Линклар

Душанба куни жаҳон бозорида олтиннинг ҳар бир унцияси нархи рекорд даражадаги 1600 АҚШ доллари чегарасидан ошди. Жаҳон молиявий инқирози туфайли олтин кейинги уч йил ичида икки баробардан кўпроққа қимматлади. Ўзбекистон дуёнинг етакчи олтин ишлаб чиқарувчи давлатларидан бири экани ҳисобга олинса, шу кунларда давом этаётган Британиянинг Oxus Gold ширкатининг мамлакатдан ҳайдалиши билан боғлиқ жанжал ортидаги сабаблар ҳақидаги манзарани чизиб олса бўлади.


Олтин нархи одатда қоғоз пулга бўлган ишончнинг камайиши туфайли қимматлайди. 2008 йилда авж олган молиявий бўҳрон оқибатида дунё иқтисодининг икки асосий пул бирлиги – АҚШ доллари ва евро ўзининг путури кета бошлаган нуфузини тиклай олганича йўқ.

Олтин нархининг ўтган ҳафтадаги кўрсатгичдан қарийб 100 долларга қимматлашишига Америка давлат қарзи миқдори ва Европада давом этаётган иқтисодий муаммолар сабаб бўлгани айтилмоқда. Бу билан жорий йилда олтин 12 фоизга қимматлади. Бир унция, яъни 31,1 грамм олтиннинг шу кундаги нархи 1680 доллардан ошиқроқни ташкил қилмоқда.

Ўзбекистон жаҳондаги олтин ишлаб чиқарувчи давлатларнинг ўнлигига киради ва баъзи тахминларга кўра мамлакатдаги конлардан йилига 84 тонна ёки қарийб 3 миллион унция соф олтин қазиб олинади.

Жаҳон молиявий бўҳронидан аввал олтин нархи 750 АҚШ доллари атрофида бўлгани инобатга олинса, бугунги вазият Ўзбекистон учун анчайин фойдали эканини тахмин қилиш қийин эмас. Иқтисодичилар фикрича бугун Ўзбекистон ички ялпи махсулотининг салмоқли қисми ҳам нархи ошиб бораётган олтинга тўғри келади.

Бу вазият шунингдек Ўзбекистон ҳукумати кейинги ойларда олтин билан боғлиқ жанжалга аралашганини ҳам эслашни тақазо қилади. Бу жанжал Ўзбекистонда олтин қазиб олиш билан шуғулланиб келган Британиянинг Oxus Gold ширкати мамлакатдан ҳайдалиб, унинг мулки давлат ҳисобига мусодара қилингани билан боғлиқ.

Ўзбекистон ҳукумати билан тузган “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонаси фаолияти доирасида мамлакат иқтисодига ётқизган 400 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармояси таҳлика остида қолган Oxus Gold ширкати аввал расмий Тошкентни Халқаро арбитраж судига берди. Сўнгги чора ўлароқ, инглиз ширкати шу ой бошида бедодликдан шикоят қилиб, президент Ислом Каримовга очиқ хат йўллади.

Бу тортишувларда Oxus Gold манфаатларини ҳимоя қилаётган Amsterdam&Peroff адвокатлик фирмаси хўжайини Роберт Амстердам Озодлик билан суҳбатда, президент Каримовга йўлланган мактуб хусусида буларни айтди.

- Ҳамма нарса президент идорасидан туриб назорат этиладиган Ўзбекистондаги каби шароитда, Каримов идорасининг халқаро сармоядор билан боғлиқ бу жанжалдан хабардор эканини бир-икки эмас, балки уч марталаб тасдиқлатиб олиш жуда зарурдир. Зотан бу хориж сармояси билан боғлиқ йирик халқаро жанжалларнинг навбатдагиси ва бу жанжалда Ўзбекистон обрў-эътибори қартага тикилган.

Oxus Gold ширкати бедодликлардан шикоят қилиб, презиент Кримовга очиқ хат йўллашгача борди.
Менинг мижозим миллионлаб доллар сармоя ëтқизиб, юзлаб ўзбекистонликларни иш билан таъминлаб келган йирик ва жиддий сармоядор ва унга нисбатан Ўзбекистонда ҳар қандай қонунларга зид тарзда муомала қилинмоқда. Ўзбекистон давлат тизимларининг ўзига нисбатан қилаëтган ҳақсизлиги оқибатида Oxus Gold оз эмас, кўп эмас 400 миллион АҚШ долларига куйиб ўтирибди. Бу мактубдан сўнг Ўзбекистон президенти идораси халқаро судда “бу жанжалдан хабаримиз йўқ”, дея олмайди, дея таъкидлади Oxus Gold ширкати адвокати Роберт Амстердам.

Мамлакат иқтисодига 400 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя қилган Oxus Gold ширкати мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг йирик хорижий сармоядор ҳамдир.

Британия ширкати жиғибийрон бўлаётганига нафақт 400 миллион долларлик сармоя, балки Ўзбекистоннинг Марказий Қизилқумдаги конларини ўзлаштириш учун сарфланган 10 йил ҳамда йўлга қўйилган инфратузилма ва ўрнатилган ускуналар ҳам ҳисса қўшмоқда.

Акциялари Лондондаги қимматбаҳо биржасида айланадиган бу ширкат Ўзбекистонда 10 йилдан ошиқ конларни ўзлаштириш ва олтин қазиб олиш билан шуғулланиб келган. Бундан ташқари Ўзбекистон ҳукумати 2006 йилда “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонаси бўйича инглиз ҳамкорини солиқдан бўйин товлаганлик айби билан судга берган эди.

Зеромакс билан мажбурий шерикчиликка борган Oxus Gold Глунроа Каримовга тегишли экани айтилган ширкат ёпилгач қийин аҳволда қолди.
Ўшанда Oxus Gold мамлакатда қолиш учун президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнорага тегишли экани айтилган собиқ Зеромакс ширкатига 16 фоиз акцияларни хатлаб беришга мажбур бўлган эди.

Орадан беш йил ўтиб, ширкат бутунлай мамлакатдан чиқариб юборилди.

2010 йилда Oxus Gold Марказий Қизилқумдаги конларни ўзлаштириш бўйича амалга оширган лойиҳалар туфайли Ўзбекистонда қазиб олинадиган олтиннинг умумий миқдори ҳозирги 3 миллион унциядан 7 миллион унцияга, яъни қарийб 220 тоннага ошиши кутилаётган эди.

Бу амалга ошса, Ўзбекистон олтин қазиб олувчи давлатлар рўйхатининг 10-поғонасидан иккинчи ёки учинчи ўринга кўтарилиши мумкин.

Қимматбаҳо қоғозлар жаҳон бозорида вазият таҳликали бўлиб қолаётгани боис, 1600 АҚШ доллари қимматбаҳо металл учун ҳозирча абсолют марра эмаслигини ҳам тахмин қилиш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG