Линклар

“Дадамизни тўла оқлаб беринг!”

  • Гулнора Равшан

Ўринбой Усмонов яқинлари ва дўстлари даврасида, 2011 йилнинг 15 июли

Ўринбой Усмонов яқинлари ва дўстлари даврасида, 2011 йилнинг 15 июли

Ўтган ҳафта ҳибсдан озод қилинган Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновнинг яқинлари Тожикистон президентига мурожаатнома билан чиқди.


- Турмуш ўртоғимни айбсиз айбдор қилиб юборишди. Энди болаларимнинг ҳаётидан ҳам доим хавфсираб яшайман мен. Чунки ҳаммасининг иши давлат иши билан боғлиқ. Шунинг учун президентимиздан Ўринбой акамни одиллик билан тўла оқлаб, келажакда ижод қилишларига, тинч яшашларига таъсир ўтказишларини сўраймиз ва умид қиламиз,- дейди Усмоновнинг рафиқаси Малоҳат Абдуазимова Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга мурожаатдан мақсадни шарҳлар экан.

Малоҳатхон опа турмуш ўртоғи озодликка чиқишига сабаб бўлган давлат раҳбаридан миннатдор эканини ҳам қўшимча қилди.

Эслатсак, Миллий хавфсизлик хизмати Би-би-си Жаҳон хизмати мухбири Ўринбой Усмоновни Ҳизб ут-Таҳрир экстремистик ташкилоти аъзоликда айблаб, 13 июн куни Хўжандда ҳибсга олган эди.

Ўринбой Усмоновнинг ён қўшниси Илҳомжон Тошматов маҳалла кўй журналистнинг айбсизлигига қаттиқ ишонганини айтади.

- Ўринбой аканинг Ҳизб ут-Таҳрир деган ташкилотга умуман алоқалари йўқ. Маҳалладагилар ҳам ҳайрон шу иш бўлганига, ҳамма ҳайрон бўлиб қолди. Биз ўйлаймизки, бу ерда албатта англашилмовчилик юз берган. Биз яна ишонамизки, жаноби олийлари Имомали Раҳмон Ўринбой акани албатта қўллаб-қувватлаб, оқлаб чиқариб юборади,- дейди Ўринбой Усмоновнинг ён қўшниси, 49 ёшли Илҳомжон Тошматов.

Стратегик тадқиқотлар марказ раиси Суҳроб Шарипов 14 июн куни оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашув чоғида “хориж матбуоти ходимининг асоссиз далиллар билан ҳибсда қолаётгани Тожикистоннинг халқаро ҳамжамият олдидаги обрўсига салбий таъсир қилаётгани”дан ташвиш билдирганди.

Шарипов жанобларининг ўша баёноти ортидан мамлакат Бош прокурори президент Имомали Раҳмон буйруғи асосида Ўринбой Усмоновни озод этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Гарчи бир ойлик тергов давомида Ўринбой Усмоновга нисбатан аввал эълон қилинган Ҳизб ут-Таҳрирга аъзолик айби ўз исботини топмаган бўлса-да, журналистга нисбатан тергов давом этмоқда.

Хавфсизлик масъуллари Ўринбой Усмоновини "ҳизбчилар" фаолияти тўғрисида давлат идораларига хабар бермаганликда айбламоқда.

Тожикистон Жиноят кодексининг 306- ва 307-моддалари билан айбланаётган Усмонов иши, тожик расмийларига кўра, Сўғд вилоят маҳкамасида кўриб чиқилади. Яъни, оддий тил билан айтганда, Би-би-си мухбири ўз манбаларини давлат идораларига ошкор қилмагани учун судланади.

Тожикистон шимолида катта аудиторияга эга бўлган “Вароруд” рўзномаси бош муҳаррири Бобожон Икромов Ўринбой Усмоновга нисбатан айблов “мантиқсиз ва жуда кулгили” эканини таъкидлайди.

- Бу ўта мантиқсиз бир айблов. Ахир биз журналистлар давлат идоралари учун ишламаймиз-ку. Бошқа томондан, агар журналист ўз манбасини давлатга сотаверса, унда кимга ва нимага таяниб хабар тайёрлайди. Қонунчилигимиз журналистнинг ўз манбасини ошкор қилмасликка ҳаққи бор, деб белгилаб қўйган-ку. Ўйлайманки, ҳуқуқ идоралари масъулларининг бундан яхши хабари бор. Лекин Усмонов ишидан кимлардир манфаатдор. Кимгадир янги лавозим ёки юқорироқ унвон зарур бўлиб қолган, - дея мулоҳаза билдиради “Вароруд” мустақил нашр масъули Бобожон Икромов.

Жаноб Икромов фикрича, Тожикистон ҳукумат масъуллари Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов ишида ҳар вақтдагидан ҳам ҳушёрроқ бўлиши ва тўғри хулоса чиқариши лозим. Акс ҳолда, Тожикистоннинг халқаро ҳамжамият олдидаги обрў-эътибори йўқолади.

Бироқ Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий ўз давлати обрў-эътибор ортидан қувиб қонунни оёқости қилмаслиги лозимлигини таъкидлайди.

- Тожикистон мустақил, дунёвий ва демократик давлат. Бу давлатда қонун амал қилади. Кимда ким қонунга зид иш қилса, у қайси миллат вакили, қаерда ишлаши ва ким бўлишидан қатъий назар, қонун олдида жавоб бериши шарт. Биз халқаро миқёсдаги обрўмизни ўйлаб, қонунимизни топтасак, бундан ҳам хунукроқ иш бўлади, - деди 18 июл кунги матбуот анжуманида Ўринбой Усмонов иши юзасидан журналистлар саволига жавоб берган ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий.
XS
SM
MD
LG