Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:32

Тожикистон “Айний”ни текинга бермоқчи эмас


Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий "Айний" аэродроми ҳеч бир давлатга текинга берилмаслигини таъкидлади.
Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий "Айний" аэродроми ҳеч бир давлатга текинга берилмаслигини таъкидлади.

Душанбе ва Москва Айний ҳарбий аэродроми ҳамда Тожикистонда Россия базасини ташкил этиш борасида бир битимга кела олмаяпти.

Бу борада 18 июл куни Душанбеда ўтказилган матбуот анжумани чоғида Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий маълум қилди.

Вазир жаноблари Айний ҳарбий аэродроми ва русларнинг бу аэродромда ўз ҳарбий базасини ташкил топтириш атрофидаги музокаралар содда ва осон кечмаётганини эътироф этди.

- Айний аэродроми ва база масалаларида томонлар позицияси тегишли ҳужжатлар тайёрлаш ва имзолашгача етиб боргани йўқ. Айни пайтда бу иккита осон бўлмаган масала юзасидан Россия томони билан музокараларимиз давом этмоқда, - дея маълум қилди Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий.

Душанбе яқинидаги “Айний” аэродроми бир неча йилдан буён Россия, Ҳиндистон ва Америка ҳукуматлари диққат марказида бўлиб келмоқда.

Мустақил таҳлилчилар мулоҳазасича, сўнгги вақтлар Россия Айний ҳарбий аэродромига эгалик қилиш мақсадида Тожикистонга нисбатан иқтисодий пишангларни ишга солаётир.

Таҳлилчилар бунга Россия ҳукуматининг тожикистонликларга сотилаётган ёнилғига солиқ фоизини бир неча бараварга ошириб юборгани ва бу ўз навбатида Тожикистон иқтисодиётини боши берк кўчага солиб қўяётгани билан изоҳламоқда.

Норасмий маълумотларга кўра, айнан Айни аэродроми атрофидаги музокараларнинг чўзилиши ортидан Тожикистон иқтисодиёти бир миллиард 200 миллион сомоний зарар кўрган.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар марказ раиси Суҳроб Шарипов фикрича, НАТО кучларининг Афғонистондан олиб кетилиши ортидан йирик давлатлар, жумладан, Россия минтақада ўз мавқеини мустаҳкамлашга уринаётибди ва ҳар йўл билан минтақа давлатлари, хусусан, Тожикистонга нисбатан турли воситаларни қўлламоқда.

- Сўнгги бир ой давомида Тожикистонга расмий сафарларни таҳлил қилсак, минтақада йирик давлатлар ўйини бошланганига амин бўласиз. Бу давлатлар ҳукумат расмийларининг Тожикистонга тинимсиз қатнаб қолганидан мақсад битта - у ҳам бўлса, минтақада, хусусан, Тожикистонда ўз мавқеини мустаҳкамроқ қилиб олишдир. Лекин биз уларга бундай имконият берсак, у ҳолда, Грузия ва бошқа шу каби давлатлар сингари бу йирик давлатлар қўлида ўйинчоққа айланиб қоламиз, - деган эди ортда қолган ҳафтада кўп сонли журналистларга матбуот анжумани берган Стратегик тадқиқотлар марказ расмийси Суҳроб Шарипов.

Эслатсак, июн ойи сўнгида Душанбега келган иш сафари билан келган Россия президенти маъмурияти раҳбари Сергей Наришкин ва Россия мудофаа вазири Анатолий Сердюковнинг Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан музокараларининг асосий мавзуси ҳам Айний ҳарбий базаси бўлганди. Россия мудофаа вазири Сердюков жаноблари журналистлар билан учрашув чоғида Айний борасидаги томонлар музокараси натижасиз якунланганини билдирганди.

Мустақил кузатувчилар Россия президенти Дмитрий Медведев 2009 йили Тошкентга сафари чоғида минтақадаги йирик гидроиншоотлар лойиҳаси масаласида гапира туриб, Ўзбекистонга ён босганидан сўнг Тожикистон ишончидан чиққанини ва 2008 йилдан буён давом этиб келаётган Айний аэродромига оид музокараларнинг самарасизлиги ҳам ана шу ишончсизлик омили эканини айтмоқдалар.

Норасмий маълумотларга кўра, Тожикистон ҳукумати Айний ҳарбий аэродроми учун Россиядан йилига тахминан 50 миллион АҚШ доллари ижара ҳақи сўрамоқда, бироқ бу таклиф Россияга маъқул келмаяпти. Россиядаги айрим нашрларнинг ёзишича, Россия ҳукумати Совет Иттифоқидан мерос қолган Айний аэродроми текинга берилишини талаб қилиб келмоқда.

Бироқ бугунги матбуот анжуманида Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий Айний ҳеч қачон ҳеч бир давлатга текинга берилмаслигини таъкидлади.

- Тожикистон ери ташқи ишлар вазири ёки мудофаа вазири отасининг мулки эмас. Унинг ўз баҳоси бор. Шу важдан, агар кимдир база ёки аэродром текин берилади, деб ўйласа, улар катта хато қилади, - деди тожик расмийси Ҳамрохон Зарифий.

Бироқ ҳарбий масалалар бўйича россиялик мустақил таҳлилчи Александр Гольц тожик расмийсининг фикрига қўшила олмаслигини айтади.

- Ташқи таҳдидларни назарга олган ҳолда, Тожикистон олдида жуда оғир синовлар турибди, десак муболаға бўлмас. 2014 йилда НАТО кучларининг Афғонистонни тарк этиши ортидан янги Афғонистон Тожикистондек қўшниларига анчагина мушкилотлар туғдириши табиий. Менимча, тожик мулозимлари бу аэродромга имкон қадар каттароқ нарх талаб қилишга уринаётир. Лекин бу уринишдан бир натижа чиқмаслигига аминман. Коалиция кучлари афғонлар еридан чиқиб кетгач, Тожикистон ҳукумати ниҳоят мамлакат хавфсизлиги учун Россия билан ҳарбий ҳамкорлик зарурлигини тушиниб етади, - дейди ҳарбий масалалар бўйича россиялик мустақил таҳлилчи Александр Гольц.

Айни пайтда айрим маҳаллий таҳлилчилар Айний аэродромининг АҚШга ижарага берилиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмаслигини айтадилар.

Лекин Тожикистон ҳукумати Айний аэродромини ижарага топшириш борасида фақат Россия ҳукумати билан музокара қилишини бир неча марта такрорлаган.

Эслатиб ўтамиз, Душанбе шаҳридан 15 километр нарида жойлашган “Айний” аэродроми 1991 йили Тожикистонда бошланган фуқаролар уруши оқибатида фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолганди.

Айний ҳарбий аэродроми сўнгги беш йил мобайнида Ҳиндистон ҳукумати ажратган 20 миллион АҚШ доллари эвазига тўла таъмирдан чиқарилганди. Ҳиндистон Айний базасини таъмирлаш баробарида Тожикистон Мудофаа вазирлигига иккита вертолёт ҳам совға қилган.

Айни пайтда Тожикистон Мудофаа вазирлиги мулки саналган мазкур ҳарбий аэродромнинг парвоз йўлаги 3200 метрни ташкил қилади.

Дмитрий Медведев 2008 йил кузида Душанбега келганда Айний аэродромидан биргаликда фойдаланиш бўйича ўз мулоҳазасини айтган ва бу борада муайян ҳужжатлар ҳам имзоланган эди, лекин Россия ҳар галгидек амалий ишга ўтмайди.

Шу ўринда айтиш лозимки, Тожикистонда Россиянинг битта ҳарбий базаси ва бир нечта ҳарбий марказлари бор. Улардан бири Норак шаҳридаги “Окно” фазони назорат қилувчи оптик-электрон марказидир. Бу марказ Марказий Осиёдаги фазони назорат қилувчи энг кучли ҳарбий иншоот ҳисобланади. Шунингдек, Душанбеда Россия чегарачиларининг махсус институти ҳам фаолият қилиб турибди.
XS
SM
MD
LG