Линклар

logo-print
Қирғиз расмийлари томонидан Ўш қирғинининг бош айбдори сифатида талқин этиладиган қирғизистонлик ўзбеклар лидери Қодиржон Ботировга нисбатан сиртдан ўтказилаётган суд жараёни олтинчи маротаба қолдирилди.

Шу йилнинг 19 июл кунига белгиланган суд маҳкамасининг яна қолдирилганини Озодликка Қодиржон Ботировга давлат томонидан берилган адвокат Шадибек Сўпубеков маълум қилди:

- Суд маҳкамаси 21 июл куни соат 14.00 га кўчирилди. Бугунги маҳкама судга адвокатларнинг келмагани сабабли қолдирилди. Адвокатлардан яна бири касал бўлиб қолибди, - деди Шадибек Сўпубеков.

Адвокатга кўра, бугунги маҳкамага жараёнда иштирок этаётган 60 жабрланувчидан икки нафари келган, холос.

Қирғизистонлик ўзбек лидерлари, хусусан, Республика ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботиров устидан маҳкамалар бундан аввал 2011 йилнинг 29 апрел, 4 май, 11 май, 4 июл ва 13 июл кунларига белгиланган ва турли сабабларга кўра қолдирилган.

Қодиржон Ботиров Қирғизистон ичкарисида бўлмагани учун сиртдан судланмоқда. Унга мамлакат жанубидаги тартибсизликларни уюштириш, айирмачилик ва мухторият (автономия) талаб қилиш айби қўйилмоқда.

Бироқ Ўш қирғинини ўрганган Қирғизистон миллий комиссияси ва Халқаро комиссия Қодиржон Ботиров ўзбеклар учун автономия талаб қилмаган ва айирмачилик кайфиятларини тарғиб қилмаган, деган хулосани билдирган эди.
XS
SM
MD
LG