Линклар

Аппеляция суди ҳам журналистларни ишга қайта тикламади


Журналистлар курашни тўхтатиш ниятида эмаслар.

Журналистлар курашни тўхтатиш ниятида эмаслар.

Тошкент шаҳар фуқаровий ишлар суди журналистлар Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоноваларнинг ишга қайта тикланиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиб, дастлабки суд ҳукмини ўз кучида қолдирди.


19 июл куни Тошкент шаҳар фуқаровий ишлар суди Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси "Ёшлар" телеканалининг собиқ журналистлари Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонованинг аппеляция тартибидаги аризасини кўриб чиқиб, Шайҳонтоҳур туманлараро судининг “Ёшлар” телеканали раҳбарияти фойдасига чиқарган ҳукмини ўз кучида қолдирди.

- Мен ва ҳамкасбим Саодат Омоновани ишга тиклаш ва мажбурий ишсиз юрган кунлари учун ҳақ ундириш борасидаги даъво аризамиз фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро судида кўриб чиқилган ва бизнинг даъво талабларимиз рад этилган эди. Биз фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига апелляция тартибида шикоят аризаси киритган эдик. Мана бугун соат 11 да апелляция тартибида бизнинг аризамиз кўриб чиқилди ва апелляция ҳайъати туманлараро суднинг қарорини тўғри қабул қилинган деб топди ва ўз кучида қолдириш ҳақида ажрим чиқарди,- деди Малоҳат Эшонқулова.

Тележурналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулова миллий телерадикомпаниядаги қонунбузарликлар, маҳаллийчилик ва цензурага чек қўйилишини талаб қилиб, ўтган йили 6 декабр куни Тошкентнинг марказий майдонида пикет ўтказганидан кейин 9 декабр куни ишдан ҳайдалганидан сўнг, ноҳақ ишдан бўшатилганини даъво қилиб, "Ёшлар" канали раҳбариятини судга берган эди.

31 май куни Шайҳонтоҳур туманлараро суди икки журналистнинг ишдан бўшатилганини қонуний деб топиб, “Ёшлар” телеканали раҳбарияти фойдасига ҳукм чиқарган эди.

Малоҳат Эшонқуловага кўра, улар аппеляция судида ютқазган бўлсада, курашни давом эттиришларини ва Ўзбекистон Олий судигача чиқишни режалаштирмоқдалар.

- Бу охирги умид дегани эмас. Ҳали назорат тартибида шаҳарга мурожаат қилишга ҳақлимиз. Қолаверса, ҳали олдинда Олий суд бор. Бирида бўлмаса бирида адолат қарор топади деган умиддамиз. Биз курашни тўхтатиш ниятимиз йўқ. Бугун ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил журналистлар жами ўнга яқин киши бизни қўллаб-қувватлаш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди биносининг олдига келиб ўтирган экан. Шуларни кўриб ëлғиз эмаслигимиздан, бизларни қўллаб-қувватловчи одамлар борлигидан анча хурсанд бўлдик ва кураш боарсидагиқ ароримиз янада қаътийлашди,- деди Малоҳат Эшонқулова.

Ўзбекистон президенти девони олдида очлик акцияси ўтказгани учун қарийб уч миллион сўм жаримага тортилгач, икки журналист Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова қарайиб уч ҳафта давомида уйда очлик акциясини ўтказдилар.

Очлик акцияси ўтказиб, бирор натижага эриша олмаган тележурналистлар Малоҳат Эшонқулова билан Саодат Омоновалар курашнинг янги усулини танладилар.

Улар ҳозирда “Ўзбекистон коррупцияга қарши кураш клуби”ни ташкил қилдилар ва айни пайтда “Munosabatuz.com” сайтини очишни режалаштирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG