озодлик билан суҳбатда бундай тарихий бинони тиклашда фақат юқори малакали реставраторлар жалб қилиниши мумкинлиги ва унда ўзбек мардикорлари ишлаётгани ҳақидаги иддаолар ҳақиқатдан йироқ эканлигини таъкидлади.

- Бу 15 кишини ким ёллаган бўлса, шунга мурожаат қилишсин. Шартномамизга кўра, бизда фақат юқори малакали реставраторлар ишламоқда ва малакасиз бу ишчиларни ким ёллаганини мен билмайман. Умуман олганда, реставрация ишлари ва ёдгорликларга фақат махсус лицензияга эга мутахассислар ишлашга ҳақли,- деди монастир қурилиши жамғармаси директори муовини Екатерина Селютина.

Селютинанинг айтишича, "Новый Иерусалим" монастири таъмирлаш ишларига янги ширкатлар жалб қилиниб, эскиларнинг иши қониқарсиз деб топилганлиги сабабли шартнома бекор қилинган.

Истрадаги монастир реставрацияси давомида ўзбек ишчиларини ёллаган “Ресдан” қурилиш ширкати директори Александр Данилин Озодлик билан суҳбатда ойликларнинг берилмаётгани сабабини ўзи бошқараётган пудратчи ташкилот буюртмачи томонидан реставрация ишларидан четлаштирилгани билан изоҳлади. “Бизда вақтинчалик молиявий қийинчиликлар юзага келди”, деди ширкат раҳбари Данилин.

- Маошнинг бир қисмини улар эртага олади. Биз бу масала устида ишлаяпмиз. Пудратчи ҳақиқатан алмашди. Лекин у ерда охиригача бажарилмаган ишлар қолиб кетган, шунинг учун чала қилинган иш учун биров пул тўламайди, тушунинг ахир. Нима имзоланган бўлса, шуни олади ишчилар. Лекин ўзбекистонликлар билан биз умумий бажарилган иш ҳақида келишганмиз, аниқроғи уларни ёллаган бир йигит билан. Соатбай тўлов ҳақида гап бўлмаган, улар соатбай тўлашни талаб қилган эди. Биз эса бунга рози бўлмаганмиз, - дейди "Ресдан” қурилиш ширкати директори Александр Данилин.

Реставрация санъати институти ректори, “Реставратор” журналининг бош муҳаррири, Меъморий мерос академияси академиги лавозимларини эгаллаб келаётган Александр Данилин Озодлик мухбирини ўзбек ишчиларига 19 июлдан бошлаб маош берилишига ишонтиришга уринди.

Аввалроқ Владивостокдаги Русский оролида ойлик маошлари берилишини талаб қилиб, норозилик уюштирган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига иш ҳақлари берилгани ҳақида хабар қилган эдик.

Бироқ бундай вазиятлар камдан-кам учрамоқда. Мигрантлар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи фаоллар Россияда ўз меҳнат эвазига маошини ололмаган муҳожирлар сони ошиб бормоқда, деган фикрда.
“Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Юлдуз Отаниёзова мигрантлар орасида энг ҳуқуқсиз айнан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари эканини айтади.

- Жуда кўп бундай ҳолатлар. Қурувчиларнинг посредниклари бўлади. Ана шу посредниклар пулни олиб қочиб кетяпти. Асосан турклар ва озарлар. Бир-икки ойлигини беради. Шундай бир вазият бўлган. Дилшод деган бола 20 та шериги билан иш тугаганидан кейин автобусга ўтиргизиб, Тулага олиб бориб ташлаган. Улар пулсиз кўчада қолиб кетган. Умуман олганда, масалан, 40 миллион рублдан 3 миллионини ундирсак яхши. Биз бундай ишларнинг 10-15 фоизини қайтара олмаймиз.

Озодлик: Шу вазиятга тушмаслик учун нима қилиш керак?

- Қирғизистон мигрантлари бу ерга келса, 2 ой ичида, масалан, Россия фкқаролигини олса бўлади, тожикистонликлар икки давлат фуқароси бўлишга ҳаққи бор. Ўзбекистон фуқаролари эса ҳеч нарса йўқ, ҳуқуқсиз мигрант бўлиб юраверади. Биринчидан, Ўзбекистоннинг ўзида кетмасдан олдин аъзо бўлиши керак. Кореядами, Россиядами қаерда ишлашдан қатъий назар давлатнинг йўлланмаси билан келиши керак. Бу ерда у 3 ой ичида иш қидириб топиши керак, ундан кейин ҳужжатларига рухсатнома олиши керак. Биринчи навбатда бу муаммо шу қонунларни бажарувчиларга бориб тақаляпти, - дейди Юлдуз Отаниёзова.

Аниқланишича, 17 аср ўрталарида патриарх Никон томонидан барпо этилган Янги Иерусалим эркаклар монастири узоқ вақт давомида рус патриархларининг бош қароргоҳи бўлиб келган.

Жамғарманинг расмий сайтидан олинган маълумотга кўра, 600 миллион рубл аллақачон ўзлаштирилган бу объектга бугунги кунда қурилиш ишларини олиб бораётган “Ноёб объектларни таъмирлаш ва ривожлантириш бошқармаси” Давлат унитар муассасаси ҳукуматга бюджетдан қўшимча яна 600 миллион рубл ажратишни сўраб мурожаат қилган.
XS
SM
MD
LG