Линклар

Фарғоналик Эркинжон Ўзбекистон телевидениеларида берилаётган сериаллар ҳақида ана шундай фикрда.

“Оққуртдан эҳтиёт бўлинг!”

“Эркин микрофон”га қўнғироқ қилган ва айни кунларда Жанубий Қозоғистонда юрганини айтган асли фарғоналик тингловчимиз Эркинжон у яшаб турган ҳудудларда қовун, тарвуз ва помидорга маҳаллий аҳоли “оққурт” деб атаётган ҳашорат тушган.

"Бу инсон саломатлиги учун хавфли" деб билган деҳқон айрим маслаҳатларни муштарийга етказиб қўйишни лозим топганини айтди.

- Қозоғистоннинг Чимкент, Туркистон, Еттисойларни кузатсангиз, ҳозир қовун пашшаси деган касаллик тушди. Бу деҳқон тилида. Кўриниши оппоқ бўлиб, қовун билан бир хил ранги. Пашшанинг личинкаси бўладида бу. Қовунга қўйилади. Қовунни кўрсангиз, устида қизил кичик-кичик доғ бўлади кўз илғамас даражада. Буни истеъмол қилган одамнинг оғзидан тинимсиз сув келади, ҳолсизланади. Бу ичида ривожланиб ўлим ҳолатига ҳам олиб бориши мумкин. Қовун олаëтган инсонга мен айтмоқчиманки, олинаëтган қовунни яхшилаб кўринг. Танасида қизил доғча бўлса, олманг, деб маслаҳат бераман.

Озодлик: У қизил доғнинг катталиги қанчалик бўлади?

- Нуқтадан бироз катта бўлади.

Озодлик: Мошнинг катталигича борми?

- Мошдан уч баробар кичик. Доғ қўнғир рангда бўлади. Кўз яхши илғамайди уни.

Озодлик: Қандай қилиб илғаш мумкин? Яқинроқ олиб келиб қуëшда қараш керакми?

- Қовуннинг ўзида шира доғ бўладию пўстидан чиққан, шунга ўхшаган доғ бўлади. Пўсти қаттиқ туради. Ҳеч қанақа унча-мунча билинмайди. Қизил тешикчага нина тиқсангиз, ўшанда билинади.

Озодлик: Демак, санчилмасдан шундай кириб кетади.

- Шундай. Қовун сўйилганда ичини очиб қараса, қовун уруғининг атрофида кичкина доғчалар пайдо бўлган бўлади. Шуни истеъмол қилиб бўлмайди.

Озодлик: Офтобга тутиб, ëруғ жойда кўриш мумкинми ўша личинкаларни?

- Личинкаларни кўриш мумкин. Личинкаларнинг оғиз тарафи кичкина қора хол бўлиб билинади, холос. Тарвузда, помидорда билиш осон, лекин қовунда қийин. Бу Тошкентга яқин ҳудудларда қовун тақиқланганининг сабаби мана шунда, деб ўйлайман, - дейди айни кунларда Жанубий Қозоғистонда юрганини айтган асли фарғоналик Эркинжон.


“Сериалдан мақсад сиёсий онгни ўлдириш”

Эркинжон Қурултой эшиттиришининг сўнгги сонида тилга олинган мавзу – ўзбек ёшлари зеҳниятига телесериаллар таъсири хусусидаги мавзуга ҳам икки оғиз муносабат билдиришни истади.

- Ҳозирги кунда телевидениеда берилаëтган сериалларга эътибор берсангиз, сиëсатдан инсонни чалғитиш, давлат ишларига аралаштирмаслик, ўзимизнинг онгимизни заифлаштириш, ўша сериалларда севги-муҳаббат, бошқа кўплаб мавзуларни кўриш мумкин. Ўзбекистонда сериаллар бир бошланади, тугайди, давом этади. Ундан бошқа сериал давом эттирилмайди. У ҳам оилавий можаролар билан боғлиқ. Бу йўқчилик, борчилик, қайнона-келин можароси, лекин сиëсатга боғлиқ бирор фикр юритилмайди. Бу билан Ўзбекистонда асли ëшларимиз сиëсатга аралашишдан қўрқишади. Ғинг дейиш учун қўрқиб яшашади. Ҳозир сериаллар орқали ëшларимизнинг онги заифлашиб бораяпти. Мана "Қашқирлар макони" сериали. Кузатиб борсангиз, сиëсатга боғлиқ бўлгани учун НТТ канли орқали қўймай қўя қолди. Бу сиëсатга аралашиб кетди. Яна ëшларимиз Жонпўлат, бошқа деб исмларини атаб кетишди. Ëшлар сиëсатга аралашмас экан, кичиклар ва катталар қўрқиб яшар экан, Ўзбекистонда ҳеч қачон юксалиш бўлмайди. Юксалиш бўлади фақат давлат учун. Қора халқ учун ҳеч қачон бўлмайди, - дейди фарғоналик Эркинжон.


“Маскали” йигитларнинг йўли сирпанчиқ

Қашқадарёдан телефон қилган пенсионер Эшмурод ака Урганч савдо марказида рейд ўтказган маскали йигитлар – ҳуқуқ-тартибот идораларининг махсус гуруҳларида ишлаётган ҳарбийларга мурожаат йўллади.

- Хоразмнинг бозорида ниқоб кийиб келиб, одамларга озор бераëтган ОМОНчими, ички ишлар ходимларими - шулар тўғрисида ўзимнинг фикримни билдирмоқчи эдим. Демоқчиманки, бозорда ота-онаси, опа-акалари тенги одамларга бунақа зулмни қилиб, нима манфаат топаяпти экан шу йигитлар?

Озодлик: Вазифасини бажараяпти-да улар. Буйруқни бажараяпти афтидан.

- Вазифа деганда инсонийлик бурчи ҳам бор-ку. Умр бировнинг ноғорасига ўйнаш билан ўтмайди-ку. Шу йигитлар бир ўйлаб кўрса дейман. Бир кун ишдан бўшаб қолиши мумкин. Буларнинг вазифаси шунақаки, буни касб деб ҳам бўлмайди. Худди бир яхмалакда юргандай. Бир оëғи тойса, ишдан кетиб қолиши мумкин. Шунинг учун шулар оқибатини ўйлаб, эрта бир кун халқнинг ичида яшайман, деган маънода ўйлаб кўрса яхши бўларди.

Озодлик: Одамлардан қайтиши мумкин, деб ўйлаяпсизми?

- Албатта, бу қайтар дунë-да.

Озодлик: У маска кийиб олган бўлса, уни ҳеч ким танимайди-ку. Ишдан бўшаса, маскасини ечиб юраверади.

- Таниш шарт эмас. Бу Худодан қайтади. Калтагига калтак билан жавоб бериш, мусулмончиликка ҳам, бошқа бир нимага ҳам тўғри келмайдиган нарса. Шу йигитларга маслаҳатим бир ўйлаб кўришса, - дейди Қашқадарёдан телефон қилган пенсионер Эшмурод ака.


3 фарзандни ёлғиз боқаётган ногирон ота ҳикояси

Қарши шаҳридан боғланган 1-гуруҳ ногирони Даврон Нуриддин Озодликнинг “Саломатлик” эшиттиришига бир мавзу таклиф қилди.

Ўз хасталиги ва унинг даъвоси ҳақида дунё тажрибасидан хабар беришимизни истаган бу муштарий шу кунларда 3 фарзандини ёлғиз ўзи тарбия қилмоқда.

- Мана, Саломатлик дастури, Давр менинг тақдиримда бўлар эди.

Озодлик: Ўша эшиттиришларда қайси муаммони кўтарсак яхши?

- Соғлиққа бағишланганларига кўп қизиқар эдим-да. Миопатия деб ташхис қўйганда докторлар. Кучсизлик-да. Бошқа давлатларда даъвоси борми-йўқми, билмоқчи эдим-да.

Озодлик: Пенсиянгиз вақтида келиб турибдими?

- Келаяпти. Келади, лекин етказиш қийин-да.

Озодлик: Қанча пенсия оласиз?

- 135 минг.

Озодлик: Ëлғизмисиз ë фарзандларингиз борми?

- Учта фарзандимиз бор.

Озодлик: Қандоқ боқаяпсиз?

- Энди у ойдан бу ойга етказамиз. Фақат қоринга-да.

Озодлик: Мол, қўй, товуқ деган нарсалар ҳам борми?

- Ундай нарсалар умуман йўқ. Товуқ бор, барибир қийин. Бачалар ëш-да.

Озодлик: Болаларга пособие оласизларми?

- Ҳа, беради.

Озодлик: Аëлингиз ишлайдими?

- Йўқ, ажрашганмиз, у кетган.

Озодлик: Болалар ўзингиз биланми?

- Ўзимга қолган.

Озодлик: Нечта бола қолган?

- Учта.

Озодлик: Онаси қарамаяптими уларга?

- Қарай олмайди.

Озодлик: У ҳам ногиронми?

- Энди унинг ҳам сал камчилиги бор-да.

Озодлик: Ҳечқиси йўқ. Мана фарзандларингиз катта бўлиб қолибди.

- Қийин энди. Ким ëрдам беради? Ҳеч ким ëрдам бермайди-да. Ўзим ҳам кўп ëрдам сўраб ëзаман. Бўлса бўлади, бўлмаса йўқ. Фақат маҳаллага “моддий ëрдам беринглар” деб жўнатади, - дейди Қарши шаҳридан боғланган 1-гуруҳ ногирони Даврон Нуриддин.


Шаҳрисабзда табиий газ энди ёзда ҳам йўқ

Шаҳрисабз шаҳридан боғланган Аҳмад Абдуллаев эса қиши билан берилмаган табиий газ бу йилдан бошлаб ёз ойларида ҳам узиб қўйилганидан норози бўлиб, президент Каримовга хабар йўллаганини айтди.

Унга кўра, бу мазмундаги мурожаатга маҳаллий расмийлардан жавоб бўлмагани каби, президентдан ҳам жавоб йўқ.

- "Ўғри бўл, қароқчи бўл, инсоф билан бўл" деган гап бор. Мана ҳозир ëз фасли. Ҳароратимиз 40 даражадан ошиқ. Ҳозир ҳам ўчоқда овқат пиширамиз. Бозор атрофида турамиз. Бир ўйлаб кўриб, виждонларинг қийналса бўлар эди. Қиш фаслида-ку умуман бермаяпсизлар. Мана 7 йил бўлдики қиш фаслида умуман газ берилмаяпти. Энди ëзда ҳам бермасликни одат қилдинглар.

Озодлик: Ëзда бермаëтгани бу йил биринчи мартами?

- Ҳа. Ўтган йил ҳам бўлган эди, бу йил энди издиватся қилаяпти-да, хўрлаяпти халқни. Мана ҳозир мавсум пайт. Ҳеч қандай иложи йўқ. Ўчоқда овқат тайëрлаймиз. Мен ўйлайманки, ҳурматли президентимиз жон куйдириб, "элим, халқим, юртим" деб, газга фармон берганлар бир вақти. Мутасаддиларга нима деймиз энди. Прокурорга ҳам қишда 10 та имзо билан бордик, - дейди Шаҳрисабз шаҳридан боғланган Аҳмад Абдуллаев.

*************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG